Жаҳон | 21:50 / 15.07.2025
5958
11 дақиқада ўқилади

Сурияда яна гуруҳлар орасида тўқнашувлар юз берди. Исроил вазиятга аралашди

Исроил армияси Сурия жанубидаги Сувайда вилоятида ҳукумат қўшинларига зарбалар йўллади. Шу кунларда асосан друзлар истиқомат қиладиган шаҳарда бадавий қабилалар ҳамда маҳаллий жангарилар ўртасида бошланган тўқнашувлар оқибатида 30 дан ортиқ киши ҳалок бўлганди. Исроил озчиликни ташкил этувчи друзларни ҳимоя қилиш мақсадида эканини айтмоқда.

Фото: Getty Images

Сувайдадаги ҳолат – ўтган йил декабрида Башар Асад ағдарилганидан кейин мамлакатда конфессиялар ўртасида юзага келган илк тўқнашувлар бўлмоқда.

Бадавий қабилаларга мансуб жанчилар ва друзлар лашкари ўртасидаги тўқнашувлар илгари Ас-Сувайда шаҳридан шарқдаги асосан бадавийлар яшовчи Маквас ҳудудида бўлиб ўтган, бу ҳудудни друзларнинг қуролли гуруҳлари қуршаб олган ва кейин ўз назоратига олган.

Гувоҳларнинг маълумотига кўра, можаро 13 июл куни бадавий қуролли гуруҳлари Дамашққа олиб борувчи йўлда сабзавот сотувчи друзни ўғирлаб кетганидан бошланган. Бадавийлар шаҳардан ғарб ва шимолда жойлашган қишлоқларга ҳам ҳужум қилишган. Шундан кейин, друзлар жавоб тариқасида бошқа бадавийни ўғирлаган. Гарчи гаровга олинганлар кейинроқ қўйиб юборилган бўлса-да, 14 июл куни Ас-Сувайда шаҳри ташқарисида жанглар давом этган. Уйлар миномётлардан ўққа тутилган, ўнлаб одамлар яраланган. Сувайда кўчалари ҳувиллаб қолган, вилоят ғарбий қисмидаги тўқнашувлар ва қишлоқларнинг ўққа тутилиши оқибатида шифохоналар «ўнлаб ярадорлар» билан тўлган, Дамашқ-Сувайда шоссеси тўсиб қўйилган.

Сурия ички ишлар вазирлигига кўра, тўқнашувлар оқибатида камида 37 киши ҳалок бўлган, шундан 27 нафари – друзлар, қурбонлар орасида икки бола ҳам бор, шунингдек, бадавийлар томондан 10 киши ҳалок бўлган.

Шифокорлардан бири Reuters мухбирига Ас-Сувайдадаги давлат шифохонаси ўликхонасига камида 15 жасад келтирилганини айтган. 100 га яқин киши жароҳатлангани, улардан айримлари тиббий ёрдам кўрсатилиши учун Даръа шаҳрига олиб кетилгани хабар қилинган.

Сурияда инсон ҳуқуқларига риоя этилишини мониторинг қилиш маркази эса камида 99 киши ҳалок бўлгани, шундан икки нафари бола, икки нафари аёл ҳамда 14 нафари хавфсизлик кучлари ходимлари эканини маълум қилган.

Sweida24 маҳаллий ахборот агентлигига кўра, душанба куни ҳам шаҳарда шиддатли тўқнашувлар қайтадан авж олди. Сурия мудофаа вазирлигидаги манба камида олти нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлганини маълум қилган.

Сувайда губернатори Мустафо ал-Бакур фуқаролардан «вазминлик кўрсатиш ва ҳукумат чақириқларига жавоб бериш»ни сўраган. Сурия друзларининг қатор диний раҳнамолари ҳам тинчликка чақириб, Дамашқдан вазиятга аралашишни сўраган.

