Жаҳон | 12:50 / 06.03.2025
3741
7 дақиқада ўқилади

Исроил армиясига янги қўмондон тайинлади ва Ғарбий соҳилдаги амалиётларни фаоллаштирди

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу генерал-лейтенант Эял Замирни мамлакат мудофаа армиясининг янги қўмондони этиб тайинлади ва Ғазода Ҳамас устидан ғалаба қозонишга қатъий қарор қилганини маълум қилди.

«Сизнинг зиммангизга жуда катта масъулият тушмоқда, уруш якунлари кўплаб авлодлар учун аҳамиятга эга бўлади, биз ғалабага эришишга қатъий қарор қилдик», – деди Нетаняҳу Замирга қуролли кучлар штаб-квартирасидаги инаугурация маросимида.

Мудофаа вазирлигида ўтказилган маросимда Замир генерал-майор унвонини олган. Янги қўмондон ҳали Ҳамас устидан ғалабага эришилмаганини қайд этиб, гаровдаги исроилликларни озод этиш устида иш олиб боришга ваъда берди. У 2025 йил фаол ҳарбий ҳаракатлар йили бўлишини айтиб ўтган.

Замир Бош штаб бошлиғи лавозимида генерал-лейтенант Ҳерци Ҳалевининг ўрнини эгаллади – у Ҳамаснинг 2023 йил 7 октябрдаги ҳужумини қайтара олмагани туфайли истеъфога чиққанди. Ҳалевининг истеъфоси ҳақида 2025 йил январ ойи охирларида маълум бўлганди. У ўз баёнотида муваффақиятсизлик учун жавобгарликни зиммасига олиб, армиядан кетишини таъкидлаган эди. Ҳалевининг ортидан ЦАҲАЛ Жанубий қўмондонлиги бошлиғи генерал-майор Ярон Финкелман ҳам истеъфога чиқишини эълон қилган.

Ғарбий соҳилдаги амалиёт

Исроил Иордан дарёсининг ғарбий соҳилидаги қочқинлар лагерларида операцияларни кенгайтирди.

Ғарбий соҳилдаги Хевронда Исроил ҳарбийлари 2024 йил октябр ойида исроилликларга ҳужум қилишда айбланган фаластинликнинг уйини портлатмоқда. Фото: Getty Images

Январ ойи охирида бошланган «Темир девор» амалиёти Исроилнинг Ғарбий соҳилдаги сўнгги йигирма йилликдаги энг йирик операцияси ҳисобланади.

Исроил ҳарбийлари сешанба куни ишғол остидаги Ғарбий соҳилда Женин шаҳрида ўтказилган рейд чоғида Ҳамаснинг маҳаллий гуруҳи раҳбари Айсар ал-Саъдий ўлдирилганини маълум қилди.

Исроил қўшинлари шу пайтгача фаластинликларга асосан шимолдаги «Женин», «Тулкарим», «Нур-Шамс» ва «Фаръа» қочқинлар лагерларида зарбалар берган. Якшанба куни ЦАХАЛ Женинга танк взводи ташлангани ва операциялар қўшни Кабатия шаҳригача кенгайтирилганини маълум қилди.

Икки кун аввал Исроил қўшинлари оккупация остидаги Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилида жойлашган «Нур-Шамс» қочқинлар лагеридаги уйларни вайрон қилиб, бу ердан ўтган кенг йўлни тозалаганди.

Ғарбий соҳилдаги «Нур-Шамс» қочқинлар лагерида Исроил ҳарбий операцияси давом этмоқда. Фото: Getty Images

Бир неча ҳафтадан бери давом этаётган амалиёт давомида Ғарбий соҳил шимолидаги баъзи энг йирик қочқинлар лагерлари деярли бўшаб қолди. Баъзи фаластинликлар бу амалиётни келажакда қочқинлар лагерларини янада кенг кўламда тозалаш учун синов босқичи сифатида кўришмоқда.

Тулкарим шаҳридан ташқарида жойлашган «Нур-Шамс» аслида Исроил давлати пайдо бўлиши билан 1948 йилги уруш пайтида ўз уйларини ташлаб кетган ёки қувғин қилинган фаластинликларнинг авлодлари яшайдиган қишлоқдир. Ўз вақтида тахминан 13 минг киши яшаган бу жойда ҳозир деярли аҳоли қолмаган.

