Жаҳон | 09:14 / 26.02.2025
8872
3 дақиқада ўқилади

Трамп Россиянинг нодир металларидан фойдаланиш ғоясини қўллаб-қувватлади

Вашингтон «Россиянинг нодир металларидан фойдаланиш бўйича келишувга эришмоқчи», — дея Reuters агентлиги АҚШ президенти Доналд Трампнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда.

Фото: REUTERS/Evelyn Hockstein

АҚШ президенти Доналд Трамп «Россиянинг нодир ер металларига (америкалик инвесторлар томонидан) кириш бўйича келишувга эришмоқчи»лигини айтди. Америка давлати раҳбарининг тегишли баёнотидан 26 феврал, чоршанбага ўтар кечаси Reuters агентлиги иқтибос келтирди.

Аввалроқ, 24 феврал куни Трамп Украинадаги урушни тугатиш бўйича Россия билан «жиддий музокаралар» олиб бораётганини ва «(Москва билан) иқтисодий ривожланиш соҳасида бир қатор битимлар тузишга ҳаракат қилаётганини» айтганди. Бунда у Россия Федерациясидаги «нодир металларнинг кенг захиралари»ни эслатиб ўтди, деб эслайди CNN ўз веб-сайтида.

Путин нодир металлар бўйича АҚШ билан ҳамкорлик тўғрисида

24 феврал куни Россия президенти Владимир Путин ВГТРК мухбири Павел Зарубинга берган интервюсида Москва Қўшма Штатларга нодир металларни қазиб олиш ва алюминий ишлаб чиқариш соҳасида ҳамкорлик қилишни таклиф этишга тайёрлигини айтди.

Россия президенти ўз таклифини қўшни давлатга қарши уруш пайтида Россия томонидан босиб олинган Украина ҳудудларига ҳам йўллади. «Биз чет эллик ҳамкорларни янги деб аталган ҳудудларга жалб қилишга тайёрмиз (...) У ерда ҳам маълум захиралар бор», — деди Путин.

Россия Федерациясидаги нодир металлар ҳақида гапирар экан, Путин бугунги кунда мамлакатда уларни ўзлаштириш бўйича етарли ишлар қилинмаётганини тан олди. «Нодир, ноёб тупроқ металлари иқтисодиётнинг замонавий тармоқлари учун жуда муҳим таркибий қисм, жуда муҳим манба ҳисобланади. Ва биз ҳозирча бу йўналишда кам иш қиляпмиз. Биз кўпроқ иш қилишимиз керак», — деди у.

Австралиянинг Small Caps интернет-нашри АҚШ Геологик хизмати маълумотларига таяниб аниқлик киритишича, 2024 йилда Россияда ноёб тупроқ металлари захиралари 3,8 миллион тоннани ташкил қилган. Бу кўрсаткич бўйича Россия Федерацияси дунёда Хитой, Бразилия, Ҳиндистон ва Австралиядан кейин бешинчи ўринни эгаллайди, деб ёзади нашр.

Мавзуга оид