Аввалроқ Суриянинг SANA давлат ахборот агентлиги вазият туфайли Даръа ва Сувайда вилоятлари ўртасидаги маъмурий чегарада хавфсизлик кучлари жойлаштирилгани ҳақида хабар берган эди.

Таълим вазирлиги Сувайда ўрта мактабларида душанба кунига белгиланган расмий имтиҳонлар кейинга қолдирилганини эълон қилди.

Сурия хавфсизлик кучлари душанба куни Сувайдага етиб келган ва дастлабки йўқотишларга учраган. Фото: Getty Images

Друзлар ким ўзи?

Друзлар – шиалар сектаси бўлиб, унинг катта жамоалари Ливан, Иордания ва Исроилда ҳам яшайди. Фуқаролар урушидан олдин Сурияда 700 мингга яқин друзлар истиқомат қилган, уларнинг аксарияти Сувайда вилоятида жойлашган.

Сувайдадаги бадавий ва друз гуруҳлари ўртасида азалдан адоват мавжуд бўлиб, вақти-вақти билан улар ўртасида тўқнашувлар бўлиб туради.

Башар Асад режими даврида друзлар 13 йил давом этган фуқаролар уруши пайтида уларни ҳимоя қилишига умид қилиб, ушбу ҳукуматни яширинча қўллаб-қувватлаган.

Июл ойи бошида друзлар жамоаси вакиллари BBC учун интервюда нафақат уларга қилинган ҳужумлардан, балки янги ҳукумат томонидан ҳимоя йўқлигидан ҳам хавотирда эканликларини айтишганди.

Сўнгги пайтларда Сурия собиқ элитаси, жумладан, Башар Асаднинг ўзи ҳам мансуб бўлган алавийларнинг юзлаб вакиллари ҳам ўлдирилди.

Бир неча бор Дамашқдаги черковларга ҳужумлар уюштирилди.

Ўтган йилнинг декабрида «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» гуруҳи бошчилигидаги исёнчилар Башар Асадни ҳокимиятдан ағдарганидан сўнг, кўпчилик янги ҳокимият даврида озчиликларнинг ҳуқуқлари ва хавфсизлиги қандай кечишидан хавотир билдирганди.

Апрел ва май ойларида янги ҳукумат хавфсизлик кучлари ва друз жангарилари ўртасидаги тўқнашувларда ўнлаб одамлар ҳалок бўлди, кейинроқ маҳаллий раҳбарлар ва диний арбоблар эскалацияни тўхтатиш ҳамда друз жангариларининг янги ҳукуматга интеграциясини яхшилаш бўйича келишувларни имзолади.

Март ойида Суриянинг муваққат президентига айланган исёнчиларнинг собиқ етакчиси Аҳмад аш-Шаръа янги ўтиш ҳукуматини тузди, унга 23 вазир, жумладан алавийлар, друзлар ва насронийлар вакиллари ҳам кирди.

Уруш пайтида Асадга қарши курашган сунний араб исёнчи гуруҳлари декабр ойида мудофаа вазирлиги кучлари таркибига киришга рози бўлишганди, аммо озчиликни ташкил этувчи қатламларнинг қуролли гуруҳларини, шу жумладан друзлар ва курдларни бирлаштиришга уринишлар тўхтаб қолди.

Исроил аралашуви

Сурия жанубидаги вазиятни Исроилнинг сиёсати янада мураккаблаштирмоқда, расмий Тел-Авив Сурия армияси Дамашқ жанубидаги ҳудудларда мустаҳкам ўрнашувига йўл қўймаслигини айтиб келади.

Исроил Сувайда вилояти ва бошқа иккита жанубий вилоятнинг тўлиқ демилитаризациясини истайди, бу илгари «Ал-Қоида» таркибида бўлган «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» гуруҳи тузган Суриянинг янги ҳукуматида ўз хавфсизлигига таҳдид кўради.

