Жамият | 17:50 / 17.07.2025
1912
9 дақиқада ўқилади

Ноширлик фаолиятига оид қонун ўзгаряпти, китобларга цензура жорий этиладими? – мутахассислар билан суҳбат

Жамоатчиликка очиқланмай, тўғридан тўғри парламентга киритилган қонун лойиҳасида нашриётлар учун бош муҳаррирнинг ҳуқуқий мақоми, вазифа ва мажбуриятлари белгиланаётгани айтилмоқда. Kun.uz'га интервю берган соҳа эгаларига кўра, ҳужжат билан китобларга маънавий-маърифий, эстетик талаблар қўйилмаган. “Амалдаги қонунга кўра, китобларга цензура мумкин эмас. Муҳокамада қатнашганлар айтишдики, бу пункт бўйича ҳеч қанақа ўзгариш йўқ”, – дейди суҳбатда қатнашган мутахассислардан бири.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

“Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш киритиш бўйича қонун лойиҳаси Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасидан Сенатга юборилди. Ҳужжат 3 ўқишда 7 ҳамда 15 июл саналарида кўриб чиқилган. Бу билан нашриётларда бош муҳаррирнинг ҳуқуқий мақоми, қолаверса, вазифа, мажбуриятлари белгиланиши кутилмоқда.

Лойиҳа жамоатчиликка эълон қилинмаган. Қуйи палатанинг расмий саҳифаларида берилган маълумотларга кўра, ҳужжат ҳуқуқий, маънавий-маърифий ва эстетик талабларга мос келмайдиган адабиётлар чоп этилишининг олдини олишга, қолаверса, китобларда тарихий, илмий ва оммавий маълумотлар аниқ бўлишига қаратилган (айни вақт хабар таҳрирланиб, ўзгартирилган).

Лойиҳа жамоатчиликнинг кенг муҳокамаларига сабаб бўлди. Айрим фаоллар бу билан нашриётларга цензура жорий этилишидан хавотирда. Kun.uz мавзу атрофидаги саволларга жавоб олиш, қолаверса, ҳозирда соҳадаги вазиятни таҳлил қилиш учун бир нечта нашриёт эгалари билан суҳбат уюштирди.

Унда Ўзбекистон нашриёти бош муҳаррири Муҳиддин Омон, Ўзбекистон ноширлар ва китобсавдо миллий ассоциацияси кенгаши раиси Эркин Абдураҳмонов ҳамда “Asaxiy books” лойиҳаси асосчиси Фируз Аллаев иштирок этди. Қуйида интервюдан қисқа шарҳ келтирилади.

Ҳужжат билан нима назарда тутиляпти?

Дастлаб Муҳиддин Омон қонун лойиҳасида нималар назарда тутилаётганини тушунтираркан, унинг цензурага дахли йўқлигини айтди.

“Ўша киритилаётган ўзгартиришлар асосан нашриёт фаолиятида бош муҳаррирнинг ҳуқуқий мақомини, унинг бўлиши муқаррарлигини, вазифаларини – умуман нашриёт фаолиятига амалдаги тартиб-қоидаларга масъул бўлган шахсни белгилаш билан боғлиқ. Тасаввур қилинг, ҳар қандай нашриёт муайян йўналишдаги китобларни чоп этишга ихтисослашган бўлади. Айтайлик, унга бутунлай ўзига ихтисослашмаган бир йўналишдаги китоблар [учун] ҳам мурожаат келиб тушади.

Шунда улар текширувдан ўтказиш учун ўша соҳа бўйича мутахассис бўлган масъул муҳаррирларни ёллаши мумкин. Масалан, бизда мутахассис йўқ, айтайлик, тиббиёт бўйича ёки бўлмаса, яна бир кибернетика соҳаси бўйича, математиканинг чуқур бир илмий тадқиқотлар йўналишида мутахассисимиз йўқ.

Шу маънода бош муҳаррир ўша китобни мукаммал ҳар томонлама ҳам илмий, ҳам бугунги талаб нуқтайи назаридан жавоб берадиган талқинлари, ҳам ўқувчиларга тушунарли бўладиган илмий оммабоп нашр нуқтайи назаридан қайта ишлашга жалб қилиши мумкин. Бу бош муҳаррирнинг вазифаси”, – деди у.

