Иқтисодиёт | 04:32
7513
9 дақиқада ўқилади

Тошкентда пулли автотураргоҳлар учун максимал тариф маълум қилинди

Пойтахт бўйлаб 200 мингдан ортиқ автомобилга мўлжалланган пулли автотураргоҳлар ташкил этилиши режа қилинган. Уларда бир соатлик паркинг нархи тариф зонасига қараб 5 минг сўмдан 12 минг сўмгача бўлади, шу билан бирга, максимал тариф 30 минг сўмгача етиши мумкин. Иқтисодчи Отабек Бакиров бу суммани “янги монополия товони” деб атади.

Фото: vilnius.lt

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ташкил этилаётган йўлбўйи автотураргоҳлар учун максимал тарифни соатига 30 минг сўм деб белгилади. Бу ҳақда “Тошкент инвест” вакили маълум қилди.

Пойтахт ҳокимининг ўтган йили 16 октябрдаги қарорига асосан, пулли тўхтаб туриш жойларидан фойдаланиш тўлови тариф зонасига қараб (шаҳар марказида энг қиммат) 5 минг сўмдан 12 минг сўмгача деб тасдиқланган эди. Шу билан бирга, “Йўл ҳаракати тўғрисида”ги қонуннинг 25-моддасида, пулли тўхтаб туриш жойларидаги тўлов миқдорини жой эгалари мустақил белгилаши кўрсатилган; бунда, ушбу нарх ҳудудий ҳокимликлар томонидан (Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишган ҳолда) белгиланадиган максимал тарифдан юқори бўлмаслиги керак.

Spot'нинг хабар беришича, 12 март куни шаҳар ҳокимлигида бўлиб ўтган учрашувда ушбу максимал тариф миқдори очиқланган.

“Тошкент Инвест Компанияси” АЖ раисининг биринчи ўринбосари Александр Гурконинг сўзларига кўра, ҳозирда Тошкентда ташкил этилаётган пулли автотураргоҳлар тўртта тариф зонасига ажратилган: соатига 5, 8, 10 ва 12 минг сўмдан. Бунда, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишган ҳолда, максимал тариф 30 минг сўм деб белгиланган.

Александр Гуркога кўра, пойтахт бўйлаб 200 мингдан ортиқ автомобилга мўлжалланган пулли тўхташ жойларини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Биринчи босқичда шаҳарнинг 86 та нуқтасида 13-14 мингта ўринга эга йўлбўйи автотураргоҳлар фойдаланишга топширилади. Уларнинг дастлабкилари жорий март ойи охиригача тест режимида, эҳтимол Миробод ва Яккасарой туманларидаги бир нечта кўчада ишга туширилади. Июл ойидан бошлаб эса пулли паркингни шаҳар бўйлаб кенг кўламда жорий этиш кўзда тутилган.

“Тошкент Инвест” расмийсининг айтишича, Тошкент шаҳрида пулли автотураргоҳлар ташкил этиш ва улар учун ягона ахборот тизимини яратиш бўйича тендерларда ғолиб деб топилган Streetpark Systems компанияси айни пайтда мобил илова ишлаб чиқиш устида ишламоқда. Бу илова орқали ҳайдовчилар пойтахтдаги автотураргоҳлар учун тўлов қилишлари мумкин бўлади.

Расмийлар пулли автотураргоҳларни ташкил этиш натижасида тирбандликлар камайиши ва ҳаракат тезлиги ошишини кутмоқда. Масалан, Саид Барака кўчасида 250 та ўринга эга паркинг очилиши тирбандликни 18 фоизга камайтириши, ўртача ҳаракатланиш тезлигини эса 14 фоизга (соатига 37 дан 42 км/соатгача) ошириши прогноз қилиняпти.

Автотураргоҳ учун тўлов қилиниши видеокузатув камералари орқали назорат қилинади. Тўлов қилинмагани учун маъмурий жавобгарлик 2026 йилдан бошлаб жорий этилиши мумкин.