Асад режими ағдарилганидан кейин Исроил авиацияси ҳарбий объектлар ва қурол-яроғ омборларини йўқ қилиш мақсадида Сурияга юзлаб зарбалар берганди.

14 июл куни ҳам Исроил «друзларни ҳимоя қилиш учун» Сурияга зарбалар йўллади.

«Бироз аввал Исроил армияси Сурия жанубидаги Сувайда ҳудудида Сурия ҳукумат қўшинларининг ҳарбий транспорт воситаларига зарбалар беришни бошлади», – дейилади ЦАХАЛ баёнотида. Баёнот бош вазир Бенямин Нетаняҳу ва мудофаа вазири Исраэл Кац армияга «друзларга қарши операциялар ўтказиш учун Суриянинг Друз тоғларидаги Сувайда ҳудудига киритилган ҳукумат қўшинлари ва техникасига зудлик билан зарба бериш» буйруғини берганини айтиши ортидан пайдо бўлди.

«Исроил бизнинг Исроилдаги друз фуқароларимиз билан яқин биродарлик туфайли Суриядаги друзларга зарар етказилишининг олдини олишга содиқдир. Биз уларга Сурия режими томонидан зарар етказилишига йўл қўймаслик ва Сурия билан чегарамизга туташ ҳудуд демилитаризациясини таъминлаш учун ҳаракат қилмоқдамиз», –дейилган баёнотда.

Сешанба куни друзларнинг нуфузли етакчиси шайх Ҳикмат ал-Ҳажрий баёнот билан чиқиб, Сурия ҳукумат қўшинларини сулҳни бузишда ва шаҳарни бомбардимон қилишда айблади ҳамда друз жангариларини ҳукумат қўшинларига қарши туришга чақирди.

Кейинроқ Сурия мудофаа вазири Муроф Абу Қасра баёнот бериб, ўт очиш бутунлай тўхтатилганини эълон қилди ва ҳукумат қўшинлари фақат жавобан ўқ узишини айтди.

Сурия мудофаа вазири сешанба куни ҳукумат қўшинлари Сувайда шаҳрига кирганидан сўнг ўт очишни тўхтатганини эълон қилди. Фото: Reuters

Друзларнинг диний раҳбарлари шаҳарни назорат қилаётган друз лашкарини қуролларини ташлашга чақирди.

Бир кун олдин Сурия хавфсизлик кучлари друзлар ва сунний бадавий қабилалари ўртасида бошланган қонли тўқнашувлардан сўнг тартиб ўрнатиш мақсадида шаҳарга кирганди.

Ушбу қўшинлар «можарони ҳал қилиш, тўқнашувларни тўхтатиш, хавфсизликни таъминлаш, ҳодисаларда айбдорларни таъқиб қилиш ва уларни ваколатли суд органларига топшириш учун ҳудудда тўғридан тўғри аралашувни бошлайди», – дейилади Ички ишлар вазирлиги баёнотида.

Сурия ички ишлар вазирлиги вакили Нуриддин ал-Бобо Associated Press нашрига берган интервюсида «тўқнашувлар моҳиятан конфессиялараро характерга эга эмаслиги»ни айтди.

«Ҳақиқий можаро давлат ва қандайдир Сурия жамоаси ўртасида эмас, балки давлат ва бандитлар ва жиноятчилар ўртасида содир бўлмоқда. Аксинча, давлат Сувайдадаги друзлар жамоасига миллий бирлик лойиҳасини илгари суришда шерик сифатида қарайди», – деди у.

Сурия президенти Аҳмад ал-Шаръа ҳукумати тартибни тиклаш учун хавфсизлик кучларини юборган. Ижтимоий тармоқларда жанубга йўл олган зирҳли транспортёрлар ва юк машинаси платформасидаги камида битта эски танк суратлари пайдо бўлган.

