Жаҳон | 13:06 / 16.04.2025
4072
2 дақиқада ўқилади

Украина Бош штаби: Сумига зарба берган бригадага ҳужум қилинди

Курск вилоятида Россия қуролли кучлари 448-ракета бригадасининг доимий жойлаштириш пункти зарбага учради, деб хабар берди Украина қуролли кучлари Бош штаби. Унга кўра, айнан шу бригада 13 апрел куни Сумига ракета ҳужумини уюштирган.

Фото: Украина Фавқулодда вазиятлар бўйича давлат хизмати

Украина қуролли кучлари 13 апрел куни Украина қўмондонлигига кўра, Суми шаҳрини ўққа тутишда иштирок этган Россия қуролли кучларининг 448-ракета бригадасининг Курск вилоятидаги доимий жойлаштириш пунктига ҳужум қилди. Бу ҳақда 15 апрел, сешанба куни Украина қуролли кучлари Бош штаби маълум қилди.

Бош штаб баёнотига кўра, Сумига зарба билан боғлиқ Курск вилоятидаги «бир қатор объектлар» ҳужумга учраган. 448-бригадага зарба берилганда, «ўқ-дориларнинг иккиламчи портлаши» содир бўлди. «Зарба натижаларига аниқлик киритилмоқда», — деб ёзади Бош штаб. Россия Мудофаа вазирлиги бу маълумотга изоҳ бермади.

Аввалроқ Россия ҳарбий департаменти кеча тунда Курск вилояти осмонида 109 та дрон уриб туширилгани ҳақида хабар берган эди. Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, УУА ҳужуми оқибатида бир киши ҳалок бўлган, тўққиз киши яраланган. Бундан ташқари, 24 та кўп қаватли уй ва ўнлаб автомобилларга зарар етган.

13 апрел куни эрталаб Россия ҳарбий кучлари Суми шаҳри марказига иккита «Искандер-М» баллистик ракетаси билан зарба берди. Натижада 35 киши, жумладан, икки бола ҳалок бўлди. 129 киши жабрланган, улардан 17 нафари болалар. Россия Мудофаа вазирлиги Суми марказига берилган зарбани тасдиқлаб, нишон гўёки «Северск» оператив-тактик гуруҳи қўмондонлик штабининг йиғилиши бўлганини маълум қилди.

Мавзуга оид