Бундан ташқари, Александр Гурко Тошкентда кўп қаватли автотураргоҳлар ташкил этиш учун жойлар ўрганиб чиқилганини айтди. Бундай иншоотлар одамлар кўп йиғиладиган жойларда, хусусан бозорларда қурилади.

Шунингдек, “ушлаб қолувчи” (park-and-ride) автотураргоҳлар қуриш имконияти ҳам ўрганилмоқда. Бундай паркинг жойлари аҳоли уй-жойлари энг кўп жойлашган туманлардан шаҳар марказига олиб борувчи йўллар яқинида жойлашади ва ҳайдовчиларга автомобилини шу ерда қолдириб, жамоат транспортига чиқиб кетиш имконини беради. Булар борасидаги ўрганиш ишлари 3 ойдан кейин якунланиб, натижалар тақдим этилиши режа қилинган.

Барчаси – битта компанияга

Йўлбўйи пулли автотураргоҳ ташкил этиладиган пойтахт марказидаги кўчалар / Фото: E-auksion

Тошкент шаҳрида кўчалар бўйида паркомат билан жиҳозланган пулли автотураргоҳлар ташкил этилиши ҳақида 2018 йилдан буён айтиб келинади.

2023 йил январида пойтахт ҳокимлиги шаҳарнинг 10 та марказий кўчасида пулли автотураргоҳлар ташкил этиш ҳуқуқини тендерсиз “Kasy Park” МЧЖга топширди. Лекин лойиҳа амалга ошмади. Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Kun.uz билан суҳбатда бундай ҳуқуқ “тўғридан тўғри битта ташкилотга берилмасдан, тендер асосида тарқатилиши”ни айтди. “Талабгорлар жуда кўп”, деганди у.

2024 йил ноябрда ҳокимлик шаҳарнинг 86 та нуқтасида йўлбўйи автотураргоҳлар ташкил этиш ҳуқуқини аукционга қўйди. 25 ноябр кунги аукцион иккита аризачи иштирокида, 2 соат-у 10 дақиқа давом этди, унда даъвогарлар 22 марта нарх таклифини илгари сурди. Якунда “Balcomuz” МЧЖ бошланғич нархдан қарийб 2 баробар юқори – йилига 120,15 млрд сўм тўлаш таклифи билан, аукцион ғолиби деб топилди. Захира ғолиби эълон қилинмади.

Кўп ўтмай, Balcomuz билан шартнома тузилмагани ойдинлашди. 17 декабр куни такрорий ўтказилган аукцион рақобат жиҳатдан биринчисига қараганда мутлақо фарқли бўлди: 20 дақиқа давом этган савдо атиги иккита қадамдан иборат бўлди. Натижада бошланғич нархдан роппа-роса 10 фоиз юқори – 62,9 млрд сўм таклиф қилган “Streetpark Systems” МЧЖ ғолиб деб топилди. Бу нарх, биринчи акционда Balcomuz берган нархдан қарийб 2 баробарга кам эди. Иккинчи аукционда ҳам захира ғолиби эълон қилинмади.

Якуний ғолиб Streetpark Systems биринчи аукционда иштирок этгани ёки йўқлиги маълум эмас. Эътиборлиси, бу компания таъсисчилари қаторида номи юқорида тилга олинган Kasy Park ҳам бор.

Декабр ойида, шунингдек, Тошкентдаги автотураргоҳларининг ягона ахборот тизимини ишлаб чиқиш бўйича тендер ҳам ўтказилди ва унда ҳам Streetpark Systems ғолиб деб топилди. 8,2 млрд сўм бошланғич нарх билан бошланган, камайиб бориш тартибидаги савдода иккита иштирокчи қатнашди: “Интермобилити” (Россия) 7,15 млрд сўм, Streetpark Systems 6,78 млрд сўм таклиф қилди. Натижада, ахборот тизимини ишлаб чиқиш учун арзонроқ нарх таклиф қилган Streetpark Systems билан ҚҚСни ҳам ҳисобга олиб 7,59 млрд сўмлик шартнома тузилди.

