Спорт | 15:23 / 27.10.2022
26969
18 дақиқада ўқилади

«Барселона» гуруҳда қолиб кетди, Мадридда драма. ЕЧЛда кун ўйинлари

Чоршанба куни Чемпионлар лигасида яна тўрт гуруҳда 5-тур учрашувлари ўтказилди.

Мадриддаги шок

Брюгге — Порту 0:4
Голлар: Торимий (33, 70), Эванилсон (57), Эуштакиу (60). 
Аниқ амалга оширилмаган пенальти: Ланг (51).
Брюгге – Миньоле, Одои (Мейер, 71), Мехеле, Силла (Боята, 71), Ванакен, Нильсен (Аудор, 80), Нвадике (Баланта, 81), Бьюкенен, Ланг, Ольсен (Нуса, 71), Ютгла. 
Порту – Д.Кошта, Кардозу, Карму, Сануси (Венделл, 77), Урибе, Отавио, Эуштакиу (Б.Кошта, 77), Пепе (Тони, 88), Торимий, Галено (Верон, 77), Эванилсон (Консейсау, 88).
Огоҳлантиришлар: Одои (28), Эуштакиу (29), Отавио (42), Карму (49), Силла (54), Нвадике (56), Урибе (65).

«Порту» дарвозабони Диогу Кошта — ҳозирданоқ бу сафарги Чемпионлар лигаси қаҳрамонларидан. У «Байер»га қарши икки ўйинда ҳам пенальтиларни қайтарганди, Брюггеда эса яна жасорат кўрсатди. Ҳимоячи Давид Карму тўп жарима майдонидан узоқлаштирилганидан кейин газонда ётган ҳолда бутсасининг остки қисми билан рақиб оёғига тепди.

«Аждарлар»нинг барча саъй-ҳаракатлари ҳавога учиши мумкин эди, аммо Кошта жамоани ўйинда қолдирди. Аввалига у Ванакен ижро этган 11-метрлик зарбани қайтарди, видеотакрордан кейин дарвозабон тўп тепилишидан олдин ҳаракатга келгани маълум бўлгач, такрорий зарбани амалга оширган Ланг ҳам Коштани алдай олмади. 

Бу вақтда «Порту»нинг устунлиги минимал эди ва 392 дақиқа давомида дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган Миньоле дарвозасига урилган голни Отавиу уюштирди, у майдон марказида тўпни эгаллади ва Торимийни яккама-якка вазиятга чиқарди. Плей-офф масаласини аллақачон ҳал қилиб бўлган «Брюгге» эса Коштанинг қаҳрамонликларидан кейин ҳужум қилишдан тўхтаб қолди. Эванилсон ҳимоячилар хатосидан фойдаланиб, иккинчи голни урди, ўйиннинг қолган қисмида меҳмонлар яна икки гол уришди.

Атлетико — Байер 2:2
Голлар: Карраско (22), де Паул (50) — Диаби (9), Ҳадсон-Одои (29). 
Аниқ амалга оширилмаган пенальти: Карраско (90+9).
Атлетико – Облак, Молина, Хименес (Фелиш, 87), Эрмосо (Сауль, 46), Рейнилду, Карраско, Кондогбиа, Витцель, Корреа (де Пауль, 46), Гризманн, Мората (Кунья, 61). 
Байер – Градецки, Фримпонг, Тапсоба (Та, 61), Коссуну, Инкапиэ, Баккер, Андрих, Амири, Ҳадсон-Одои (Адли, 61), Диаби (Паулиньо, 77), Гложек (Фосу-Менса, 89).
Огоҳлантиришлар: Хаби Алонсо (41), Градецки (65), Баккер (66), Инкапиэ (78), Хименес (79), Кондогбиа (87), Симеоне (90).

«Порту»нинг сафар ўйинидаги ғалабаси «Атлетико»га танлов қолдирмади — мадридликлардан фақат ғалаба талаб этиларди. Аммо ҳужум чизиғи футболчилари нафақат «Байер» дарвозасига, балки ўз дарвозаларига ҳам хавф солишди. Гризманнинг қанотда тўп йўқотиши Диаби ўткир бурчакдан ҳисобни очишига олиб келди, Корреа ўз жамоаси жарима майдони яқинида алдашга киришиб, тўп йўқотиши — Ҳадсон-Одоининг муваффақияти билан якунланди.

