Жаҳон | 18:21 / 14.07.2025
4863
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда дунёдаги энг қиммат металл қазиб олинади

Ушбу металл тиббиётда, космик кемаларни қуришда, шунингдек, заргарлик буюмларини яратишда қўлланилади.

Фото: Shutterstock

Айни пайтда Қозоғистон осмий-187 металлининг ягона экспортчиси бўлиб, у сайёрадаги энг қиммат элемент ҳисобланади. 2025 йил ҳолатига кўра, унинг бир грамми нархи 10 минг долларгача етиши мумкин, деб ёзди El.kz.

Маълум қилинишича, осмий-187 ноёб изотоп бўлиб, кўкиш жилога эга кумуш-оқ рангли металлдир. Ушбу металлнинг бундай астрономик нархи нафақат гўзаллиги, балки ноёблиги билан ҳам боғлиқ. Мисол учун, Қозоғистон уни экспорт қилишни бошлашдан олдин, таклиф камлиги туфайли, 1 грамми нархи 100 минг ва ҳатто 200 минг долларгача етар эди.

Бироқ, таъкидланганидек, Қозоғистон ягона экспортчи давлат сифатида бозорни барқарорлаштира олди, гарчи бу металл ҳали ҳам олтиндан 300 баробар ва платинадан 400 баробар қимматроқ.

Қозоғистонда осмий-187 қазиб олишнинг асосий манбаи Улитау минтақасида жойлашган руда конлари экани кўрсатилган. У ерда бу металл ноёб концентрацияда топилган - 100 грамм рудадан атиги 0,02% осмийни олиш мумкин, бу дунёдаги энг яхши кўрсаткич ҳисобланади.

Ушбу металлни қазиб олиш ва тозалаш жараёни жуда мураккаб. Осмий-187 қайта ишланмаган шаклда заҳарли бўлгани сабабли, жараён ўта аниқлик, илғор технология ва қатъий назоратни талаб қилади.

Нашр таъкидлаганидек, осмий-187 нафақат ноёблиги, балки ўзига хос хусусиятлари туфайли ҳам жуда қимматлидир. Осмий қотишмалари ўта мустаҳкам деталларни яратишда, хусусан, космик кемаларни қуришда ишлатилади.

Таъкидланишича, шунингдек, ушбу металл коритизон каби дориларни синтез қилишда катализатор бўлиб хизмат қилади ва ундан тиббий имплантларда фойдаланилади. Бундан ташқари, бриллиантга ўхшаш осмий кристаллари эксклюзив заргарлик буюмларини яратишда ишлатилади.

 

Мавзуга оид