Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Бу нарса барибир кўтарилади” – Мурод Назаров нега дарахтлар кесиш тартибини ўзгартиришни сўради?
“Murad Buildings” қурилиш компанияси асосчиси Мурод Назаров Kun.uzʼга берган интервюсида эътирозларга сабаб бўлган чиқишининг мақсадини тушунтиришга уринди. У бу орқали шахсий манфаатини кўзламаганини, тақиқ бузилиши ортидан жазо кучайтирилса ёки қурувчи қамалса ҳам ечим бўлмаслигини, мораторий масаласи барибир қайта кўриб чиқилишини айтди. Назаров ўзи таклиф қилаётган механизм бирор давлат тажрибасига асосланмаган бўлса-да, унинг ишлаб кетишидан умидвор. “Мен ҳамма танқидлар, рискни бўйнимга олган ҳолда долзарб муаммони кўтардим”, – дейди у.

17 июл куни қурилиш соҳасига бағишланган тадбиркорлар билан мулоқотда Мурод Назаров дарахтларни кесишга бўлган чеклов бекор қилиниши кераклиги ҳақидаги таклифни илгари сурди. Унинг айтишича, яшиллик қурилиш жараёнига халал бермоқда, шу сабаб тадбиркорлар айрим дарахтларни кесишга мажбур бўляпти. Назаров амалдаги тартиб ўрнига қурувчи компания зиммасига кесилган дарахтлар ўрнига янгиларини экишни юклаш кераклигини таклиф қилди.
Назаровнинг айни фикрлари жамоатчиликнинг кескин эътирозларига сабаб бўлди. Тармоқларда турли ҳазиломуз постлар ҳам пайдо бўла бошлади. Тадбиркор айни мавзуда нима демоқчи бўлганини Kun.uzʼга тушунтиришга уринди. Қуйида интервюнинг қисқа шарҳи келтирилади.
“Дарахтларни кесишга рухсат бериш керак деганим йўқ”
Мурод Назаров дастлаб нима учун бундай фикр билдирганига тўхталаркан, бу орқали шахсий манфаатини кўзламаганини қайд этди. У ўзини “тизимли муаммоларга етук, теранлик билан ёндашишга ҳаракат қилган” деб ҳисобламоқда.
“Дарахтлар муаммоси катта муаммо. Албатта, бу ўзи олдиндан биринчи ўринда экологик, ижтимоий нуқтаи назардан ҳамманинг катта ташвиши, катта бир хавотири ва катта муҳокамаларга сабаб бўлган мавзу. Буни ҳаммамиз биламиз. Бунга бефарқ бўлмаган ҳолда мораторийни ҳам қўллаб-қувватлаганмиз.
Мораторий қабул қилинди, тўғри. Жуда “беспредел”, ҳамма ёқда кесишлар, бошқа бало-баттарлар бўлгани учун резонанс [бўлди], бу тўғри бўлган. Албатта, бунга биз ҳали ҳам қўшиламиз. Лекин дарахтлар кесиляпти, лат еяпти. Буни фақат мен эмас, барчамиз кўриб турибмиз. Чунки одамлар 100 фоиз тақиқ қўйилган нарсанинг барибир ҳам қанақасигадир йўлини топади. Одамлар ақлли, ўз манфаати йўлида барибир йўлини топади. Шунинг учун шу нарсанинг механизмини тўғри ишлаб чиқиш керак. Дарахтларни кесишга рухсат бериш керак деганим йўқ. Нима қилсакки, табиатга зарар эмас, табиатга карра-карра фойдаси тегадиган механизм қилсак бўлади, деган мавзуни кўтардим”, – деди у.
Ишбилармоннинг айтишича, кесиладиган дарахтлар ўрнига олдиндан кўчатлар экилиши ва қайси туманларда қанча кўчат ким томонидан қадалганига оид маълумотлар юритилиши керак. Назаров бундай ташаббуслар муҳокамага қўйилиб, кўриб чиқилишини таклиф қилди.
“Олдиндан парвариш қилинсин ва керакли ҳажмга етгандан кейин ҳисобга олинсин. Яъни “дарахтлар банки” яратилса, олдиндан қайсидир туманларда экиб қўйилса, “мана бу жойга дарахтлар керак” деб олдиндан кўрсатилса. Қайси ташкилот ёки шахс тарафдан экилгани белгиланса, у катталашганидан кейин, ўша жойига ўрнашиб олгач, дебит-кредит қилишга ҳисобга олинсин”, – дейди тадбиркор.
