Ўзбекистон | 10:54
8284
2 дақиқада ўқилади

Одилжон Абдуқаҳҳоров «Ўзбекконцерт» раҳбарлигига қайтди

Абдуқаҳҳоров 2017–2020 йилларда ҳам мазкур муассасага раҳбарлик қилган. У ишдан кетганидан кейинги тўрт ярим йил ичида ташкилотда беш марта раҳбар ўзгарганди.

Фото: Маданият вазирлиги

Одилжон Абдуқаҳҳоров «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси директори этиб тайинланди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Тайинлов ҳақида расман хабар берилмаган, бу ҳақда маданият вазири Озодбек Назарбековнинг ижро интизомига оид ўтказган йиғилиши ҳақидаги пресс-релиздан маълум бўлган.

Абдуқаҳҳоров 2017–2020 йилларда ҳам «Ўзбекконцерт»га раҳбарлик қилган. Ҳозирга қадар Маданият вазирлиги ҳузуридаги халқаро фестиваллар дирекцияси раҳбари эди. Энди унинг ўрнига актёр Фотиҳ Жалолов тайинланган.

Абдуқаҳҳоров раҳбарликдан кетганидан кейинги тўрт ярим йил ичида «Ўзбекконцерт»да бир неча бор раҳбар ўзгарди. 2020 йил ёзида унинг ўрнига Алишер Жамолиддинов вақтинча раҳбар бўлганди, ўша йил ноябрида Анваржон Тожибоев «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси директори вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланган. 2021 йил майида  Жамолиддин Узоқов ташкилотнинг янги раҳбарига айланади. Бир йил ўтиб, 2022 йил майида Даврон Шералиев мазкур давлат муассасаси директори лавозимига тайинланди. 2023 йил октябрида эса Санжар Эрданов «Ўзбекконцерт» директори вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланганди. У қачон ва нега ишдан олингани маълум эмас.

Мавзуга оид