Жаҳон | 17:25 / 20.07.2025
14773
3 дақиқада ўқилади

Astronomer компанияси раҳбари Coldplay концертидаги ҳодисадан кейин ишдан кетди

Энди Байрон Coldplay концерти вақтида ҳамкасбини қучоқлаб турганида камерадан қочишга урингани акс этган видео тарқалиши ортидан рафиқасига хиёнатда гумонланаётганди.

Фото: Видеодан кадр

Америкадаги Astronomer IT-компанияси ўз бош директори Энди Байрон истеъфога чиққанини эълон қилди.

«Аввал айтиб ўтилганидек, Astronomer ташкил этилганидан бери биз қадриятлар ва маданиятга содиқ. Раҳбарларимиздан хулқ-атворда ҳам, масъулиятда ҳам стандартлар ўрнатиш кутилади, аммо сўнгги пайтларда бу стандартларга риоя қилинмаяпти. Энди Байрон истеъфога чиқди ва директорлар кенгаши унинг истеъфосини қабул қилди», – дейилади компания томонидан 19 июлда эълон қилинган баёнотда.

Компаниядагилар директорлар кенгаши янги бош директор излашни бошлагани, ҳозирча раҳбар вазифасини Astronomer ҳаммуассиси ва маҳсулотлар бўйича бош директори Пит Деджой вақтинча бажариб тургани таъкидланган.

17 июл куни Coldplay гуруҳи концертининг танаффуси вақтида анъанавий «Ўпич камераси» шоуси ташкил этилди. Унда ТВ камераси концертга бирга келган эркак ва аёлга қаратилади, улар эса бир-бирини ўпиши керак бўлади. Ушбу шоу Қўшма Штатлардаги кўплаб тадбирлар, спорт ўйинларида машҳур бўлиб, кўнгилочар анъанага айланган.

Ўша куни ҳам камера бир-бирини қучиб турган жуфтликка қаратилди. Улар эса ўзини экранда кўришганида, эркак тўсиқлар ортига яширинди, аёл эса юзини қўллари билан беркитиб, тескари ўгирилди. «Қаранга-а. Ёки улар ўртасида ишқий роман бор, ёки улар жуда уятчан», – дея вазиятни шарҳлади Coldplay фронтмени Крис Мартин.

Концертдан олинган ролик ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди. ОАВ маълумотларига кўра, видео қаҳрамонлари – Astronomer бош директори Энди Байрон ҳамда унинг ҳамкасби, ходимлар бўйича директор Кристин Кэбот. Шу билан бирга, Байрон оилали экани барчага маълум, у хиёнатда гумон қилинган. Кэбот ҳам турмушга чиққан бўлиши мумкин, у буни омма олдида тасдиқламаган.

Видео тарқалиши ортидан Astronomer ички текширув бошлаганди.

Байрон ҳам, Кэбот ҳам вирусли ролик юзасидан изоҳ бермади

Astronomer’​​нинг ҳодисадан кейин эълон қилган баёнотларида Кристин Кэбот тилга олинмаган.

Мавзуга оид