Таълим | 18:14 / 19.07.2025
3540
3 дақиқада ўқилади

Ўқишни “перевод” қилиш учун пул тўланадими?

Давлат ОТМдан бошқа давлат таълим муассасасига ўқишни кўчириш учун тўлов талаб қилинмайди. Бирор хусусий ёки хорижий олийгоҳдан давлатникига ўтиш учун тест топширилиши ва БҲМнинг ярми, 187,5 минг сўм БМБАга тўланиши белгиланган. 

Фото: Kun.uz

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йилда қабул қилган 393-сонли қарорида ОТМга ўқишга қабул қилиш, талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби белгиланган.

Унга кўра, талаба Ўзбекистондаги нодавлат ёки хорижий ОТМ филиалидан давлат олийгоҳига мос ёки турдош йўналиш бўйича ўқишни кўчириш учун рўйхатдан ўтган тақдирда, ушбу таълим йўналишига кириш фанларидан махсус синов (тест) топширади ва унинг натижасига кўра ўқишини кўчириш масаласи кўриб чиқилади.

Бу жараёнда тестда иштирок қилиниши сабаб Билимларни баҳолаш агентлигига ўзининг расмий сайти орқали БҲМнинг ярми, 187 500 сўм миқдорида тўлов қилинади. Агентлик вакилларига кўра, айни тўлов суммаси Давлат комиссиясининг ХДФУ кўринишида чиқувчи баёнида қайд этилган. Агар ўтиш баллини тўплай олмаса, супер-контракт шартлари асосида ўқишини кўчириш мумкин.

Агар талаба ўқишини давлат университетининг турдош бўлмаган таълим йўналишига кўчириш бўйича рўйхатдан ўтса, ушбу таълим йўналиши учун белгиланган табақалаштирилган тўлов-контрактнинг минимал миқдоридаги бир марталик тўловни амалга ошириши керак бўлади.

Давлат ОТМдан бошқа давлат ОТМга ўқишни кўчириш учун эса ҳеч қандай тўловлар қилинмайди. Буни transfer.edu.uz сайти орқали амалга ошириш мумкин.

Фақат иккита вазиятда ўқишни кўчириш учун талабаларга рухсат этилади:

•  Талаба оила қурган бўлса ва турмуш ўртоғи доимий яшайдиган ҳудуддаги ОТМга кўчишни хоҳласа;

•  Давлат хизматчиси иш юзасидан бошқа ҳудудга кўчса ва унинг турмуш ўртоғи ёки вояга етмаган фарзандининг ўқишини ўша ҳудудга кўчириш истаги бўлса, ишга кирган вазирлик хати асосида ўқишни кўчириш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг тегишли буйруғи билан 2025/2026 ўқув йили учун хорижий ва нодавлат олий таълим муассасаларидан талабалар ўқишини республика давлат олий таълим муассасаларига кўчириш бўйича ўтказиладиган махсус синовлар бўйича ўтиш баллари тасдиқланганди.

Қайд этилишича, ўтиш баллари шу йилда ҳам тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идораларнинг таклифлари асосида шакллантирилган.

Мавзуга оид