Иқтисодчи: “Йўқ жойдан парковка монополисти ясалди”

2022 йилда тақдим этилган лойиҳа / Фото: Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси

Иқтисодчи Отабек Бакиров мазкур жараёнда “йўқ жойдан парковка монополисти ясалди” деб ҳисоблайди. Унинг сўзларига кўра, шаҳар кўчалари бўйлаб ташкил этиладиган 86 та янги автотураргоҳнинг барчаси битта лотда аукционга қўйилгани, рақобат нуқтайи назаридан, хато қарор бўлган.

“Бу якка лотни ўнлаб лотларга ажратиш ва талабгорларни кўпайтириш ҳисобига, ҳуқуқларни 120 млрд сўм эмас, балки 500 млрд сўмга сотиш мумкин бўларди. Бозорда ўзаро рақобатлашувчи бир неча компаниялар шаклланарди, давлат ютарди, истеъмолчи ютарди”, – дея ёзди у биринчи аукциондан кейин.

Бакиров кейинроқ автотураргоҳлар операторига тегишли ахборот тизимини ишлаб чиқиш топширилганини ҳам танқид остига олди. “Мазкур қадам пулли парковка ташкил этиш тизимига бошқа бегона рақобатчи кирмаслигини таъминлайди”, деди у.

Иқтисодчи юқоридаги ҳолатлар бўйича Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Рақобат қўмитаси, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги каби идораларни бефарқ қарамасликка чақирмоқда. У 30 минг сўмлик максимал нархни “янги монополия товони” деб атади.

Расмийлар нима дейди?

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати Kun.uz'га берган изоҳида қонунчилик бузилмаганини билдирди. Ҳокимлик аукционларда захира ғолиблари эълон қилинмагани ҳақидаги саволга Давлат активларини бошқариш агентлиги жавоб беришини маълум қилди.

Давактив бу борада расмий хат билан чиқилмаса, бундай ахборот берилмаслигини билдирди.

Рақобат қўмитасига кўра, аукцион иштирокчиларидан ушбу ҳолат бўйича рақобат қонунчилиги бузилганига оид шикоят келиб тушмагани сабаб вазият ўрганилишига асос бор деб ҳисобланилмаган.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги суриштирув ишлари кетаётгани ва қўшимча маълумот берилишини маълум қилди.

Streetpark Systems ҳақида

“Streetpark Systems” МЧЖ 2024 йил 13 ноябрда давлат рўйхатидан ўтказилган. Бу санадан бир неча кун олдин пулли автотураргоҳлар бўйича аукцион бўлиб ўтиши эълон қилинган эди (Google маълумотига кўра, лот ҳақидаги ахборот e-auksion порталига 4 ноябрда жойланган).

Компаниянинг 75 фоиз улушдори – Ёқубов Қудратбек Дилшодович (Leader Great Trade, Aziz Export 777, Prime Avto Consulting компанияларида ҳам улушларга эга). Яна икки таъсисчи – iCell Mobilsoft Zrt (Венгрия) ва “Kasy Park” МЧЖ 12,5 фоиздан улушга эга. Компания раҳбари сифатида Юсупов Акмал Баҳодир ўғли кўрсатилган. Устав фонди – 1 млрд сўм.

Kasy Park 2018 йил 7 мартда рўйхатдан ўтказилган. Таъсисчилари – Фозилов Миродил Ниғматжон ўғли (55 фоиз, у шунингдек Benchmark Distritubion ва Adminvest'да ҳам улушларга эга, муқаддам Oazis Lux Investments ва ADM Invest таъсисчилари қаторида бўлган), “Oldfold” МЧЖ (40 фоиз) ва Ниғманова Гулнора Акрамовна (5 фоиз). Раҳбар сифатида Султонхўжаев Сарвар Анвар ўғли кўрсатилган. Устав фонди – 10 млн сўм.

Мавзуга оид