Жаҳон | 08:15 / 23.07.2025
3550
2 дақиқада ўқилади

Испанияда Украина ИИВ собиқ ходими ўлик ҳолда топилди

Украина Ички ишлар вазирлигининг собиқ ходими Грушевскийнинг жасади аввалроқ россиялик учувчи Кузминов ўлдирилган Виляхойосадаги турар жой мажмуасининг сузиш ҳавзасидан топилди, деб ёзади El Espanol.

Фото: AP

Украина Ички ишлар вазирлигининг Уюшган жиноятчиликка қарши кураш департаментининг собиқ ходими Игор Грушевский Испанияда вафот этди, деб хабар бермоқда Испаниянинг El Espanol газетаси. У 2024 февралда Украина Қуролли кучлари сафига ўтган россиялик учувчи Максим Кузминов ўлдирилган турар жой мажмуасида ўлик ҳолда топилган.

Газетанинг ёзишича, Грушевский ноаниқ шароитда вафот этган. Унинг жонсиз жасади 29 июн куни мамлакат шарқидаги Виляхойоса курорт посёлкасидаги Cala Alta турар жой мажмуасининг сузиш ҳавзасидан топилган. Танада зўравонликнинг аниқ белгилари бўлмаса-да, унинг бир қулоғидан қон оққан. El Espanol нашрининг ёзишича, ўлимга юракнинг тўсатдан тўхтаб қолиши ёки инсулт сабаб бўлиши мумкин, бироқ қотиллик эҳтимоли ҳам инкор этилмайди.

61 ёшли Грушевский Украина Ички ишлар вазирлиги Уюшган жиноятчиликка қарши кураш департаментининг, кейинроқ эса Миллий полициянинг собиқ юқори мартабали амалдори бўлган, деб ёзади газета. Эҳтимол, у нафақага чиққанидан кейин Испанияга кўчиб ўтган. Собиқ амалдор ўлимидан сал аввал турар жой мажмуасидан квартира сотиб олиб, уни таъмирлаётган эди.

Украина Ташқи ишлар вазирлиги мамлакатнинг Барселонадаги бош консуллигига таяниб, Грушевский сувда чўкиб ҳалок бўлганини маълум қилди. «Консуллар жасадни Украинага қайтариш учун тегишли ҳужжатларни тайёрлашда ёрдам кўрсатди», — дея маълум қилди ТИВ матбуот хизмати журналистларга.

Мавзуга оид