Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Меҳнатларим ҳавога учяпти” — Тўрақўрғонда боғ яратган тадбиркорнинг ери олиб қўйиляпти
Наманган расмийлари бир неча йил олдин тадбиркор Авазбек Абдуфаттоевни “адирликда боғ яратяпти” деб, ҳаммага намуна қилиб кўрсатган. Лекин бугун, туман ва вилоят ҳокимига ишониб, боғ учун миллиардлаб харажат қилиб қўйган тадбиркор додини кимга айтишни билмайди: ернинг катта қисми олиб қўйилмоқда.

2021 йилда Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида тадбиркор Авазбек Абдуфаттоев ўша пайтдаги туман ҳокими Зулайҳо Маҳкамованинг ваъдасига ишониб, катта маблағ сарфлаб, 34 гектар майдондаги адирликни текислаб боғ яратади. Бу ерда “Яшил макон” лойиҳаси доирасида тадбир ўтказилиб, унда вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов иштирок этади.
Қарз-ҳавола қилиб, хайрли ишга бор будини тиккан тадбиркорнинг бугун додини эшитадиган одамнинг ўзи йўқ. Гап шундаки, ўзлаштирилган адирликнинг 13 гектари ҳокимлик томонидан олиб қўйиляпти.
“Олий маълумотлиман. Ака-укаларим билан чет элга чиқиб, маблағ жамғардик. Тадбиркорлик қилиш истаги бўлган бизда. Орада боғдорчиликка қизиқиб, туман ҳокимидан ер сўраб мурожаат қилдим. Бу орада туман ҳокимимиз Зулайҳо Маҳкамова тарафидан мана шу адирликни ўзлаштириб, боғ қилиш таклифи берилди менга.
Вилоят ҳокимининг ўзи келиб, чиройли боғ яратиб, экспортга мевалар чиқаришни таклиф қилишганида рози бўлганман. Ўзимдаги бор маблағни сарфладим. Ҳатто ҳозир ота-онам ўтирган уйни гаровга қўйиб, 420 млн сўм кредит олдим. Ўзим ўтирган ҳовлимни ҳам сотиб, боғга сарфладим. Ижарада ўтирибман ҳозир. Қишлоғимиздаги барча қариндош-уруғимизнинг номига кредит олиб, боғга сарфладим.
Адирликни текислаш учун анча маблағ кетди. 11 та машинани сотиб юборганман. Махсус техникалар ишлатдим. Туман ҳокими Зулайҳо Маҳкамова, вилоят ҳокимимиз, кейинги туман ҳокими Аҳрорбек Мансуров республикадан Наманганга ҳар қандай меҳмон келса, ўзлаштирган еримни кўрсатиб мақтанишди. Газета, телевидениедан келган журналистларни гапирмаса ҳам бўлади. Ўзлаштирган ерим кўпчиликка ўрнак қилиб кўрсатилди. 2021 йилнинг 11 ноябрида вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов ташкилот раҳбарлари билан ташриф буюриб, ўзлари очилиш маросимларини қилиб берган.
Биз хурсанд бўлганмиз. Семинар ҳам бўлган бу ерда. Буларнинг ҳаммасидан лавҳалар олинган, газеталарга чиқарилган. Ўрнак бўлиш учун “мана, боғ ташкил қиляпти тадбиркор” деб туриб, мен билан шахсан ўзлари мулоқот қилган. Ҳокимнинг ташрифлари билан бошлаганмиз боғни.
34 гектар ердан 23 гектарини ўзлаштириб бўлдик. 2021 йилда эккан кўчатларимиз бу йил ҳосилга кира бошлади. Ҳозиргача тўрт йилдан бери бир сўм даромад қилганимиз йўқ. Қарз эвазига миллиардлаб пул сарфладим.
Ерларни текислаб, бу йил ҳам 4 850 туп кўчат экдим. Туманимизга Шерали Қосимов ҳоким бўлди. Қанақадир [кичик саноат зонасини ташкил этиш мақсадида – таҳр.] мастер режа қилиб, бу ерда қилинган ишларни билмасдан туриб, еримни олиб қўйишяпти. 13 гектар еримдан айриляпман. Додимга қулоқ соладиган одамнинг ўзи йўқ.
Ўзи, йўл кенгайтирилиши сабаб 7-8 гектар ерим камайяпти, бунга розимиз. Лекин мастер режа асосида “заправка”, тарози, совуткич, ошхона қилиш учун ерни биздан олиб, битта тадбиркорга беришяпти. Бу ноҳақликка чидаб бўлмаяпти. Озмунча меҳнат ва харажат қилмадик. 2 км узоқликдан 500 млн сўм пул сарфлаб, сув тортиб келганман. Миллиардлаб қарзга кириб кетдим. Бир ойда сув учун 10-15 миллион сўмлик электр сарфлайман”, дейди тадбиркор.
Тўрақўрғон тумани Кадастрлар палатаси филиали раҳбари Фурқат Аҳмаджоновдан ҳолат бўйича изоҳ олдик.

