Нетаняҳу Вашингтонда: у Трампдан «рухсат сўрагани» бордими?
Ушбу ҳафта дунё сиёсатида жиддий ўзгаришлар кузатилиши мумкин. Чунки Американинг мигрантқувар президенти Доналд Трамп бир муддат ҳимоясиз муҳожирлар қўл-оёғига кишан уришни қўйиб ташқи сиёсат билан шуғулланишини анонс қилди. Трамп эртага қалин дўсти Бинямин Нетаняҳуни қабул қилади. Унинг жамоаси Зеленский ва Путин билан учрашувлар учун ҳам тайёргарлик бошланган.
Шу учун ушбу ҳафтадаги воқеаларни диққат билан кузатишингизни тавсия қиламан. Бу борада биз сизга ёрдам берамиз. Kun.uz ютуб каналига обуна бўлсангиз, дунёда нималар бўлаётганидан асло бехабар қолиб кетмайсиз. Илтимос, бизнинг меҳнатимизни қўллаб-қувватлаш учун видеоларимизга like босиб, изоҳларда фикрингизни қолдиринг.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг самолёти Вашингтонга етиб борди. Ҳаагадаги халқаро жиноят суди Ғазодаги қирғинда айбдор деб ҳисоблаб, ҳибсга олишга ордер берган Нетаняҳу Оқ уйга қайтган дўсти Доналд Трамп билан учрашувни интизор бўлиб кутаётганди.
Эртага Оқ уйда АҚШ президенти Исроил бош вазирини қабул қилади. Нетаняҳу Трамп президентликка киришганидан кейин қабул қиладиган илк хорижий давлат етакчиси бўлади. Биби анчадан бери АҚШга бормаганди, ахир Байден уни ёқтирмаслигини яширмасди.
Трамп ва исроиллик дўсти энг аввало Ғазодаги урушни муҳокама қилишади. Баъзи миш-мишларга кўра, Трамп Исроил томонидан урушда ғалаба қозонганини эълон қилиб, уни тугатишни сўраган. Лекин эртанги учрашувда Нетаняҳу Исроил ҲАМАС устидан ғалаба қозонди деб тантанавор гапирмаса керак. Чунки Исроил ҳукуматида Ғазодаги урушни давом эттиришни исташмоқда. Ўт очишни тўхтатиш режими бўйича келишувга Нетаняҳу исроилликлар босими билан кўнишга мажбур бўлди. Чунки улар ҳар қанақасига ҲАМАС қўлидаги асирларни ортга қайтаришни талаб қилишди. Бу ишни сулҳсиз қилиб бўлмасди.
ҲАМАС сўзида туриб исроиллик асирларни босқичма-босқич қўйиб юбормоқда. Бу эса барча режадагидай давом этса, Исроил келишувнинг учинчи босқичини ҳам тўлиқ бажаришга мажбур бўлишини англатади. Бу босқичда Исроил барча қўшинларини тўлиқ Ғазодан олиб чиқиши керак. Охирги чиқаётган хабарларга қараганда, Исроил асирларни қайтариб бўлганидан кейин яна нима баҳона билан Ғазода урушни давом эттиришни ўйлаётгандай кўринади.
Катта эҳтимол, ҳозир Нетаняҳунинг қўлида Ғазода урушни давом эттириш бўйича қандайдир режа бор ва уни Трампдан тасдиқлатиб олишни истайди. Чунки Исроил Яқин Шарқда ҳар қанча таъсири катта давлат бўлмасин АҚШнинг қўлловисиз катта ишга қўл уролмайди.
«Президент Трамп билан доимий мулоқотда бўлиш орқали алоқаларимизни яхшилаймиз. Куч ёрдамида хавфсизлигимизни мустаҳкамлашимизга ишонаман», деди Нетаняҳу парвоз олдидан.
Ҳаага ордери-чи?
Ўтган йили Нидерландиянинг Ҳаага шаҳрида жойлашган Халқаро жиноят суди Бинямин Нетаняҳуни Ғазодаги геноцидда айблаб, уни ҳибсга олишга ордер берганди. Рим статутини ратификация қилган давлатлар Нетаняҳу борган тақдирда уни ҳибсга олиб Ҳаага судига топширишга мажбур. Дунёдаги кўплаб давлатлар, хусусан, Европа Иттифоқидаги 7 давлат бу статутни ратификация қилган. Бироқ АҚШ замонавий дунё давлатларидан фарқли ўлароқ Ҳаага суди талабларига бўйсунмайди. Трамп маъмурияти Ҳаага суди Исроил бош вазирига ордер бергани учун унга қарши санкция ҳам эълон қилмоқчи бўлганди, лекин Конгрессдаги демократлар лойиҳани қўлламагани учун буни уддалай олмади. Биз Нетаняҳунинг Вашингтонда ташрифини диққат билан кузатамиз ва бу ҳақда, албатта, яна видеолар эълон қиламиз. Kun.uzʼни кузатиб боринг.
Ўткир Жалолхонов тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов.
Мавзуга оид

00:19
Зеленский Овал кабинетдаги тортишув учун Трампдан кечирим сўради — АҚШ президентининг махсус вакили

20:32 / 10.03.2025
Трамп Зеленский истеъфога чиқмагунча Украинага ёрдам кўрсатишни тикламайди – ОАВ

01:10 / 10.03.2025
Трамп: Украина АҚШ ёрдами билан ҳам омон қолмаслиги мумкин

19:14 / 09.03.2025