Жаҳон | 14:06 / 11.03.2025
3961
3 дақиқада ўқилади

Британия разведкаси: Россия Курск областида босимни оширяпти

Буюк Британия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Россия қўшинлари асосий ҳужумларини Курск областида жамлаган. Фронтнинг бошқа ҳудудларида Украина қуролли кучлари қарши ҳужумга ўтиш имкониятига эга бўлди.

Россия қўшинлари ҳужумнинг асосий йўналишини Курск областига қаратди, бу эса Украина қуролли кучлари учун фронтнинг бошқа ҳудудларида қарши ҳужумга ўтиш учун янги имкониятлар очди. Бу ҳақда Буюк Британия Мудофаа вазирлиги 10 март, душанба куни X  ижтимоий тармоғида чоп этилган кундалик разведка шарҳида маълум қилди.

Британия ҳарбий разведкаси маълумотларига кўра, рус қўшинлари Курск областида Украина қўшинларига босимни кучайтириб, уч йўналишдан – ғарб, шимол ва шарқдан ҳужум қилмоқда. Шу билан бирга, Украина қўшинлари тахминан 300 квадрат километр майдонни назорат қилаётган бўлиши мумкин. 

Фронтнинг бошқа ҳудудларида Россия ҳужум ҳаракатларининг интенсивлиги 2024 йил охири ва 2025 йил бошига нисбатан камайди, дейилади шарҳда. Бу Украина қуролли кучларига, хусусан, Россиянинг асосий бўлинмалари тўпланган Донецк области Покровск районида қарши ҳужумларни кучайтиришга имкон берди. Хабар қилинишича, Украина қўшинлари Песчане, Удачне, Шевченко яқинида ҳамда Т-0506 логистика магистралининг жанубида муваффақиятли қарши ҳужумга ўтган.

«Украинанинг қарши ҳужум қилиш қобилияти Россия томонидан ўтказилаётган қуруқликдаги ҳужум операциялари сонининг қисқариши ҳисобига яхшиланди. Покровск ўқидаги Россия таъминот линиялари ҳам Украина учувчисиз учиш тизимларининг ҳужумлари туфайли заифлашди», — деб ёзади Буюк Британия МВ.

Россия Украина кучлари Курскдаги қатор қишлоқлардан чиқариб юборилганини эълон қилди

Россия Мудофаа вазирлиги кеча кечқурун Курск областидаги Малая Локня, Черкасское Поречное ва Косица қишлоқлари озод қилингани ҳақида хабар берди. Бундан ташқари, интернетда Мартиновка қишлоғидаги россиялик ҳарбийларнинг видеолари пайдо бўлди. Россия ҳарбий департаменти ушбу аҳоли пункти озод қилинганини ҳали расман эълон қилмаган, аммо бу маълумотни 9 март куни Украина Мудофаа вазирлигига яқин бўлган DeepState OSINT лойиҳаси тасдиқлаган.

Сўнгги икки кун ичида Россия Мудофаа вазирлиги, шунингдек, рус қўшинлари Курскнинг Лебедевка, Викторовка, Николаевка ва Старая Сорочина қишлоқлари ҳамда Украинанинг Суми областидаги Новенкое қишлоғини назоратга олгани ҳақида хабар берди.

Россия қўшинлари Суми областидаги Украина давлат чегараси ҳудудида мустаҳкам ўрнашиб олишга ҳаракат қилмоқда, деди Украина Давлат чегара хизмати матбуот котиби Андрей Демченко 10 март куни миллий телемарафон чоғида эфирда. «Душман аллақачон Украина ҳудудида шундай тажовузкор ҳарбий ҳаракатлар зонасини яратишга ҳаракат қилмоқда, у ерда ўз ўрнини эгаллашга ҳаракат қилмоқда. Булар бир неча кишидан иборат кичик ҳужум гуруҳлари. Улар аста-секин тўпланиб, кейинчалик чуқурроқ кириб бориш учун бизнинг ҳудудимизга киришга ҳаракат қилмоқда», деди у.

Демченконинг сўзларига кўра, Россия Федерацияси Новенкий районида ҳужум қилиш орқали Курск областида операция ўтказаётган Украина қуролли кучларини таъминловчи логистика йўлларини тўсиб қўймоқчи.

Мавзуга оид