Жамият | 12:23
2647
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда ўқувчи қизга шилқимлик қилган ўқитувчи 5 суткага қамалди

36 ёшли ўқитувчи 10-синф қизни синф хонасига қамаб, эшикни ичкаридан қулфлаган ҳолда уни қучоқламоқчи бўлган. 

Сергели туманидаги мактаблардан бирининг ўқитувчиси ўқувчига шилқимлик қилди. Суд қарори билан унга маъмурий қамоқ жазоси қўлланди.

Kun.uz ўрганган суд қарорида келтирилишича, 1989 йилда туғилган Э.П. Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги мактаблардан бирида ўқитувчи бўлиб ишлайди. У 2025 йил 4 март куни мактабнинг 10-синф ўқувчисини ҳуқуқ фанидан турли баҳоналар қилиб, хонасига чақириб олган. Ўқувчи қиз келгач, синф хонасининг эшигини ичкари томондан қулфлаб, унга шилқимлик қилган.

Ўқитувчи суд мажлисида ҳақиқатдан ўқувчини хонага чақириб, эшикни қулфлаган ҳолда унга шаҳвоний шилқимлик қилмоқчи бўлганлигини тан олган ҳамда бундай ҳолат бошқа қайтарилмаслигини билдирган. 

Суд мажлисида сўроқ қилинган ўқувчи қиз эса бўлган воқеани айтиб, ўқитувчига нисбатан қонуний чора кўришни сўраган. 

Суд Э.П. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41−1-моддаси 1-қисмида назарда тутилган (шаҳвоний шилқимлик) ҳуқуқбузарликни содир қилган деб топган. Унга нисбатан 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Олдинроқ Жиззах вилоятининг Фориш туманида ҳам 64 ёшли жисмоний тарбия ўқитувчиси дарсда ўқувчининг якка ўзини олиб қолиб, юзидан ушлаган ҳолда унга шаҳвоний шилқимлик қилганди.

Мавзуга оид