Жаҳон | 11:41 / 12.03.2025
5348
3 дақиқада ўқилади

Днипро дронларнинг йирик ҳужумига учради

Днипрода дрон ҳужуми натижасида 10 та хусусий уй, мактаб ва болалар боғчаси зарар кўрган. Қурбонлар ва жароҳатланганлар йўқ, деди ОҲМ раҳбари Сергей Лисак.

Фото: Telegram / dnipropetrovskaODA

Днипро шаҳрида 11 март, сешанба куни кечқурун россияликларнинг УУА ёрдамида уюштирилган йирик ҳужуми натижасида 10 та хусусий уй зарар кўрди. Бундан ташқари, болалар боғчаси ва мактабнинг ойналари синган. Бу ҳақда Днипропетровск области ҳарбий маъмурияти (ОҲМ) раҳбари Сергей Лисак Telegramʼда маълум қилди.

«Днипрога душман учувчисиз учоқларининг ҳужуми натижасида бир нечта ёнғин содир бўлди. Улардан бири гаражда бўлган. Енгил автомобил ёниб кетган. Икки қаватли хусусий уй қисман вайрон бўлган. Инфратузилма объектларида ҳам ёнғинлар содир бўлмоқда», — деди ОҲМ раҳбари.

Нашр вақтида ушбу ҳужум натижасида қурбонлар ёки жароҳатланганлар ҳақида маълумот йўқ. Лисакнинг сўзларига кўра, Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан минтақада 20 та дрондан 12 таси уриб туширилган.

11 март куни кечқурун Украина пойтахтида ҳам ҳаво ҳужуми ҳақида сигнал эълон қилинди. Киев мэри Виталий Кличко Telegramʼда ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари шаҳарда ишлаётгани ҳақида ёзди ва аҳолини бошпаналарда қолишга чақирди. Ушбу ҳужум оқибатлари ҳақида хабар берилмаган.

Украина Россияга дронлар билан ҳужум қилди: Москвага 65 тадан ортиқ дрон учирилди

Украина учувчисиз учоқлари 11 мартга ўтар кечаси Россия Федерациясининг бир қанча ҳудудларига йирик ҳужум уюштирди.

Москвада ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари 69 та дронни уриб туширди, дрон қолдиқлари Домодедовская кўчасидаги бино томига кичик зарар етказди, деди Россия пойтахти мэри Сергей Собянин. Mash Telegram-канали хабарига кўра, бинонинг юқори қаватлари шикастланган — зарба тўлқини бир нечта деразаларни синдириб ташлаган. Шунингдек, дронларнинг Москва яқинидаги Видное ва Раменскоедаги турар жой биноларига урилгани ҳақида хабарлар бор. Тахминларга кўра, ҳужум "Лютый" типидаги учувчисиз учоқ томонидан амалга оширилган, деб ёзади Mash.

Москва области губернатори Андрей Воробев уч кишининг ўлими ҳақида маълум қилди. «Коломна, Зарайск, Серебрянние Пруди, Серпухов, Раменское, Воскресенск, Луховици, Бронници, Домодедово, Ленинское, Подолск, Электростал ва Котелникидан учувчисиз учоқлар ҳақида хабарлар келиб тушди», — деди Воробев.

УУА бўлаклари Домодедово темирйўл станцияси ҳудудига тушиб, йўлнинг бир қисмига зарар етказди. Домодедово раҳбари Евгения Хрусталева Домодедово вокзалидан Москва ва минтақа томон поездлар ҳаракати тўхтатилганини маълум қилди.

«Ковер» режаси Внуково, Жуковский ва Домодедово аэропортларида жорий этилди. Кейинроқ Росавиация Нижний Новгороддаги Стригино аэропортида чекловлар киритилгани ҳақида хабар берди. Липецк, Брянск ва Белгород областларида ҳам ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг ишлаши қайд этилган.

Мавзуга оид