Путин биринчи марта ХЖС ваколатини тан олган давлатга ташриф буюради
Россия раҳбари сентябрда Мўғулистонга боришни режалаштирмоқда. Бу мамлакат Путинни ҳибсга олишга ордер берган Халқаро жиноий судни (ХЖС) тан олган.

Фото: РИА Новости
Россия президенти Владимир Путин 3 сентябр куни расмий ташриф билан Мўғулистонга боради, деб хабар қилди Кремл матбуот хизмати.
Путин Мўғулистонга мамлакат президенти Ухнаагийн Хурелсух таклифига биноан Халхин-Гол дарёсида совет ва мўғул қўшинларининг Япония қуролли кучлари устидан қозонилган қўшма ғалабасининг 85 йиллигига бағишланган тантанали тадбирларда иштирок этиш учун боради.
«Музокаралар чоғида давлат раҳбарлари Россия-Мўғулистон муносабатларини ҳар томонлама янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қиладилар ҳамда долзарб халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашадилар», дейилади Кремл хабарида.
BBC таъкидлаганидек, бу Путиннинг Халқаро жиноий суд (ХЖС) томонидан ўзини ҳибсга олишга ордер берилганидан кейин Рим статутини тан олган давлатга биринчи ташрифи бўлади. Мўғулистон 2000 йилда Рим статутини имзолаган ва 2002 йилда уни ратификация қилган. Халқаро жиноий суд 2023 йил март ойида Россия президентини ҳибсга олишга ордер берган.
Қайд қилинишича, 2023 йил декабр ойида мўғулистонлик судя биринчи марта ХЖС судяси бўлди. Мўғулистон президентининг таъкидлашича, биринчи мўғул судясининг ХЖС вакили бўлгани «мамлакатнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва халқаро ташкилотларнинг Мўғулистонга ишончи ошгани ва мустаҳкамланганидан далолатдир».
ХЖС ваколатини тан олган мамлакатлар Путинни ҳибсга олишга расман мажбур, деб таъкидламоқда BBC. Аммо Мўғулистон денгизга чиқиш имкони йўқ ва фақат Россия ва Хитой билан чегарадош, бу Путинни эҳтимолий ҳибсга олиш ва экстрадиция қилиш жараёнини «мураккаблаштиради».
Ҳибсга олиш учун ордер чиқарилгандан бери Путин ХЖС ваколатини тан оладиган мамлакатларга бормади. 2023 йил июл ойида Россия президенти BRICS саммитида иштирок этмади ва Жанубий Африкага ташрифини бекор қилди. Жанубий Африка Рим статутини ратификация қилган ва шунинг учун Путинни ҳибсга олиш ва уни Ҳаагага экстрадиция қилиш мажбурияти бор эди. Шу билан бирга, Жанубий Африка Республикаси президенти Сирил Рамафоса мухолифатнинг ХЖС олдидаги мажбуриятларини бажариш талабига жавоб берар экан, Путиннинг ҳибсга олиниши Россияга қарши уруш эълон қилиш сифатида баҳоланишидан огоҳлантирганини айтди.
2023 йил март ойида ХЖС Владимир Путинни Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан болаларни Россияга ноқонуний депортация қилишда гумон қилиб, ҳибсга олишга ордер берган эди. Худди шундай ордер президент ҳузуридаги Болалар ҳуқуқлари бўйича вакил Мария Лвова-Беловага нисбатан ҳам чиқарилган.
Мавзуга оид

13:38
Трамп: «Афтидан, Путинга Россиянинг Украинадаги йўқотишлари аҳамиятсиз»

12:15
Германия ташқи ишлар вазири: Лавровга қўнғироқ қилиш учун ҳеч қандай сабаб кўрмаяпман

23:40 / 12.06.2025
Трамп Украина ва Россия ўртасидаги музокаралар бўйича янги баёнот берди

21:34 / 12.06.2025