Душанба куни ЦАХАЛ Сурия жанубида «бир неча танк»ларга зарба берганини маълум қилди. Нишон айнан қайси томон бўлганига аниқлик киритмаган ҳарбийлар зарбалар транспорт воситаларининг Сувайдага яқинлашишига йўл қўймаслик мақсадида берилгани, чунки улар «Исроил давлатига таҳдид солиши мумкинлиги»ни айтишган.

Сурия-Исроил муносабатлари

Ўтган йил декабридан буён Исроил чегара бўйлаб ҳудудларни эгаллаб олди ва Сурия ҳудудига бир неча бор зарбалар берди, бу озчиликни ташкил этувчи друзларни ҳимоя қилиш билан ҳам, Дамашқ жанубида де-факто демилитаризация зонасини ўрнатиш учун ҳаракат билан ҳам изоҳланади.

Бироқ, сўнгги пайтларда ҳеч қачон дипломатик муносабатлар ўрнатилмаган Исроил ва Сурия ўртасида бир неча марта тўғридан тўғри музокаралар бўлиб ўтди. Аввалроқ Исроил расмийлари Дамашқ билан тинчлик битими тузмоқчи эканини маълум қилганди.

Сурия ва Исроил расмийлари ўтган шанба куни Бокуда президент Аҳмад ал-Шаръанинг Озарбойжонга ташрифи доирасида учрашди, деб хабар берди AFP агентлигининг Дамашқдаги дипломатик манбаси. Йиғилишда Исроилнинг Суриядаги сўнгги ҳарбий амалиётлари муҳокама қилинган, бироқ аш-Шаръанинг ўзи унда иштирок этмаган.

Сурия ҳукумати яқинда Исроил билан 1974 йилги ажратиш келишувини (унинг натижасида икки давлат чегарасида буфер зонаси яратилганди) қайта тиклаш мақсадида билвосита алоқалар олиб борганини тасдиқлади.

Сурия ҳукумати, Туркия ва араб расмийлари Исроилнинг ҳарбий ҳаракатларини танқид қилиб, улар беқарорликни кучайтираётгани ва муваққат президент Аҳмад аш-Шаръанинг давлатни барқарорлаштириш бўйича саъй-ҳаракатларига путур етказаётганини айтади. Унинг ҳукумати қўшнилар, жумладан Исроил билан зиддият истамаслигини бир неча бор таъкидлаган.

Сурия Ташқи ишлар вазирлиги «барча мамлакатлар ва ташкилотларни Сурия Араб Республикаси ҳокимиятини ҳурмат қилишга ва ҳар қандай айирмачилик руҳидаги исёнкор ҳаракатларни қўллаб-қувватлашдан тийилиш»га чақирган. Ҳукумат ўз баёнотида сурияликларни «зўравонлик ҳаракатларини тўхтатишга, ноқонуний қуролларни топширишга ва Суриянинг ижтимоий тузилмасини бузишга ҳамда низо ва бўлинишни келтириб чиқаришга интилаётганларнинг уринишларига чек қўйиш»га чақирган.

Суриядаги друзларнинг кўпчилиги Исроилнинг ўз ишларига аралашишини истамаса-да, баъзи гуруҳлар Дамашқдаги янги ҳукуматга шубҳа билан қарамоқда.

Друз гуруҳлари янги ҳукуматнинг хавфсизлик кучлари ёки уларга иттифоқчи гуруҳлар билан бир неча бор тўқнашган.

Май ойида Исроил қўшинлари Дамашқдаги президент саройи яқинидаги объектга зарба берди, бунга ал-Шаръага огоҳлантириш сифатида қаралди. Зарба Сакҳная шаҳри ва Дамашқнинг асосан друзлар яшайдиган Жараман чеккасида ҳукуматпараст жангарилар ва друзлар жангчилари ўртасидаги тўқнашувлар оқибатида ўнлаб одамлар ҳалок бўлганидан кейин берилганди.

Мавзуга оид