ТИВ Россиядаги ўзбекистонликларни ватанга қайтариш бўйича маълумот берди
Чартер рейслари учун фуқаролар рўйхатини шакллантиришда биринчи галда оғир касалликдан азият чекаётганлар, ҳомиладорлар ва ёш болали аёллар, қариялар, «Uzbekistan Airways» авиакомпанисининг 16 мартдан 21 мартгача бўлган даврдаги бекор қилинган рейслари учун чиптага эга йўловчилар инобатга олинади.

Фото: KUN.UZ
Россия ва бошқа давлатлардаги Ўзбекистон фуқароларини юртга қайтариш бўйича саволларга АОКА қошида коронавирусга қарши махсус ташкиллаштирилган штабда «Ўзрепорт» телеканали орқали тўғридан-тўғри узатилган эфир чоғида Жаҳонгир Хидайходжаев жавоб берди
Россиядаги элчихонамиз нега брифинг уюштириб, маълумот бермаяпти?
– Коронавирус тарқалиши муносабати билан Россия ҳукумати оммавий тадбирлар уюштиришга чеклов қўйган. Ушбу вирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида элчихона ўтказадиган барча тадбирлар бекор қилинган. Дипломатларнинг ҳам оммавий тадбирларда иштирокига чеклов қўйилган.
Россиядаги фуқароларимизни тезкор маълумотлар билан таъминлаш мақсадида элчихонанинг расмий веб сайти ишлаб турибди, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари янгиланиб турибди. Уларда 16 мартдан бери жами 43 та материал жойлаштирилган.
Москва аэропортида уч кундан буён қолиб кетдик, ётишга жойимиз йўқ. Бу муаммо қачон ва қандай ҳал қилинади?
– Бу мурожаат бўйича кеча тезкор чора тадбирлар кўрилди. Москвадаги аэропортдаги фуқароларимиз меҳмонхоналарга жойлаштирилди. Ҳозир бу муаммони энди ҳал қилинди десак ҳам бўлади. Чартер рейс ташкиллаштирилгунга қадар Москва аэропортларидаги фуқароларимиз вақтинча турар жой билан таъминланмоқда. Бу учун Москвадаги элчихонамизга молиявий маблағлар ажратилди. Бу борада бошқа йўналишлардаги ишлар ҳам давом эттирилади.
Эслатиб ўтаман, бу фақат Ўзбекистоннинг эмас, бутун дунё давлатларини ўйлантираётган муаммо. Нафақат Россиядаги, балки бошқа давлатлардаги фуқароларимиздан ҳам бундай вазиятда хотиржамликни сақлашни сўраган бўлардим.
Россиядан қайтувчилар рўйхатига кириш учун нима қилиш керак?
– Москвадаги Ўзбекистон элчихонаси ёки Россияда жойлашган Бош консулхоналаримиз ҳузурида фуқароларимизнинг мурожаатларига тезкор жавоб қайтариш бўйича тузилган штабларга телефон ёки бошқа алоқа воситалари орқали мурожаат қилиб, ватанга қайтиш истаги борлигини ва ўзини шундай рўйхат қўшишни сўраш керак.
Бунда фуқаромиздан ўз паспорти нусхасини оператив штаб электрон почтасига юбориш ва ўзи турган манзил ҳақида хабар бериши сўралади.
Агар қўлида «Uzbekistan Airways» авиакомпаниясининг бекор қилинган рейслари учун чиптаси бўлса, уни ҳам тақдим қилиш тавсия этилади.
Москвадан 19 мартда учиб кетиш учун олган чиптам куйди. Энди бизни олиб кетиш учун келадиган чартер рейс учун ҳам чипта олишим керакми?
– Давлат раҳбарининг топшириғига биноан 21 мартдан бошлаб, чартер рейслари орқали чет элдаги, хусусан Россиядаги фуқароларимизни олиб келиш ташкил этилади. «Uzbekistan Airways» авиакомпаниясининг бекор қилинган рейсларига чипталари ташкил қилинадиган чартер рейслар учун ўз кучини йўқотмайди.
Чартер рейслари учун фуқароларимиз рўйхатини шакллантиришда оғир касалликдан азият чекаётганлар, ҳомиладорлар ва ёш болали аёллар, қариялар, «Uzbekistan Airways» авиакомпанисининг 16 мартдан 21 мартгача бўлган даврдаги бекор қилинган рейслари учун чиптага эга ҳамюртларимиз биринчи галда инобатга олинади.
Мавзуга оид

00:30 / 09.06.2025
Хитойда глобал пандемияга олиб келиши мумкин бўлган янги коронавирус аниқланди

11:25 / 30.05.2025
ССВ: Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ эпидемиологик вазият барқарор

17:25 / 29.05.2025
Осиёда COVID яна кенг тарқалди, ҳукуматлар ниқоб тақишга чорламоқда

23:21 / 15.05.2025