Муҳиддин Омонга кўра, бугунги кунда 600 га яқин нашриётдан қарийб 50 фоизида бош муҳаррир йўқлиги сабаб кўплаб китоблар хато, камчиликлар билан чиқяпти, бу эса нашриётлар фаолиятига салбий таъсир қилмоқда.

“Неча йиллик фаолиятим давомида бир нарсани аниқ биламан, ўша бош муҳаррир бутун нашриётнинг фаолияти концепциясини ишлаб чиқади. Унинг қайси йўналишда, кимлар билан ишлашини [белгилайди], маркетологлар билан бозор эҳтиёжларини ўрганади — буларнинг ҳаммаси нашриётнинг юраги, мияси дейлик, бош муҳаррир билан ҳал қилинади. Шу маънода қонунга киритилаётган, бош муҳаррир олдига қўйилаётган вазифаларнинг ҳаммаси ҳаққоний ва бугунги кун талабидан келиб чиқаётган воқеа, ҳодиса, талаб”, – деди Омон.

Маънавий, маърифий ва эстетик талаблар қўйилишининг ўзи нотўғри

Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилишида иштирок этган мутахассис Эркин Абдураҳмонов бу ташаббус билан нашриёт бош муҳаррирлари учун минимал талаб сифатида 3 йиллик иш стажи қўйилаётганини, буни 5 йил қилиш борасида таклифлар киритилаётганини маълум қилди.

“Мана шу бош муҳаррирларга беш йиллик стаж белгилаш деган талабни Олий Мажлис депутатларига таклиф қилиб киряпмиз. Негаки, соҳанинг ихтисослашуви, соҳанинг ривожланиши бугунги кунда шу талабни олиб киришга мажбур қиляпти. Шахсан мен шу соҳани ўрганиб чиқиб [кўрдимки], бугун янги ёш ноширларимиз, тажрибаси йўқ, малакаси йўқ инсонларни кириб келишида маълум бир салбий воқеликлар вужудга келди. Хатоларнинг кўпайиши, китоблардаги жуда кўп, мана ҳозир китоблар ҳатто йиғиб олинди бир неча баробар, ўша жамиятга хавф соладиган даражадаги китоблар нашр этила бошланди.

Бунинг негизида шу соҳада фаолият юритаётган ходимларнинг тажрибасизлиги [турибди]. Улар буни атайлаб қилмаслиги мумкин, ўша тажриба йўқлиги туфайли кўп хатолик юзага келди ва соҳанинг керак бўлса, ўша савиясининг тушишига, китобхонларнинг ҳақли эътирозларига жуда кўп дуч келдик”, – деди у.

Шунингдек, Абдураҳмонов ҳужжатда китоблар учун маънавий-маърифий, эстетик талаблар акс этмагани, у депутат томонидан янграган шунчаки фикр эканини ва бу чиқиш хато бўлганини билдирди.

“Шуни тушунишимиз керак. Эртага, масалан, ўша китобда чиққан савияси паст ёки ўша жамиятда бир эътирозга сабаб бўлган китоблар нашр этилса, бош муҳаррирга масъулият юкланяпти. Асосий мақсад шу. Демак, масъулиятни олган бош муҳаррир ўша хатоларга йўл қўймайди.

[Маънавий, маърифий ва эстетик талаблар] қўйилишининг ўзи нотўғри. Бу ўша депутатимизнинг гапирган гапларидаги мақсадларини ҳозир бундай талқин қилишяпти деб баҳоладим. Мана шунақа вазиятлардан биз ўрганишимиз керак, жамият ҳам, ўша депутатларимиз ҳам. Бу – жуда яхши вазият”, – деди суҳбатдош.

Қонунга кўра китобларга цензура мумкин эмас

Феруз Аллаев ҳам нашриётлар учун бош муҳаррир қўйилишига оид талаб тўғри эканини, лекин қонундаги баъзи пунктлар юзасидан хавотири борлигини таъкидлади.

