Жаҳон | 16:47 / 20.01.2025
27351
2 дақиқада ўқилади

Хитойда дунёдаги энг баланд кўприк қурилиши якунига етмоқда (фото)

Ноёб иншоотнинг 94 фоизи қуриб бўлинди. Қарийб 3 километр узунликдаги кўприк денгиз сатҳидан 625 метр баландликда жойлашган.

Хитойда қурилаётган дунёдаги энг баланд кўприкнинг пўлат фермалари ўрнатиб бўлинди. ITHome нашрига кўра, барча 93 та пўлат фермалари муваффақиятли ўрнатилиб, энди кўприкни туташтириш ишлари бошланган.

Кўприк Гуйчжоу провинциясининг Лючжи-Анлун тезюрар автомомагистралидаги Хуацзян катта канёни устидан ўтади. Кўприкнинг қурилиши 2022-йилда бошланган ва унинг очилиши 2025-йилнинг июнига режалаштирилмоқда.

Пўлат осма кўприкнинг умумий узунлиги 2890 метр бўлиб, кўприкнинг денгиз сатҳидан баландлиги рекорд даражадаги 625 метрни ташкил этади (дара тубидан кўприк тўшамигача бўлган баландлик). Хитой оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, кўприк дарани кесиб ўтиш вақтини 70 дақиқадан бир дақиқагача қисқартиради.

Тоғлар ва даралар орасида жойлашган Гуйчжоу провинциясида дунёдаги энг баланд кўприкларнинг деярли ярми жойлашган. Ҳозирги кунда рекордни Гуйчжоу ва Юннан провинциялари чегарасидаги Бейпанцзян кўприги ушлаб турибди. У водийдан 565 метр баландликда қурилган, бу 200 қаватли бинога тенг. Ушбу лойиҳа 2016 йилдан бери жаҳон рекордини эгаллаб келмоқда, бироқ 2025 йилда ўз ўрнини янги кўприкка топширади.

Хитой янги кўприкдан нафақат асосий вазифаси учун, балки сайёҳлик обекти сифатида ҳам фойдаланишни режалаштирмоқда. Кўприк очилгандан сўнг ҳудудда спорт оромгоҳи ва сайёҳлар шаҳрчаси қурилиши мўлжалланмоқда. Шунингдек, кўприкка сайёҳлик автобусларининг қатнови йўлга қўйилади.

Мавзуга оид