Ўзбекистон | 12:40 / 04.03.2025
1846
2 дақиқада ўқилади

Ногиронлиги бўлган болаларга ижтимоий транспорт хизмати йўлга қўйилади

Ҳукумат қарори билан ногиронлиги бўлган шахслар ва таянч ҳаракатида муаммолари бўлган болалар учун транспорт хизмати лойиҳаси ишга туширилмоқда. 

Ўзбекистонда 2025 йилда республика бўйлаб ногиронлиги бўлган болаларга ижтимоий транспорт хизмати йўлга қўйилади. 

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги хабар беришича, бу бўйича Вазирлар Маҳкамасининг «Транспорт хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш орқали кўриш ва ҳаракатланиш билан боғлиқ касалликларга чалинган алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун таълим олиш шароитларини яхшилаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Қарор билан ушбу хизматни 2025 йил 1 апрелдан Тошкент, Андижон ва Самарқанд шаҳарларида пилот лойиҳа сифатида, 2025 йилнинг якунига қадар эса республиканинг бошқа ҳудудларида босқичма-босқич жорий этиш белгиланди.

Лойиҳа доирасида транспорт хизматлари:

  • ихтисослаштирилган мактаб, мактаб-интернатлари, шу жумладан, ушбу муассасалардаги «Ғамхўрлик» гуруҳларида;
  • умумтаълим мактабларининг инклюзив синфларида;
  • реабилитация марказига эга давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотларида таълим олувчи кўриш ва ҳаракатланиш билан боғлиқ касалликларга чалинган болаларга кўрсатилади.

Шунингдек, қарор билан хизматдан фойдаланганлик учун тўлов ва субсидия тизими ҳам жорий этилмоқда. Хусусан:

  • ҳар бир йўловчига бир ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,2 бараваридан ошмайдиган миқдорда;
  • Ижтимоий ҳимоя ягона реестри ёки Кам таъминланган оилалар реестрига киритилган оилалардаги йўловчилар учун ҳар бир қатнов тўловининг 100 фоизи;
  • Юқорида кўрсатилган реестрларга киритилмаган оилалардаги йўловчилар учун ҳар бир қатнов тўловининг 60 фоизи субсидия шаклида қопланади.

Субсидия шаклидаги тўловлар aгентликнинг Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Мавзуга оид