Ўзбекистонлик автомеханиклар Япониядаги халқаро танловда иштирок этди
30 октябрь куни Япониянинг Фужисава шаҳрида анъанавий «I-1 Grand-Prix Isuzu» халқаро техника танлови бўлиб ўтди.
14-маротаба ўтказилган танловда Ўзбекистон жамоаси 7-марта қатнашди.

Kun.uz мухбирининг Фужисавадан хабар беришича, бу гал ўзбекистонлик техниклар «B» категорияда 22 жамоа орасидан 14-ўринни эгаллади.
Мусобақада Ўзбекистон шарафини «SamAuto» МЧЖ мутахассиси Алишер Ҳожиев (жамоа сардори), «Imagine» МЧЖ дилерлик маркази автомеханиклари Элмурод Маҳмудов ва Баҳром Тошпўлатов ҳимоя қилди.

Танловда дунёнинг 32 давлатидан жами юзга яқин автоусталар қатнашди. Isuzu`нинг глобал дилерлик тармоғи вакиллари бўлган бу мутахассислар амалий топшириқлар орқали автомобилларга техник хизмат кўрсатиш бўйича маҳорати, ёзма тестларда эса автомобилсозликка оид билимларини синовдан ўтказдилар.
«Самавто» сервис хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи Тимур Ладиннинг сўзларига кўра, амалий топшириқлар уч босқичдан иборат.
«Биринчи босқичда машинани тўлиқ техник кўрикдан ўтказиш, бунда аниқланган носозликларни иккинчи босқичда тузатиш керак. Сўнгги шартда эса алоҳида олинган агрегатдаги носозлик бартараф қилиниши талаб этилади. Жамоада жараёнларни сардор бошқариб боради», – дейди «Самавто» вакили.

Маълумот учун, Ўзбекистон автомеханиклари мазкур мусобақадаги энг яхши кўрсаткичини 2014 йилда қайд этган, ўшанда жамоа 3-ўринни қўлга киритган эди.
Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон автосаноати Япониянинг Isuzu Motors компанияси билан 2007 йилдан буён ҳамкорлик қилиб келади. Самарқанд автомобиль заводида Isuzu моделидаги автобуслар, юк ва махсус автомобилларнинг 30дан ортиқ турлари ишлаб чиқарилмоқда.

Мавзуга оид

10:58 / 13.05.2025
Тошкент вилоятида махсус юк автомобили ёниб кетди

08:14 / 11.04.2025
Қорақалпоғистонда Isuzu ва DAF юк машиналари тўқнашди

18:20 / 05.04.2025
Anadolu Isuzu SamAutoʼнинг назорат пакетини сотиб олмоқчи

15:47 / 24.12.2022