Бу икки гол орасида Феррейра-Карраско «матрасчилар» фаоллигини биргина голга айлантира олди. Бу бельгиялик футболчи оқшом қаҳрамонига айланиши мумкин эди, у ўйин давомида жамоани ўз ортидан эргаштирди, иккинчи бўлим бошида айнан у ҳимоячиларни ўзига жалб қилди ва захирадан ўйинга қўшилган Де Паулни қулай вазиятга чиқарди.

Ўйин шиддатли кечишда давом этди, мезбонлар кетма-кет зарбалар беришди, бундай учрашувларда «Атлетико» кўп ҳолларда характер кўрсатиб, ғалабани илиб кетади. Бу сафар ҳам шундай бўлиши муқаррардек эди, қўшимча дақиқалар якунланаётганида, немислар дарвозаси томонидан бурчак зарбаси ижро этилганида, видеотакрордан кейин тўп Облакка келаётганида у «Байер» футболчисининг қўлига тегиб йўналишини ўзгартиргани қайд этилди.

Аммо мадридликлар тақдирнинг бундай совғасидан фойдалана олишмади. «Нуқта»га ўйиннинг энг яхшиси бўлиб турган футболчи яқинлашди, аммо Градецки Феррейра-Каррасконинг зарбасини қайтарди, қайтган тўпга Саул бош билан зарба берди, тўп тўсиндан қайтди, учинчи зарба дарвозага кириши муқаррар эди, аммо атрофда нималар бўлаётганини англамай турган омадсиз пенальтичи унинг йўлидан чиқди. Бу барчани шок ҳолатга туширди.

Энди мадридликлар охирги турда Португалияда Европа лигасига йўлланма учун курашади.

1 ноябр. Байер — Брюгге, Порту — Атлетико.

Лукакунинг қайтиши

Интер — Виктория Пльзень 4:0
Голлар: Мхитарян (35), Жеко (42, 66),  Лукаку (87).
Интер – Онана, Думфрис, Ачерби, Шкриньяр, Бастони, Димарко (Гозенс, 77), Мхитарян (Гальярдини, 83), Чалхонўғли (Аслани, 71), Барелла, Жеко (Корреа, 71), Мартинес (Лукаку, 83). 
Виктория Пльзень – Станек, Гавел, Гейда, Перница, Тижани (Емелка, 52), Москера, Влканова (Пиларж, 84), Калвах (Ндиай, 70), Йирка (Голик, 46), Буха, Басси (Хори, 46).
Огоҳлантиришлар: Москера (45), Перница (49).

«Интер» ўз ўйинида масалани ҳал қилди ва бу ўйиндан кейин «Барселона» плей-оффга чиқа олмаслиги аниқ бўлиб улгурди. Симоне Индзаги қаторасига иккинчи йил Антонио Конте қила олмаган ишни уддалади.

Аммо айтиш керакки, гол уришни ҳаддан ташқари кўп исташ миланликлар жамоаси футболчиларига халақит ҳам берди ва ҳужумларни якунлаш босқичида муаммолар кузатилди. Бундай ҳолатда қандайдир ноодатий қарор талаб этиларди ва буни олдинга ўтган ҳимоячи Бастони ва ўзига хос бўлмаган ҳолда боши билан тўпни дарвозага йўналтирган Мхитарян уддалашди.

Бу ҳужумда тўп аслида баланд бўйли Жекога йўналтирилганди, аммо босниялик фахрий футболчи ҳам барибир ўз голларини урди. «Интер» ўйин охирида яна ҳужумларни кучайтирди - майдонга трибуналардаги олқишлар остида Лукаку тушиб келди, икки ой давомида жароҳат туфайли ўйнамаган бельгиялик ҳужумчига гол уриш учун бир неча дақиқа етарли бўлди ва ҳисоб янада йириклаштирилди.