Аммо суҳбатдош бундай тажриба қайси давлатларда мавжуд эканидан бехабар. Назаров бу борадаги бирор мамлакатнинг ишларини айтиб беролмади. У Ўзбекистонда бу таклифнинг муваффақиятли юриб кетишидан умидвор, лекин ишончи комил эмас.
“Барибир бу нарса бир кун кўтарилади, шунчаки тақиқ билан давом эта олмайди”
Тадбиркор тақиқни бекор қилиш эмас, уни бузганлик учун жазо чорасини кучайтириш борасида ўйлагани ёки ўйламаганига оид берилган саволга бу фойдасиз эканини билдирди. Унинг таъкидлашича, мораторийни бекор қилиш масаласи бир кун келиб барибир кўтарилади.
“Жазо чорасини қийинлаштириш керак, керак бўлса қамасин. Лекин битта нарсани, аччиқ ҳақиқатни сизга айтаман. Барибир бу нарса бир кун кўтарилади. Ҳозир мени қоралашади, ёмонлашади. Лекин шу видеони эртага 5-10 йил [ўтиб] қарашса, ўша пайтда шу нарса ишлаб чиқарилган бўлади. Бу нарса шунчаки тақиқ билан давом эта олмайди.
Баъзи нарсаларга тақиқ ечим эмас. Шаҳар реновация, реконструкция бўлади. Инсонлар, оддий жисмоний шахслар ўзининг уйини 50 – 100 йил ўтгандан кейин болалари эртага бузиб ўрнига қураман деганда ҳам ўша дарахтларга шикаст етиши хавфи бор. Шунчаки ўша 50 – 100 йиллик [дарахт] бузилиб тушгандан кейин ҳам ҳеч нима қилолмай ўтирмайди-ку. Бу – табиий жараён. Эртага барибир шу нарса кўтарилади”, – деди Назаров.
Мурод Назаров бундай кайфият ҳозирда ҳукумат вакилларида мавжуд эмаслигини, буларнинг барчаси тадбиркорнинг шахсий прогнозлари эканини айтди.
“Дарахтлар кесиляпти деганимга ҳам мени жазолашади”
Назаров тармоқларда тарқалган видеосида тақиқ бўлишига қарамай қурувчилар томонидан яшиллик йўқ қилинаётганини таъкидлаган. У таҳририят билан суҳбати давомида бу гапи учун жазоланиши мумкинлигига урғу берди.
“Ҳозир шу “кесиляпти” деган гапимга ҳам мени жазолашади. “Ким кесди, қаерда кесди, гапингга жавоб бер”... лекин кесиляпти, бу – аччиқ ҳақиқат. Мен сизга нимага яна бугунги шу учрашувни қилайлик, дедим. Мен сизга яна битта нарсани айтаман. Мени халқ ҳозир орқамдан сўкяпти, гапиряпти — нима қилса, мен хурсандман, чунки бу муносабат.
Лекин бошқа бир муносабат борки, унга жим қараб тура олмайман. Баъзи қурувчилар ҳозир менинг устимдан кулишяпти. Нима деб кулишяпти? “Эй, Мурод, жимгина юриб, ишингни қилиб, дарахтингни кесиб, соққангни қилиб юравермайсанми, сенга шу керакмиди?” деган қурувчилар бор. “Сенга нима шу қичишмаган жойни қашиб” деган қурувчилар ҳам бор. Мен ҳамма танқидларни, рискни бўйнимга олган ҳолда бу долзарб муаммони кўтардим. Бор нарсани айтдим ва бу нарсанинг ечимини ўйламасак, бу кетишда барибир йўқотишга эга бўламиз деган фикримни билдирдим.
Бу таклиф эмас, бу лобби ҳам эмас. Мен бу нарсани муҳокамага қўйдим. Аслида эртага халқ, бунга кўпроқ тушунганлар баҳо беради. Мен бу ерда ўзимни кўрсатиш ёки дарахт кесишга рухсат олиб олиш эмас, йўқ, аксинча, мана шу миллатга, ватанга бўлган масъулиятимни ҳис қилган ҳолда фикримни билдириб, бу мавзу жуда хавфли мавзулигини билган ҳолимда кўтардим”, – деди у.
Ишбилармон дарахт кесиш борасида механизм яратиш тарафдори, аммо бу механизм қандай кўринишда бўлишини билмаслигини такрорлади.
