Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Чиройли эмас – хавфсиз бўлсин: қуёшдан ҳимояловчи кўзойнак қандай танланади?
Кўпчилик кўзойнакларни фақат гўзаллик улашувчи аксессуар деб билади: нархи арзон ва дизайни қулай бўлса, дарров сотиб олади. Аслида мазкур маҳсулот қуёшли кунларда кўз учун энг зарур ҳимоя воситаси ҳисобланади, аммо унинг нотўғри танлангани фойда ўрнига зарар етказиши мумкин. Ушбу мақолада қуёш нурларини қайтара оладиган, сифатли кўзойнаклар қандай бўлиши ва уларни тўғри танлашда нималарга эътибор бериш зарурлиги ҳақида тўхталамиз.

Ёз фасли қуёш нурлари энг фаол бўладиган давр. Бу пайтда офтобдан келаётган UV (ултрабинафша) нурлари тери билан бир қаторда кўзни ҳам шикастлайди. Хусусан, қуёш нурлари таъсирида кўзда
- катаракта;
- тўр парданинг зарарланиши;
- қуриш;
- фотофобия (ёруғликка сезувчанлик) каби муаммолар кузатилиши аниқланган. Шу сабабдан қуёш нурларидан кўзларни ҳимоя қилиш саломатликни асраш нуқтайи назаридан муҳим чора ҳисобланади.
Соат 10:00 дан 16:00 гача бўлган вақт оралиғида ултрабинафшавий нурланиш энг юқори даражага чиқади. Бу вақтда очиқ ҳавода юриш кўз тўқималарига ортиқча юклама беради. Натижада кўзнинг ички қатламлари, айниқса, тўр парда (сетчатка) ва гавҳар қават (линса) яллиғланади. Мазкур ҳолатнинг узоқ муддатли таъсири эса кўзнинг эрта қариши ва кўриш қобилиятининг заифлашувига олиб келиши мумкин.
Жазирама кунларда кўзни қуёшнинг зарарли таъсирларидан ҳимоя қилиш учун кўзойнак тақиш тавсия этилади. Унинг фақат чиройли аксессуар эмас, ҳақиқий ҳимоя воситаси сифатида хизмат қилиши учун эса танловда қуйидаги жиҳатларга эътибор қаратиш зарур:
UV400 белгиси
Қора линзали кўзойнакни таққанингизда кўз қорачиғи автоматик равишда кенгаяди, чунки кўз атрофдаги ёруғлик миқдорини камайган деб қабул қилади. Агар кўзойнакда УВ филтри бўлмаса, кенгайган қорачиқ орқали зарарли ултрабинафша нурлари кўзойнак тақилмаган ҳолатдагидан кўпроқ миқдорда ичкарига киради.
UV400 – махсус белги бўлиб, бундай нишони бор кўзойнак линзаси 400 нанометргача бўлган, яъни инсон кўзига зарар етказиш эҳтимоли юқори ҳисобланган ултрабинафша нурларини тўлиқ ушлаб қолади ва кўзга ўтишига йўл қўймайди. Оддий қилиб айтганда, бундай кўзойнак қуёшнинг кўзга тушадиган зарарли зарраларини 99–100% миқдорда тўсади, кўз қорачиғи кенгайган ҳолатда ҳам хавфсизликни таъминлайди, кўздаги чарчоқ, хиралик, ачишишни камайтиради.
UV400 ҳимоясига эга кўзойнакни танлашда энг аввало ёрлиғига эътибор беринг: унда “UV” ёки “100% UV protection” ёзуви бўлиши керак. Агар бу белгилар йўқ ёки фақат “sun protection” деб ёзилган бўлса, бундай маҳсулот кўз учун етарли ҳимоя бермаслиги мумкин.
Дўкон ёки оптика салонида кўзойнакни текшириш учун махсус қурилмалар мавжуд бўлади, маҳсулотни харид қилишдан олдин сотувчидан линзанинг UV филтри ҳақидаги ҳужжат ёки сертификатни сўранг. Ёки кўзойнакни ўша жойнинг ўзида UV-нур ўлчовчи мослама орқали текширтириб кўринг. Ишончли ва сифатли брендлар одатда бундай маълумотни очиқ тақдим этади.
Профессионал оптика салонлари ёки дорихоналарда сотиладиган кўзойнаклар UV ҳимояси бор-йўқлиги бўйича синовдан ўтказилган бўлади. Тасодифий жойларда ёки бозор расталаридаги арзон маҳсулотлар эса бу жиҳатдан кафолат бермайди.
Линза ранги
Кўзойнак танлаётганда линзанинг ранги нафақат эстетик кўриниш, балки кўз саломатлиги ва кўриш қулайлиги учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Рангли линзалар ёруғликни турлича сингдиради, атрофдаги рангларни фарқли акс эттиради. Улар кўзга бўлган юкламани камайтириши ёки аксинча, кучайтириши мумкин.
Масалан:
- Кулранг линзалар ёруғликни бир хил даражада камайтиради ва рангларни табиий ҳолича сақлаб қолади ва кундалик фойдаланиш учун энг мақбул вариант ҳисобланади.
- Жигарранг линзалар ёруғлик ва соялар орасидаги контрастни оширади, ҳаракат жараёнида, яъни автомобил ҳайдаш ёки спорт билан шуғулланишда фойдали бўлади. Йўлни аниқ кўриш, сигнал ва белгиларнинг тез фарқланиши учун жигарранг линзалар қулай танлов саналади.
