Жаҳон | 14:00 / 12.02.2025
1263
2 дақиқада ўқилади

НАТОнинг Украинага ёрдами 2024 йилда 50 млрд евродан ошди

Украинанинг НАТО бўйича ҳамкорлари 2024 йилда унга ўз мажбуриятларига қараганда 10 миллиард евро кўпроқ ҳарбий ёрдам ажратди.

Фото: AP / Virginia Mayo

НАТО бош котиби Марк Рютте 11 феврал, сешанба куни алянс аъзолари 2024 йилда Украинага хавфсизлик соҳасида 50 миллиард евродан ортиқ ёрдам кўрсатганини тасдиқлади. Бу ҳақда Шимолий Атлантика алянси матбуот котиби вазифасини бажарувчи Алисон Харт хабар берди.

Унинг қўшимча қилишича, Украинанинг НАТО бўйича ҳамкорлари июл ойида Вашингтонда бўлиб ўтган алянс саммитидаги ўз мажбуриятларини бажарган. Ўшанда улар Украинага 2024 йилда камида 40 миллиард евролик ҳарбий ёрдамни ваъда қилди. НАТО бош котибига кўра, якуний сумманинг ярмидан кўпи Европа иттифоқчилари ва Канададан келган. Шу билан бирга, Қўшма Штатлар алоҳида давлатлар ўртасида ёрдам кўрсатиш бўйича етакчи бўлиб қолди.

13 феврал, пайшанба куни бўлиб ўтадиган алянс мудофаа вазирлари йиғилиши олдидан НАТОга аъзо давлатларга Украинага хавфсизлик соҳасида кўрсатилган ёрдам ҳақида ҳисобот тақдим этилди.

Европа Иттифоқи ўзининг ташқи ёрдами тақсимотини қайта кўриб чиқади

Еврокомиссия Россиянинг Украинага қарши давом этаётган агрессияси ва АҚШ президенти Доналд Трампнинг кескин риторикаси фонида кўп миллиард долларлик ташқи ёрдам ажратишни ЕИ ташқи сиёсати манфаатларига мослаштириш ниятида, деб хабар берди Bloomberg 10 феврал куни.

Ташқи молиялаштиришни тақсимлашни янада мақсадли қилиш ва ЕИнинг стратегик манфаатларини таъминлаш, жумладан, ҳамфикр давлатлар билан иттифоқларни мустаҳкамлаш, хомашёдан фойдаланиш имкониятини таъминлаш ва мигрантлар оқимини чеклаш режалаштирилган.

Bloomberg томонидан кўрилган ҳужжат лойиҳасида таъкидланишича, анъанавий равишда блок ялпи ички маҳсулотининг қарийб 1 фоизини ташкил этувчи Европа Иттифоқининг умумий бюджети "яшил" ўтишдан тортиб мудофаа харажатларигача бўлган кенг кўламли талаблар билан ошиб кетган. Европа Комиссияси яқин ҳафталарда 2028-2034 йиллар учун етти йиллик бюджетни оптималлаштириш ғоясини тақдим қилмоқчи.

Мавзуга оид