Мир | 20:35 / 15.03.2025
604
2 минут чтения

Павел Дуровга Францияни тарк этиш учун рухсат берилди

Telegram асосчиси 2024 йил августда Парижда ҳибсга олинганидан сўнг, мамлакатни тарк этиши тақиқланган эди.

Фото: lukomore.org/Global Look Press

Telegram асосчиси Павел Дуров суд рухсати билан Францияни тарк этди ва Дубайга йўл олди, деб хабар берди AFP маълумотларига таяниб РБК.

Дуров 2024 йил августида Парижнинг Ле Бурже аэропортида ҳибсга олинди. Даъволар Telegram модерацияси ва ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорлик қилишдан бош тортиш билан боғлиқ бўлиб, оқибатда тадбиркор болалар порнографияси, фирибгарлик ва бошқа жиноятларни тарқатишда гумонланувчига айланди. У бир неча кун ҳибсда сақланди, кейин 5 миллион евро гаров ва ҳафтасига икки марта полицияга хабар бериш мажбурияти эвазига қўйиб юборилди. Унга Франция ҳудудини тарк этиш тақиқланди. 2024 йилнинг ноябрь ойидан бошлаб Бельгия ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳам Дуров иши бўйича терговга қўшилди.

Париж прокурори Лор Бекко Дуровга қарши ишни кибержиноятларга қарши кураш нуқтаи назаридан намунали деб атади ва Telegram ҳуқуқ-тартибот идораларининг сўровларига, айниқса, болалар порнографиясига оид сўровларга жавоб бермаганини таъкидлади. Тергов давомида Франция жандармерияси 2013 йилдан 2024 йилгача Telegram ҳуқуқ-тартибот органларининг сўровларига жавоб бермаган 2400 дан ортиқ ҳолатни санаб ўтди.

Февраль ойи бошида Франция прокуратураси Дуровнинг иши камида бир йил давомида судга етказилмаслигини маълум қилганди.

Новости по теме