Жаҳон | 18:16 / 12.03.2025
2233
2 дақиқада ўқилади

WSJ: Хитой ҳарбий потенциалини ошириш учун океан тубини фаол ўрганмоқда

Денгиз оқимлари ва сув зичлиги тўғрисидаги маълумотлар сувости кемаларининг овоз чиқармай ҳаракатланишини таъминлаши мумкин.

Фото: Getty Images

Хитой ўзининг ҳудудий сувларидан ташқаридаги океан тубларини ўрганишни сезиларли даражада фаоллаштирди. Бу ҳақда эксперт ва олимлар ўртасида ўтказилган сўров натижасига таяниб, The Wall Street Journal (WSJ) хабар берди.

Хитойга тегишли кемалар Таиланд, Индонезия, Малайзия, Шри-Ланка ва Ҳиндистон соҳиллари яқинларида пайқалган.

Маълум қилинишича, ХХР фуқаролик кемалари океан тубининг релефи, оқим кучи ва йўналиши, сув юзасидаги ҳарорат ва зичлик, шунингдек, микроэлементлар таркибини ўрганмоқда. Айрим экспертларнинг ҳисоблашича, шу орқали хитойликлар океандаги фойдали қазилмалар истиқболини аниқлашга уринмоқда, бошқалар эса ушбу маълумотлар ҳарбий ёки разведка мақсадларида фойдаланилиши мумкинлигидан хавотирда.

«Агар ушбу маълумотлар Хитой ҳарбийлари учун фойдали бўлса, улар бундан фойдаланиш имкониятини қўлга киритади. У ерда ҳеч қандай чеклов йўқ», — дейди Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази катта илмий ходими Мэтю Фунайоле.

Бундан ташқари, денгиз оқимлари ва сув зичлиги тўғрисидаги маълумотлар сувости кемаларининг максимал даражада овозсиз ҳаракатланиши учун тегишли маршрутларни аниқлашда ёрдам бериши мумкин.

«Океаннинг турли қисмларида товуш турлича тарқалади. Агар сиз сув тубидаги контурларни тушунсангиз, бу муҳим маълумотга айланиши мумкин», — дейди Йел университети катта илмий ходими Питер Даттон.

Мавзуга оид