Барселона — Бавария 0:3
Голлар: Мане (10), Шупо-Мотинг (31), Павар (90+5).
Барселона – тер Стеген, Бельерин, Алонсо, Кунде (Гарсия, 68), Бальде, Бускетс (Торрес, 58), Кессиэ, де Йонг, Педри (Рафинья, 59), Левандовски (Торре, 82), Дембеле (Фати, 68).
Бавария – Ульрайх, Мазрауи (Станишич, 79), Упамекано (Павар, 63), де Лигт, Дэвис, Горетцка (Забитцер, 46), Киммих, Шупо-Мотинг (Мюллер, 63), Мане, Гнабри, Мусиала (Гравенберҳ, 67).
Огоҳлантиришлар: Мазрауи (16), Горетцка (23), Упамекано (35), Бускетс (41).

«Барселона» ва «Бавария» учрашуви номлар жиҳатидан Чемпионлар лигасининг чоршанба оқшомидаги марказий учрашуви бўлиши керак эди. Аммо бу ўйинда турнир интригаси деярли йўқ эди — мюнхенликлар аллақачон плей-офф масаласини ҳал қилган, каталонияликлар эса «Интер» Чехиянинг «Виктория» клуби устидан йирик ҳисобда ғалаба қозонгач (4:0), асосий еврокубокдаги иштирокини тўхтатиши маълум бўлиб улгурди.

«Барселона» аралаш таркиб туширишга қарор қилди ва бу жамоа ўйинига таъсир қилмай қолмади. Ла лигада янги мавсумни янги таркиб билан кучли ўтказаётган кўк-анорранглилар учун айнан «Бавария»га қарши сентябрда кечган мағлубиятли ўйин қора кунларни бошлаб берганди: «Интер» билан ўйинлардаги мағлубият ва дуранг эса жамоа учун амалда гуруҳдан чиқиш имконини йўқотди, унинг ортидан «Реал»га қарши класикода фиаско рўй берди. Муваффақиятсизликлар сериясидан кейин Хави жамоаси ла лигада «Вильярреал» ва «Атлетик»ни йирик ҳисобларда тор-мор этди, аммо тўлиқ тикланиш учун бу етарли бўлмади. Ҳозирги «Барселона» қитъанинг энг яхши жамоалари билан тенгма-тенг ўйнаш учун ҳали янада ўсиши керак.

«Барселона» сўнгги 10 йилда «Бавария»га ноодатий даражада кўп ютқазган, уларнинг аксарида шармандали мағлубиятлар қайд этилган. Барчаси Хосеп Гвардиола кетгач бошланган. 2013 йилда Тито Виланова бошқарувида каталонияликлар ЕЧЛ яримфиналида Мюнхен жамоасидан 0:4 ва 0:3 ҳисобларида мағлуб бўлишган. Бу яқиндагина асосий еврокубокни қўлга киритган таркиб эди. Икки йил ўтиб каталонлар реванш олишади — Месси дубл қайд этган ўйинда 3:0 ҳисобида ғалаба қайд этилади (тўғри, жавоб ўйинида немислар 3:2 ҳисобида устун келишади). Шундан кейин кўк-анорранглиларни 2020 йилги яримфиналда даҳшатли ўйин кутарди - 2:8, кейинги мавсумда гуруҳ босқичида икки ўйин ҳам 0:3 ҳисобларида якунланади. 2022 йилги мавсумда иккинчи давра якунларига кўра «Барселона» «Бавария»га сўнгги 8 учрашувдан 7 тасида мағлуб бўлган бўлиб чиқди.

«Мюнхенда омадимиз келмади, аммо ҳозир «Барса» биз ўшанда «Бавария»дан яхшироқ бўлганимизни исботламоқчи. Топ-жамоалар билан бир даражада эканимизни исботламоқчимиз», — деди Хави ўйиндан олдин. Испаниялик мутахассис янги ечимлар излашга уринди — бу сафар Маркос Алонсони марказий ҳимоячи ўрнида, Педрини эса чап қанот ҳужумчиси сифатида синаб кўрди.

