Хоразмга 2025 йилда 1,5 миллиард доллар инвестиция жалб этиш режалаштирилди
Президент Шавкат Мирзиёев 22 ноябр куни Хоразм вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказди.

Йиғилишда қайд этилишича, вилоятга келгуси йил 1,5 миллиард доллар инвестиция жалб этиш режалаштирилган.
Таъкидланишича, бу кўплаб корхоналар, иш ўринлари ва турмуш фаровонлигига асос бўлади. Масалан, Қўшкўпир туманида 175 гектар ер саноат зонасига қўшиб берилса, 1 миллиард долларлик лойиҳаларга йўл очилади. У ерда электротехника, кимё, машинасозлик ва фармацевтика йўналишида 2 мингта иш ўрни яратилади.
Шовот каналининг ҳимоя зонаси 50 метрдан 25 метрга қисқартирилса, 30 миллион долларлик лойиҳаларни жойлаштириш мумкин бўлади. У ерда 1 триллион сўмлик хизматлар кўрсатилиб, 2,5 мингта янги иш ўрни очилади. Ғазовот ва Полвон каналлари атрофида ҳам 50 миллион долларлик лойиҳалар учун имконият бор.
Қишлоқ ва сув хўжалигида ҳам омилкорлик зарур. Масалан, Қўшкўпирда паррандачилик, Боғот туманида балиқчиликни кенгайтириш учун шароит етарли. Янгиариқда сув таъминотини яхшилаб, полиз, шоли ва балиқ етиштириш ҳисобидан 1,2 минг кишини банд қилиш мумкин.
Ижтимоий соҳада 44 та мактаб ва боғчани таъмирлаш, давлат-хусусий шериклик асосида янгиларини қуриш режалаштирилган. Шунингдек, Урганч, Боғот, Шовот ва Янгибозор туманида кўп тармоқли тиббиёт марказлари ташкил этиш мўлжалланган.
Давлат раҳбари бу таклифларни мужассам қилиб, қарор лойиҳаси тайёрлаш бўйича кўрсатма берди. Имкониятларни натижага айлантириб, одамларни иш билан таъминлаш ва даромадини ошириш муҳимлигини таъкидлади.
Мавзуга оид

19:13 / 07.03.2025
Тошкент ва Самарқандда ноёб минераллар технопарки ташкил этилиши мумкин

16:39 / 06.03.2025
Махсус иқтисодий зоналарнинг фаолият кўрсатиш муддатига оид чекловлар бекор қилинади

19:03 / 04.03.2025
Президент баҳорда томорқа ва ижара ерларда тўлиқ экин экиш бўйича кўрсатмалар берди

22:08 / 24.02.2025