Жаҳон | 09:42 / 17.01.2025
5112
3 дақиқада ўқилади

Starship ракетасининг еттинчи парвози муваффақиятсиз якунланди

SpaceX компанияси тарихдаги энг кучли ракета Starship ракетасининг еттинчи синовини ўтказди. Юқори поғона портлади, лекин Super Heavy'нинг биринчи кўп марталик модули Ерга қайтди.

Фото: SpaceX/AFP

Тарихдаги энг кучли ва энг оғир ракета Starship'нинг еттинчи синов парвози муваффақиятсиз якунланди. Бу ҳақда 16 январ, пайшанба куни SpaceX компанияси хабар берди.

Юқори поғона портлади, пастки қисми ерга қайтди

Ракета Техаснинг Бока-Чика шаҳридаги космодромдан учирилган. Super Heavy'нинг қайта фойдаланиш мумкин бўлган биринчи босқичи кемани орбитага олиб чиқди, шундан сўнг у Ерга қайтиб, учириш майдончасига қўнди. Юқори поғона осмонда ажралиб чиқди, барча олтита Raptor двигателлари ёнди. Аммо кейин кема билан алоқа узилиб, у қулади. 

«Ажралганидан сўнг, Starship юқори поғонаси барча олтита Raptor двигателини муваффақиятли ёқди ва космосга кўтарилиш учун тайёрланди. Учириш тугашидан олдин, парвознинг тахминан 8,5 дақиқасида у билан телеметрия йўқолди. Дастлабки маълумотларга кўра, кеманинг орқа қисмида ёнғин содир бўлган, бу эса чиқиндиларнинг Атлантика океанига тушиши билан тез, режалаштирилмаган парчаланишга олиб келди», деб хабар берди миллиардер Илон Маскнинг SpaceX компанияси. Унинг қайд этишича, улар ҳозирданоқ ҳалокат сабабларини ўрганиб, саккизинчи парвозга тайёргарлик кўрмоқда.

«Дастлабки маълумотларга кўра, кема двигателининг ҳимоя девори устидаги бўшлиқда кислород/ёнилғи сизиб чиққан. Бу вентиляция тешиги сиғимидан ошиб кетадиган босим ҳосил қилиш учун етарлича катта эди. Сизиб чиқиш бўйича икки марта текширишдан ташқари, биз бу ҳажмни бостириш учун ўт ўчириш тизимини қўшамиз, эҳтимол, вентиляция тешигининг майдонини кўпайтирамиз», деди Маск. Унинг сўзларига кўра, саккизинчи синов парвози яқин ойларда бўлиб ўтади.

Starship — тарихдаги энг катта ракета

Starship — тарихдаги энг катта ва энг кучли ракета. SpaceX маълумотларига кўра, кема одамлар ва юкларни Ернинг паст орбитасига, Ой ва Марсга етказа олади. Тизимнинг умумий тахминий юк кўтариш қуввати 150 тоннани ташкил қилади.

Қайта фойдаланиш мумкин бўлган Starship тизими 70 метрли Super Heavy биринчи поғонаси ва қўшимча двигателларга эга 50 метрлик Starship космик кемасидан иборат.

Мавзуга оид