Жаҳон | 13:24 / 11.07.2022
8077
2 дақиқада ўқилади

Литвада Калининградга транзит учун санкциялар кучга кирди

Калининград областига Литва орқали юк ташишни тақиқлаш цемент, спирт ва Россияда ишлаб чиқарилувчи бошқа бир қатор товарларга тааллуқлидир.

Фото: Picture Alliance

Литвада Европа иттифоқи ҳудудига цемент, спирт ва Россияда ишлаб чиқарилувчи бошқа бир қатор товарларни олиб киришни тақиқлаш бўйича қарор кучга кирди, чеклов Калининградга транзитга таъсир қилади, деб хабар берди Delfi портали. Маълумотни 11 июль, душанба куни Вилнюсдаги Молия вазирлиги қошидаги божхона департаменти вакилига таяниб, Reuters агентлиги ҳам тасдиқлади. 

Унинг сўзларига кўра, тақиқ ёғоч ва саноат мақсадидаги кимёвий моддаларга ҳам тегишлидир. 

Литва Ташқи ишлар вазирлиги Калининград области ва Россия Федерациясининг бошқа ҳудудлари ўртасида ерусти транзити тўхтатилмагани ёки тўсиб қўйилмаганини таъкидлади. «Евроиттифоқ санкцияларига тааллуқли бўлмаган йўловчилар ва юкларнинг транзити давом этмоқда. Литва ушбу транзитга ҳеч қандай бир томонлама, индивидуал ёки қўшимча чекловлар киритмаган», - дейилади ТИВ хабарида. 

Цемент, спирт ва бошқа маҳсулотларни олиб кириш ва ташишни тақиқлаш Россиянинг «бу товарлардан катта даромад олиши ва шу сабабли Украинадаги вазиятни беқарорлаштирувчи ҳаракатлар содир этиши мумкинлиги» билан изоҳланган. Айрим истиснолар фақат калий хлорид ва таркибида азот, фосфор ва калий бўлган минерал ёки кимёвий ўғитлар учун кўзда тутилган, дея таъкидлайди Delfi портали. 

Чекловларнинг навбатдаги кенгайиши 10 августда юз бериши кутилмоқда, ўшанда кўмир ва бошқа қаттиқ қазилма ёқилғиларни ташишга тақиқ амал қила бошлайди.

Европа иттифоқи санкцияларининг тўртинчи босқичи Россиянинг Украинага қарши ҳарбий тажовузига жавоб тариқасида март ойида киритилган эди. 

Мавзуга оид