Жаҳон | 15:53 / 16.02.2025
4162
2 дақиқада ўқилади

Туркияга шартли кириш тартиби бекор қилинди

Феврал ойининг бошидан шу кунга қадар 150 дан ортиқ хорижий фуқаро аэропортларда ушбу янги қоидалар ҳақида олдиндан хабардор бўлмагани сабабли муаммоларга дуч келган.

Фото: AP

Туркия Миграция бошқармаси томонидан 2025 йил феврал ойидан бошлаб мамлакатга шартли кириш (şartlı giriş) тартиби бекор қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси хабар берди.

Норасмий маълумотларга кўра 2025 йил феврал ойининг бошидан шу кунга қадар 150 дан ортиқ хорижий фуқаро аэропортларда ушбу янги қоидалар ҳақида олдиндан хабардор бўлмагани сабабли муаммоларга дуч келган.

Қайд этилишича, олдин Туркияда қонуний қолиш муддатини оширган ёки яшаш гувоҳномаси (ikamet izni) олиш бўйича рад жавоби олган хорижий фуқаролар мамлакатга шартли кириш (şartlı giriş) орқали қайтиб келишлари ва 10 кун ичида янги ариза топширишлари мумкин эди.

Энди бу имконият тўлиқ бекор қилинди. Ўз вақтида чиқиб кетмаган ёки яшаш гувоҳномаси (ikamet izni) олишда рад этилган фуқаролар дарҳол Туркияга қайтолмайди. Янги қоидаларга мувофиқ фуқароликка қараб, Туркияга кириш тақиқи 3 ойдан 6 ойгача бўлиши мумкин.

Шу муносабат билан Бош косулхона Туркияга келиш ниятида бўлган ватандошларни ушбу киритилган ўзгаришни инобатга олишга чақириб қолади.

Шунингдек, фуқароларга Туркияга сафар қилишдан олдин мазкур давлат миграция қоидалари билан танишиш, ҳужжатларида муаммо йўқлигига ишонч ҳосил қилиш, агар қонуний қолиш муддати тугаган бўлса ёки яшаш гувоҳномаси (ikamet izni) олишда рад этилган бўлса, ушбу мамлакатни қонунни ҳурмат қилган ҳолда тарк этишни тавсия қилди.

Мавзуга оид