Юлиан Нагельсманн эса Томас Мюллерни захира ўриндиғида қолдиришни ўзига эп кўрди. «Бавария» 4-2-3-1 схемасида ўйинни бошлади, бунда майдон марказида назорат қилувчи жуфтликни Киммиҳ ва Горецка ташкил қилди, ҳужум марказини Шупо-Мотинг эгаллади.

Ўйин бошиданоқ бу ўйинда тарихий ўзгариш бўлмаслиги аёнлашди. 10-дақиқага келиб «Барселона» мудофааси барбод бўлди ва Садио Мане ҳисобни очди. Кейин тер Штеген дарвозаси атрофида яна бир қанча вазиятлар бўлди ва Шупо-Мотинг томонидан иккинчи гол урилди. Бўлим охирида «Барса» фақат мўъжиза туфайли Мусиала учинчи голни уришидан қутулиб қолди, ҳакам эса видеотакрордан кейин немислар жамоаси дарвозасига пеналти қўймасликка қарор қилди.

Иккинчи бўлимда ҳам ўйиннинг бориши ўзгармади. «Бавария» учинчи голни урди, аммо Гнабри зарба беришдан олдин офсайдга тушиб қолгани маълум бўлди, майдон эгаларида эса голли вазиятлар бўлмади, қўшимча дақиқаларда Павар ҳисобни йириклаштирди. 0:2 ва 0:3 — «Барса»нинг бу мавсумда Мюнхен клубига қарши ўйинлардаги натижалари.

Каталонияликлар сўнгги 10 йилда мюнхенликлар грандига қарши 9 ўйиндан 8 тасида жами 7:28 ҳисобида мағлуб бўлган. Жамоа Гвардиоланинг олтин давридан кейин фақат бир марта, 2015 йилда Чемпионлар лигасида порлаган ва чемпионликни қўлга киритган. «Бавария» учун эса ЕЧЛда «Барселона» устидан ғалаба одатий ҳолатга айланган ва маҳаллий фанатлар «Штутгарт» ва «Ҳоффенҳайм»га қарши ўйинлар олдидан кўпроқ асабийлашишади. 

1 ноябр. Бавария — Интер, Виктория Пл — Барселона.

Ўғил отасидан муваффақиятлироқ

Наполи — Рейнжерс 3:0
Голлар: Симеоне (11, 16), Эстигор (80).
Наполи – Мерет, Ди Лоренцо (Дзаноли, 86), Эстигор, Ким, Руй, Лоботка (Зелиньски, 83), Элмаз (Гаэтано, 73), Ндомбеле, Политано (Лосано, 73), Симеоне, Распадори (Дзербин, 83).
Рейнжерс – Макгрегор, Тавернье, Дэвис, Кинг (Баришич, 76), Йилмаз, Ландстрем, Райт (Сакала, 46), Сэндс, Морелос (Чолак, 68), Кент, Тилльман (Арфилд, 67).
Огоҳлантиришлар:
Дэвис (9), Ландстрем (42), Ким Мин Чжэ (88), Мариу Руй (90).

Лучано Спаллетти ниҳоят Кварацхелияга дам берди. Хвича «Наполи»нинг бошқа юлдузлари билан биргаликда жамоа кучсиз рақиб мудофаасини қандай яксон этишини томоша қилди. Бу ишни ҳаммадан кўра Симеоне яхшироқ уддалади, у бу мавсумда орзусига эришиб, Чемпионлар лигасида гол урганди ва турнирда ўзининг таниқли отаси Диего Симеонедан яхшироқ иштирок этмоқда.

Жованни асосий еврокубокдаги дастлабки тўрт учрашувида тўрт гол урган ҳолда отасининг натижасини такрорлади ва бунга эришган иккинчи аргентиналикка айланди. Кичик Симеонеда ҳет-трик бўлиши ҳам мумкин эди, аммо «Рейнжерс»ни Макгрегор қутқариб қолди.