- Сариқ ёки яшил линзалар паст ёруғликда, масалан, туманли об-ҳаво ёки қуёш ботган вақтларда кўришни яхшилайди. Улар ёруғликка сезувчанликни оширади ва кўриш қобилиятини тиниқлаштиради.
- Мовий, яшил ва қизил линзалар эса чиройли кўринса-да, кўзга ортиқча зўриқиш бериши мумкин, уларни узоқ вақт давомида тақиш тавсия этилмайди.
Шакли ва ўлчами
Қуёш нурларидан тўлиқ ҳимоялаш учун кўзойнак фақат кўзни эмас, унинг атрофидаги терини ҳам қамраб олиши лозим. Кенгроқ ва юзга яқин жойлашадиган кўзойнаклар ён томонидан кириб келадиган ултрабинафша нурларини ҳам тўсади.
Авиатор, спорт услубидаги ёки oversize шаклдаги кўзойнаклар фойдали ҳисобланади. Улар кўз, қовоқ, ён юз терилари ва ҳатто қош усти қисмини ҳам ҳимоялайди.
Юз тузилмасига тўғри келадиган, қулай жойлашадиган ва ҳаракатда силжиб кетмайдиган шаклни танлаш муҳим. Жуда тор ёки кичик кўзойнаклар эса ҳимоя функциясини тўлиқ бажара олмайди ва қуёш нурларининг ён ёки пастдан кириб келишига имкон беради.
Сертификат ва бренд
Кўзойнак харид қилаётганда сертификатлар, бренд ва маҳсулотнинг қаерда ишлаб чиқарилганига эътибор бериш керак. Агар маҳсулот хориждан олиб келинган бўлса, унда одатда қуйидаги белгилар мавжуд бўлади:
• CE – Европа Иттифоқи талабларига жавоб беришини билдиради;
• UV400 – кўзойнак 400 нанометргача бўлган зарарли нурларни тўлиқ тўсишини англатади;
• ANSI ёки FDA – маҳсулот хавфсизлик ва сифат талабларига жавоб беришини кўрсатади.
Ўзбекистон бозорида эса ушбу белгиларга эга бўлган сифатли брендлар оптика дўконларида ёки расмий дистрибюторларда сотилади. Афсуски, бозорда ёки йўл бўйидаги кўзойнакларнинг аксариятида бундай сертификатлар бўлмайди. Қолаверса, улар ташқи томондан чиройли кўринса-да, амалда ҳеч қандай ҳимоя хусусиятига эга эмас, ҳатто зарарли бўлиши ҳам мумкин.
Полароид линзалар (қайтган нурга қарши ҳимоя)
Оддий қуёш нурларидан ташқари сув юзаси, асфалт йўл, автомобил ойнаси, қорли майдонлар каби силлиқ сатҳлардан қайтган кучли ёруғлик нурлари ҳам кўзимизга салбий таъсир кўрсатади. Бундай нурлар кўзни чарчатади, тасвирни хиралаштиради ва узоқ вақт давомида ноқулайлик туғдиради. Полароид (поларизацияланган) линзалар эса айнан шу муаммоларни бартараф этишга ёрдам беради.
Ушбу линзалар махсус қаватга эга бўлиб, горизонтал йўналишда қайтган ёруғлик тўлқинларини “филтрлайди”, кўзга зарарсиз, фойдали нурларни ўтказади. Натижада кўриш анча тиниқ, контрастли ва қулай бўлади. Айниқса, автомобил бошқараётган ҳайдовчилар учун бу жуда фойдали.
Полароид линза доим бир хил даражада сифатли бўлавермайди. Кўзойнак танлаётганда унинг ёрлиғида ёки ҳужжатларида “поларизед” деб аниқ ёзилган бўлиши, шунингдек, уни расмий дўкондан олиш муҳим. Баъзида арзон ва сифатсиз маҳсулотларда ҳам бу сўз маркетинг воситаси сифатида ишлатилади, линзалар эса ҳақиқий поларизацияга эга бўлмайди.
Сифатли кўзойнак танлашда ишончли оптика дўконларига мурожаат қилинг, сотувчидан маҳсулотга оид ҳужжат ёки сертификатни сўранг. Имкон қадар халқаро ёки Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган брендларни танланг. Эсда тутинг: кўзойнак – бу оддий аксессуар эмас, кўз саломатлигини асрайдиган муҳим восита. Сифатсиз маҳсулот туфайли кўриш қобилиятингизга путур етказишингиз мумкин.
Диёрахон Набижонова тайёрлади.
Тавсия этамиз
Сўнгги янгиликлар
-
Ўзбекистон 8 та давлатдаги депортация марказларида сақланаётган аёллар ва болаларни қайтаради
Ўзбекистон | 12:18
-
Тошкент вилоятида қуриладиган аэропорт қандай бўлади?
Ўзбекистон | 12:00
-
АҚШ ва НАТО Украинага қурол етказиб беришнинг янги механизмини яратмоқда
Жаҳон | 11:56
-
Талабалар турар жойи учун ариза юбориш жараёни бошланди
Таълим | 11:20
Мавзуга оид

22:33 / 05.10.2024
Ҳарвард талабалари смарт кўзойнак ёрдамида бегоналарнинг шахсини аниқлашга муваффақ бўлди

09:44 / 21.08.2023
Олимлар кўк нурни тўсувчи «компьютер кўзойнаклари» фойдали эканини рад қилди

12:30 / 10.09.2021
Facebook тарихдаги илк “ақлли” кўзойнакни тақдим қилди

23:21 / 16.06.2021