“Биз бу жойни ўрганганмиз. Ҳақиқатдан, борилганда бу ерда кўчатлар бўлган. Ўзи асли бу жой – ҳозиргача туман ҳокимлиги захирасида турган ер майдони. Туман ҳокимлигининг тегишли қарори билан, ўша туман ҳокимлигининг захирасига олинган ер майдони. Энди бу фуқаро 2022 йилда менга шу ерни ўзлаштиришга далолатнома қилиб беришган деяпти. Далолатнома бўлган. Далолатномага асосан, 2023 йилда у ерларни ўзлаштириш бўйича қарор чиққан. Қарорда бу 13 гектар ер кўрсатилмаган. Бу контур тўлиқ туман ҳокимлигининг захирасида турибди.
22 гектар ўзлаштирган жойи бор. Дарахт экиб қўйган. 2024 йил куз ойида тадбиркорни огоҳлантирганмиз: “Бу ерни ўзлаштирма, харажат қилган пулингга куйиб қоласан” деб. Лекин у барибир ўзлаштирди, гапимизга қулоқ солмади.
Агар қарор чиқариб келганда, мана шу 34 гектарига муаммо йўқ эди. Кадастрлар палатаси ер балансига ўзгартириш киритиб, ўша Авазбекнинг номига ўзлаштириб қўярдим”, дейди Тўрақўрғон тумани Кадастрлар палатаси филиали раҳбари.
Тадбиркорга ер ажратилиб берилган пайтда қишлоқ хўжалиги бўлимида ер бўйича мутахассис бўлиб ишлаган Ҳамидулла Жаматовдан ҳам изоҳ олдик.

“2021 йилнинг бошларида тумани ҳокими Зулайҳо Маҳкамова ҳеч бир муҳокамасиз шу йигитга ер ажратиб берган. Ерни ўзлаштириш топшириғи берилган. Ўша асосида тадбиркор адирни ўзлаштирган. Қарор чиқмай қолганининг сабаби – 2021 йилда туман ҳокимларининг ер ажратиш тўғрисидаги ваколатлари бекор қилинган. Шу бекор қилиш жараёнида бу йигитнинг ҳам қарори тўхтаб, қолиб кетган. Лекин ўзлаштирган қисмига ер ўзлаштириш ва ер тоифасини ўзгартириш тўғрисидаги қарорлар қабул қилинган.
Ҳақиқатдан, бу йигит анча меҳнат қилди. Шу жойларда қилган меҳнатини ҳисобга олиб, қандайдир имконият бўлса, эгалиги тикланса яхши бўларди. Қарор чиқариш бўйича тадбиркор мурожаатидан кейин, 2021 йилда 15 гектар ерга чиқариб берганмиз. У ер ўзлаштирилди. 2020 йилда 8 гектарга чиқариб берилган. Ишчи гуруҳи кўкарган дарахтларни кўриб қарор чиқарган”, дейди собиқ мутахассис.
Kun.uz ҳолатни кузатишда давом этади.
Сарвар Зиёев,
Сардор Мамиров,
Kun.uz
Тавсия этамиз
Корея: Гапирилмайдиган ҳақиқатлар (2-қисм) | SUBYEKTIV
Жамият | 18:07 / 09.08.2025
Уруш нима бўляпти?
Жаҳон | 19:26 / 07.08.2025
Ўзбекистонда тонировка учун ёзда арзонлаштирилган нарх жорий этилиши мумкин
Ўзбекистон | 15:45 / 07.08.2025
Тошкентда ўзини ДХХ ходими сифатида таништирган шахс ушланди
Жамият | 14:43 / 05.08.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Нефт – дунё иқтисодиётининг юраги
Молия | 23:17 / 09.08.2025
-
Украина ва Европа ўз тинчлик режасини тақдим этди – WSJ
Жаҳон | 22:29 / 09.08.2025
-
Россия ҳарбий бригадалардан бирини мигрантлар билан тўлдирди – DeepState
Жаҳон | 21:33 / 09.08.2025
-
Меҳнат ҳуқуқига оид фармон: нималар ўзгармоқда?
Иқтисодиёт | 21:11 / 09.08.2025
Мавзуга оид

16:19 / 23.07.2025
Наманганда сигир ёш болани сузиб, ўлдириб қўйишига сал қолди

07:38 / 18.07.2025
Ёшлар стартаплари учун маблағ ажратилади

13:40 / 16.07.2025
Жиноят оламида бунақаси кам учрайди: яширин устахона ва ғойиб бўлган 276 та машина

14:34 / 14.07.2025