Аякс — Ливерпул 0:3
Голлар: Салоҳ (42), Нуньес (49), Эллиотт (52). 
Аякс – Пасвеер, Санчес, Басси, Тимбер, Блинд (Вейндал, 58), Классен (Қуддус, 58), Альварес (Гриллич, 85), Тадич, Бергейс (Консейсау, 85), Бергвейн, Бробби (Тайлор, 63). 
Ливерпул – Алиссон, Александер-Арнолд, ван Дейк, Гомес, Робертсон (Цимикас, 87), Эллиотт (Карвалью, 71), Ҳендерсон (Милнер, 71), Фабиньо (Байчетич, 71), Фирмино, Салоҳ, Нуньес (Жонс, 63).

Плей-оффга чиқиш имконини сақлаб қолиш учун «Аякс» қолган икки учрашувда ҳам ғалаба қозониши талаб этиларди, аммо амстердамликлар ўйинни Бергҳайснинг дарвоза устунига теккан зарбаси билан бошлашди ва ҳужумларни муваффақиятсиз давом эттирди. «Ливерпул» эса биринчи бўлимдаёқ тажриба эвазига натижага эришди. Ҳендерсоннинг нозиклик билан йўллаган паси ва Салоҳнинг гол сезиш қобилияти мезбонлар дарвозабони Пасвеерни доғда қолдирди.

Иккинчи бўлим бошида Нуньес бурчак зарбаси ижро этилганида маҳоратини ишга солиб, боши билан тўпни дарвозанинг олис бурчагига йўллади, бир неча дақиқа ўтиб Эллиот тўпни тўсин остидан дарвоза тўрига жойлади ва амалда мезбонлар оқ байроқ кўтаришди.

Энди улар сўнгги турда Глазгода Европа Лигаси йўлланмаси учун курашади. Эрик тен Ҳаг кетгач кўп нарса йўқотган «Аякс» йўлланмага эга бўлиши учун «Рейнжерс»га йирик ҳисобда ютқазмаслиги ҳам кифоя қилади.

1 ноябр. Ливерпул — Наполи, Рейнжерс — Аякс.

Кейн ғалаба голисиз қолди

Тоттенҳэм — Спортинг 1:1
Голлар: Бентанкур (80) — Эдвардс (22).
Тоттенҳэм – Льорис, Доэрти (Хиль, 71), Дайер, Дэвис (Лангле, 81), Ромеро, Перишич, Ҳёйбьерг, Бентанкур, Сон, Моура (Эмерсон, 82), Кейн.
Спортинг – Адан, Порро, Коатес, Рейс, Инасиу, Сантуш (Назинью, 62), Угарте, Морита (М.Фернандеш, 61), Паулинью (Сен-Жюст, 75), Эдвардс (Иссахаку, 71), Тринкау (Артур, 71).
Огоҳлантиришлар: Коатес (41), Ромеро (67), Угарте (83).
Четлатиш: Конте (90).

Бир ой муқаддам «Спортинг» «Тоттенҳэм»ни мағлуб этган ва икки турдан кейин 6 очко билан гуруҳда етакчилик қилаётганди. Аммо лиссабонликлар «Марсел»га қарши икки ўйинни ҳам барбод қилишди, икки ўйинда ҳам дарвозабон ва ҳимоячилар панд беришди ва жамоа учинчи ўринга тушиб кетди. Португаллар Лондонга қурбон ролида келишди, аммо бунга «Тоттенҳэм» тарбияланувчиси Эдвардс рози бўлмади ва узоқдан йўллаган аниқ зарбаси билан Ллорисни тўпни дарвозадан олиб чиқишга мажбур қилди.

Иккинчи бўлим кутилганидек мезбонларнинг адоқсиз босимлари билан кечди ва бу ўйин охирларида натижа берди. Ва яна «Спортинг»ни Адан уялтирди, у бурчак зарбаси ижро этилганида тўпга чиқишда ёмон ҳаракат қилди ва Бентанкур ҳисобни тенглаштирди. Бир неча дақиқа ўтиб Дайер «Тоттенҳэм»ни ҳисобда олдинга олиб чиқишга яқин келди. Мезбонлар «шерлар»ни барибир таслим этадигандек кўринаётганди ва Кейн қўшимча дақиқаларда дарвозани ишғол ҳам қилди, аммо VAR офсайд қайд этди.