Тошкент бош режаси ўзгаряптими?
Тармоқларда резонансларга сабаб бўлган нутқда яшилликдан ташқари яна бир муҳим масала – узоқ йиллар кутилиб, ўтган йили декабрда тасдиқланган пойтахт бош режаси ўзгараётгани ҳам маълум қилинган.
Мурод Назаровга кўра, генплан қабул қилингач, аҳоли ва тадбиркорлар томонидан эътирозлар бўлгани сабаб ундаги баъзи пунктларни “тўғрилаш” (ўзгартириш) борасида ишлар бошланган.
“Ҳамма [қурилиш] лойиҳалари ҳозир йиғилиб, пойлаб ўтирибдики, ўша бош лойиҳа охиригача тасдиқлангандан кейин кўриб чиқилади. Ҳали бирорта янги лойиҳа ундан кейин бошланмаган. Ҳозир бўлаётган лойиҳаларнинг ҳаммаси эски, олдинги замонда рухсати олинган қурилишлар.
Масалан, зона бўйича уч қаватли бино талаби қўйилган-да. Чунки ўша ерда ҳақиқатан ўзи паст қаватли уйлар бўлиши керак. Лекин бундоқ қарашса, орасида ўзи беш қаватли бино тушиб қолган. Эскидан, совет пайтидан бор. Бу уч қават бўлса, ўзи ёнида беш қават турибди-ку, деса, уни ҳам секин тўғрилаб чиқишяпти”, – деди у.
Яъни қисқа қилиб айтганда, Тошкент бош режасидаги айрим талаблар ўзгариши мумкинлиги қайд этилди. Шунингдек, интервю давомида тартибсиз қурилишлар, бойлар ва камбағаллар ҳудуди пайдо бўлаётгани, Чорвоқдаги курорт шаҳарча каби масалаларда ҳам гаплашилган. Тўлиқ видеони юқоридаги ҳавола орқали томоша қилишингиз мумкин.
Эслатиб ўтамиз, айни эътирозли чиқишдан сўнг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Бобур Бекмуродов дарахтларни кесишни қонунийлаштиришга уринишларга қарши чиққанди.
Кейинроқ эса яна бир депутат Жавлон Абдуллаев “дарахтлар банки” ташкил этиш таклифини экологик жиноятга тенглаштирди. Экопартия вакили мораторий сабаб йил бошидан бери 453 мингдан зиёд дарахт кесилиши олди олинганини маълум қилган.
Маълумот учун, МЖтКнинг 79-моддасида дарахтни ноқонуний кесганлик учун жазо чоралари белгиланган. Уни бузганлик фуқароларга БҲМ 25 бараваридан 50 бараваригача, мансабдорларга БҲМ 50 бараваридан 75 бараваригача жарима солинишига сабаб бўлади.
Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди.
Тавсия этамиз
Янги Ўзбекистонда дарахтлар сувсизликдан қуриб боряпти
Ўзбекистон | 15:21 / 02.08.2025
Тошкентдан Чорвоққа янги автомобил йўли қурилади
Ўзбекистон | 10:44 / 02.08.2025
Вояга етмаган шахс «судланмаган» деб ҳисобланиши белгиланмоқда
Ўзбекистон | 23:00 / 01.08.2025
Андижонда алиментдан қочиб юрган эркак ҳийла билан тузоққа туширилди
Жамият | 22:24 / 01.08.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Океан бўйидаги ҳаёт умр кўриш давомийлигини узайтириши мумкин
Соғлом ҳаёт | 22:12
-
Чорвоқдаги курорт талаблари, Сурхондарёдаги ёнғин ва QR кодли қурилиш объектлари – маҳаллий дайжест
Ўзбекистон | 22:02
-
Саксовулфурушларни таъқиб қилиб, ҳужумга учраган инспекторлар тақдирланди
Ўзбекистон | 21:55
-
Бангладешда собиқ бош вазир Шайх Ҳасина устидан сиртдан суд бошланди
Жаҳон | 21:32
Мавзуга оид

15:21 / 02.08.2025
Янги Ўзбекистонда дарахтлар сувсизликдан қуриб боряпти

10:44 / 02.08.2025
Тошкентдан Чорвоққа янги автомобил йўли қурилади

18:45 / 01.08.2025
Тошкентда 10 та автомобил иштирокида ЙТҲ содир бўлди

11:22 / 01.08.2025