Жаҳон | 08:20 / 08.02.2025
2759
3 дақиқада ўқилади

Словакияда ўн минглаб кишилар яна намойишга чиқди

Бош вазир Роберт Фицо ҳукуматининг россияпараст курсига қарши норозилик намойишлари Словакиянинг 41 та шаҳрида ва унинг чегарасидан ташқаридаги 13 та шаҳарда бўлиб ўтмоқда. Братиславадаги акцияда камида 42 минг киши иштирок этди.

Фото: Tomas Benedikovic/AFP/Getty Images

Словакияда 7 феврал, жума куни кечқурун яна ўн минглаб одамлар бош вазир Роберт Фицо ҳукуматининг россияпараст курсига қарши норозилик билдириш учун кўчаларга чиқди. Агентликлар ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари, хусусан, Dennik N янгиликлар сайти таъкидлаганидек, биргина Братиславада Озодлик майдонида 42-45 минг киши йиғилган. Намойишлар «Словакия бу – Европа» ва «Истеъфо, истеъфо» шиорлари остида ўтказилмоқда. Намойишчилар нафақат пойтахтда, балки яна 40 та аҳоли пункти ва 13 та шаҳарда ҳам кўчаларга чиқди.

Қайд этилишича, плакатлар ва баннерлардаги энг кўп учраган ёзувлар: «Демократия сигирини сўйишга етаклашмоқда», «Словакия бу – Европа, Россияни тўхтат» ва «Украинага тинчлик» бўлган. Фицонинг истеъфоси ҳақидаги янги талаблар билан халқ норозиликларининг сўнгги тўлқинига асосий сабаб унинг декабр ойида Москвага ташрифи бўлиб, у ерда Россия президенти Владимир Путин билан учрашган.

Dpa агентлиги ёзганидек, турли мухолифат гуруҳлари ва Киевга ҳарбий ёрдамни кучайтириш тарафдори бўлган «Украина учун тинчлик» фуқаролик ташаббуси тинч митинглар ўтказишга чақирмоқда. 2023 йил кузида Фицо ҳокимиятга қайтганидан сўнг, Словакия ўзини Россия ҳарбий агрессиясидан ҳимоя қилаётган Украинага қурол етказиб беришни тўхтатди.

Фицо "Гуржистон легиони"ни уни ағдаришга уринишда айблади

Словакия бош вазири Роберт Фицо Украина қуролли кучлари томонида жанг қилаётган "Гуржистон миллий легиони"ни уни ағдаришга уринишда айблади. Бу ҳақда Фицо 31 январ куни матбуот анжуманида маълум қилди, дея хабар беради Reuters.

Вазирлар маҳкамаси раҳбарининг фикрича, легион қўмондони Мамука (Ушанги) Мамулашвили уни лавозимидан четлаштиришга қаратилган норозилик намойишларига алоқадор. Натижада Мамулашвили ва яна тўққиз кишига Словакияга киришга рухсат берилмаган.

Матбуот анжуманида ҳукумат раҳбари ГМЛ раҳбарининг Mier Ukrajine ("Мир Украине") гуруҳи учун митинглар уюштирган фаол Люция Стаселова билан тушган суратларини кўрсатди. Бироқ, уюшма таъкидлаганидек, бу фотосуратлар 2023 йилда Братиславада бўлиб ўтган оммавий мунозарада олинган. Шу муносабат билан Mier Ukrajine намойишлар ва Гуржистон ўртасидаги алоқалар ҳақидаги баёнотларни ёлғон ва манипуляция деб атади. Мамулашвили ҳам намойишларга алоқадорлигини рад этди.

Фицога кўра, "Мир Украине" «Гуржистон легиони» учун пул йиғиб, шу тариқа «Украина аксилразведкасини молиялаштирган», деб ёзади «Европейская правда» нашри. Стаселова, ўз навбатида, "Мир Украине" «Украина учун ўқ-дорилар» йиғишда иштирок этганини айтди. Чехия ҳукуматининг Киев учун ўқ-дорилар харид қилиш ташаббусини Словакия ҳам қўллаб-қувватлади – бу мақсадда 4,7 миллион евродан ортиқ маблағ йиғилди.

Мавзуга оид