Жаҳон | 13:47 / 19.09.2022
2391
2 дақиқада ўқилади

Байден: Коронавирус билан боғлиқ муаммолар ҳали мавжуд, аммо пандемия тугади

Коронавирус билан боғлиқ муаммолар ҳали ҳам мавжуд, аммо пандемия тугади, деди АҚШ президенти CBS телеканалига берган интервьюсида. Унинг маъмурияти вакилларига кўра, бу баёнотлар олдиндан режалаштирилмаган.

Фото: CNN

COVID-19 пандемиясини тугаган деб ҳисоблаш мумкин, деди АҚШ президенти Жо Байден. «Бизда ҳали ҳам ковид билан боғлиқ муаммолар бор, бунинг устида кўп ишлаяпмиз. Аммо пандемия тугади. Агар эътибор берсангиз, ҳеч ким ниқоб тақмаяпти. Ҳамма жуда яхши ҳолатда. Менимча, вазият ўзгармоқда», деди у 18 сентябр, якшанба куни кечқурун CBS телеканалида эфирга узатилган интервью давомида. 

Худди шу интервьюда Байден пандемиянинг умумий таъсирини енгил қабул қилмаётганини айтди. Хусусан, унинг «Америка руҳиятига улкан таъсири» ва одамларнинг ўзига, яқинларига ҳамда миллатига бўлган муносабатидаги жиддий ўзгаришларни тан олди. Бундан ташқари, АҚШ бир миллион одамини йўқотди, дея қўшимча қилди президент. 

Politico журналининг унинг маъмурияти икки расмийсига таяниб ёзишича, Байденнинг баёнотлари олдиндан режалаштирилган баёнотлар рўйхатига киритилмаган. 

Айни пайтда, Жон Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, сўнгги 28 кун ичида АҚШда 2 миллиондан ортиқ коронавирус инфекцияси расман аниқланган, ҳар куни юзлаб одамлар унинг оқибатларидан вафот этади. Жо Байденнинг ўзи июл ойида иккинчи марта коронавирус инфекциясига чалинди, касаллик енгил аломатлар билан ўтди. 

Мавзуга оид