Аввалроқ исроилликлар Женин ва Тулкаримнинг ўзидаги лагерларни тозалаганди.

Фаластинлик шифокорлар маълумотларига кўра, Тулкаримдаги амалиёт давомида камида 12 киши ҳалок бўлган, улар орасида қуролланган жангчилар ҳам, тинч аҳоли вакиллари ҳам бор.

Маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, лагер ҳудудида ҳарбий техникалар учун қулай шароит яратиш мақсадида кенг йўл тозаланган.

«Лагерда 3 мингга яқин одам яшаётганди ва бугунги кунда уларнинг барчаси кетган, — деди „Нур-Шамс“ лагерига хизмат кўрсатиш қўмитаси раҳбари Ниҳад аш-Шавиш. — Чекка жойларда ҳали одамлар бор, лекин лагерда ҳеч ким қолмаган».

Исроил томонидагилар қочқинлар лагерларидаги операциялар Ғарбий соҳил шимолидаги лагерларда жойлашган Ҳамас ва «Ислом жиҳоди» каби Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган гуруҳларга мансуб бўлган жангариларни йўқ қилиш учун зарурлигини таъкидламоқда.

Исроил ҳарбийлари сўнгги ҳафталарда Ғарбий соҳил шимолида юзлаб кишилар ҳибсга олингани, 120 та қурол мусодара қилингани ва юзлаб портловчи қурилмалар йўқ қилинганини айтишди.

Ўтган ҳафтада исроиллик ҳарбийлар билан бирга Жениндаги лагерга ташриф буюрган Financial Times нашри 15 мингдан ортиқ одам лагерни тарк этганини тасдиқлади. Исроилликларнинг ҳисоб-китобларига кўра, лагерда атиги 1000 га яқин одам қолган, лагернинг катта қисми — асосий йўллар, мактаблар, масжидлар ва камида йигирмата бино ҳарбий ҳаракатлар натижасида вайрон бўлган.

Исроил ҳарбийларига кўра, Жениндаги Ҳамас, «Ислом жиҳоди» ва бошқа гуруҳлар аъзоларини бирлаштирган маҳаллий бригада уларнинг нишони бўлган.

Исроил ҳарбийлари фаластинликларни кўчириш ниятида эмаслигини таъкидлади.

Аммо Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац аввалроқ ҳарбийларга ўз яшаш жойини тарк этганлар уйига қайтишига йўл қўймасликни буюрганини айтган эди. Вазирнинг сўзларига кўра, ЦАХАЛ эгаллаб олинган ҳудудларда камида бир неча ой қолишни режалаштирмоқда.

«Биз ўтмишдаги реалликка қайтмаймиз. Биз жангарилар баталёнлари ва экстремистларнинг террорчилик инфратузилмаларини йўқ қилиш учун қочқинлар лагерлари ва бошқа террорчилик марказларини тозалашда давом этамиз», — дея қўшимча қилди Кац.

Жума куни Нетаняҳу «Тулкарим» қочқинлар лагерига ташриф буюрди ва у ҳам Ғарбий соҳилдаги ҳужумни кенгайтиришга ваъда берди. «Биз терроризм таянчларига кирамиз, террорчилар фойдаланадиган бутун бошли кўчаларни ва уларнинг уйларини ер билан яксон қиламиз, шунингдек, террорчилар ва қўмондонларни йўқ қиламиз», деди у.

Нетаняҳу феврал ойи охирида олти нафар исроиллик режага мувофиқ қайтарилган бўлса ҳам, 600 дан ортиқ фаластинлик маҳбусни қўйиб юборишни кечиктирганидан сўнг, Исроил ва Ҳамас ўртасидаги Ғазода АҚШ воситачилигида эришилган нозик сулҳ шубҳа остида қолганди.

Бош вазир идораси Ҳамасни ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишувни «бир неча бор бузиш»да, жумладан, «гаровга олинганлардан сурбетларча пропаганда мақсадларида фойдаланганиш»да айблаб, шундай қарорга келганди.

Мавзуга оид