“Ҳозирги амалдаги “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги қонунга кўра, китобларга цензура мумкин эмас ва [қонун лойиҳаси] муҳокамасида қатнашганлар айтишдики, бу пункт бўйича ҳеч қанақа ўзгариш йўқ. [Ўзи] китоблар цензура қилиниши мумкинми деган жойда, ҳа. Бу хоҳлаган контентга Ўзбекистонда қўйилган талабга биноан, конституциявий режимга қарши, миллатлараро низо уйғотадиган стандарт бор, лекин бу бўйича қарорни суд бериши керак.

Яъни чақириб, “сен мана бундай қилдинг” дейдиган алоҳида бир жавобгар орган йўқ. Одатда бу бўйича ариза киритилади, иш очилади, тергов жараёни бўлади ва охирги хулосани суд беради. Агар шунақа тизим қоладиган бўлса, мен унда ҳеч қанақа муаммо кўрмаяпман.

Иккинчидан, бош муҳаррирга тавсиялар бериладиган бўлса, дейлик, ҳозир илмий қанақадир китобни таржима қилганда кимнингдир тавсиясини олиш тавсия этилади деган жойи бўлса, окей, муаммо йўқ. Бош муҳаррир кимнингдир тавсиясини олди, хулосасини олди, чиқарди. Лекин эртага қанақадир алоҳида одамнинг тавсияси расмийлаштирилмаган ҳолатда чақириб, бош муҳаррирни жазолайдиган бўлса, “сен соҳа бўйича тавсия олмагансан” деган мажбурият юкланадиган бўлса, бу эртага қайсидир китобларда муаммо яратиши мумкин. Шунинг учун ҳам ҳозирча етиб келган маълумотлар бўйича қонун чиқса яна аниқроқ биламиз”, – дейди тадбиркор.

Аллаев бугунги кунда китоблар оммавий фикр шакллантирадиган ахборот манбайи бўлмай қолганини, шу сабаб соҳага цензура қўйиш билан Ўзбекистонда ахборот назоратини қўлга олиб бўлмаслигини, буни қонун ишлаб чиқувчилар тушуниши кераклигини айтди.

Суҳбат давомида муҳокама марказида бўлиб турган қонун лойиҳасига оид яна бир қанча нуқталар, қолаверса, ҳозирги кунда нашриётлар фаолияти, ундаги кадрлар масаласи, таржима китобларни чиқаришда тақиқларга ҳам тўхталиб ўтилди. Интервюнинг тўлиқ шаклини юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди.

Мавзуга оид

Эълонлар

Thompson Xалқаро мактаблари битирувчилари Британия университетларига имтиҳонсиз қабул қилиниши мумкин

“Euroasia Insurance” суғурта компанияси томонидан кўриб чиқилган суғурта ҳодисаси бўйича ҳисобот

Paynet: Ўзбекистонда финтех соҳасини тубдан ўзгартиришга қаратилган 5 янги хизмат

“Uzbekinvest” суғурта компанияси 2025 йилнинг I ярим йиллиги якунларини эълон қилди

Thompson Xалқаро мактаблари битирувчилари Британия университетларига имтиҳонсиз қабул қилиниши мумкин

“Euroasia Insurance” суғурта компанияси томонидан кўриб чиқилган суғурта ҳодисаси бўйича ҳисобот

Paynet: Ўзбекистонда финтех соҳасини тубдан ўзгартиришга қаратилган 5 янги хизмат

“Uzbekinvest” суғурта компанияси 2025 йилнинг I ярим йиллиги якунларини эълон қилди

Thompson Xалқаро мактаблари битирувчилари Британия университетларига имтиҳонсиз қабул қилиниши мумкин

“Euroasia Insurance” суғурта компанияси томонидан кўриб чиқилган суғурта ҳодисаси бўйича ҳисобот

Paynet: Ўзбекистонда финтех соҳасини тубдан ўзгартиришга қаратилган 5 янги хизмат

“Uzbekinvest” суғурта компанияси 2025 йилнинг I ярим йиллиги якунларини эълон қилди