Айнтрахт — Марсел 2:1
Голлар: Камада (3), Коло-Муани (21) — Гендузи (22).
Айнтрахт – Трапп, Якич, Ндика, Смолчич, Ленц (Пеллегрини, 45), Эбимбе (Алиду, 79), Гётце, Соу, Камада, Линдстрем (Роде, 69), Коло-Муани (Борре, 79).
Марсель – Лопес, Клосс (Суарес, 86), Мбемба, Жиго (Колашинац, 60), Балерди, Нуну Тавареш, Верету, Ронжье, Ҳарит, Гендузи (Ундер, 60), Санчес.
Огоҳлантиришлар: Нуну Тавареш (25), Верету (40), Коло-Муани (54), Смолчич (57), Тудор (73), Эбимбе (75), Суарес (86).

«Айнтрахт» эса сўнгги ўриндан юқорилаб, гуруҳдаги вазиятни янада чалкаштириб юборди. Ҳа, немислар Гендузининг ажойиб гол уришига халал бера олмади, аммо «бургутлар» бунгача икки гол уриб бўлишганди. Илк дақиқаларда Жиго иложсиз аҳволда қолдирилди, кейин эса Гётце ва Коло Муани комбинацияси билан ҳисобдаги устунлик оширилди. «Марсел» энди сўнгги ўринда, аммо бу жамоада ҳам плей-оффга чиқиш имконияти сақланиб қолмоқда. Бу квартетда бир ҳафтадан кейин иккита финалга тенг ўйин бўлиб ўтади.

1 ноябр. Спортинг Л — Айнтрахт Ф, Марсел — Тоттенҳэм.

Кун статистикаси

  • «Барселона» ХХI асрда илк бор кетма-кет икки йил гуруҳдан чиқа олмади. Сўнгги бор ван Гал билан (1997/98, 1998/99) шундай бўлган.
  • Ибраҳимович, Киву ва Карьюдан кейин еврокубокларда 7 та турли клублар сафида гол урган 4-футболчи Мхитарян бўлди.
  • «Порту» дарвозабони Диогу Кошта барча турнирлар доирасида 5 пенальтини қайтарди ва клубнинг янги рекордини ўрнатди.
  • 27 ёшу 295 кун — «Аякс»нинг Чемпионлар лигаси тарихидаги энг катта ёшли таркиби.

Мавзуга оид

Эълонлар

Thompson Xалқаро мактаблари битирувчилари Британия университетларига имтиҳонсиз қабул қилиниши мумкин

“Euroasia Insurance” суғурта компанияси томонидан кўриб чиқилган суғурта ҳодисаси бўйича ҳисобот

Paynet: Ўзбекистонда финтех соҳасини тубдан ўзгартиришга қаратилган 5 янги хизмат

“Uzbekinvest” суғурта компанияси 2025 йилнинг I ярим йиллиги якунларини эълон қилди

Thompson Xалқаро мактаблари битирувчилари Британия университетларига имтиҳонсиз қабул қилиниши мумкин

“Euroasia Insurance” суғурта компанияси томонидан кўриб чиқилган суғурта ҳодисаси бўйича ҳисобот

Paynet: Ўзбекистонда финтех соҳасини тубдан ўзгартиришга қаратилган 5 янги хизмат

“Uzbekinvest” суғурта компанияси 2025 йилнинг I ярим йиллиги якунларини эълон қилди

Thompson Xалқаро мактаблари битирувчилари Британия университетларига имтиҳонсиз қабул қилиниши мумкин

“Euroasia Insurance” суғурта компанияси томонидан кўриб чиқилган суғурта ҳодисаси бўйича ҳисобот

Paynet: Ўзбекистонда финтех соҳасини тубдан ўзгартиришга қаратилган 5 янги хизмат

“Uzbekinvest” суғурта компанияси 2025 йилнинг I ярим йиллиги якунларини эълон қилди