Жаҳон | 20:14 / 03.07.2025
15813
4 дақиқада ўқилади

Қирғизистон аҳоли даромадларининг ўсиши бўйича Марказий Осиёда 1-ўринга чиқди. Ниманинг ҳисобига?

Қирғизистонда аҳоли жон бошига даромадлар охирги 3 йилда 85 фоизга ошиб, 2 500 долларга етган. Иқтисодчи Миркомил Холбоевга кўра, бу ўсиш тенденцияси сақланиб қоладиган бўлса, қўшни республика 2027 йилга бориб жон бошига даромадлар бўйича Ўзбекистондан ўтиб кетади. 2030 йилга бориб, ўртача қирғизистонлик ўртача ўзбекистонликдан 1,5 бараварга бойроқ бўлиши мумкин.

2022-2024 йиллар оралиғида Қирғизистонда аҳоли жон бошига даромад қарийб икки баробарга ошди. – Бу Марказий Осиёдаги энг юқори ўсиш кўрсаткичи. Бу ҳақда Халқаро валюта жамғармаси ҳисоботида қайд этилган.

Ҳисоботда келтирилишича, Қирғизистонда сўнгги уч йилда иқтисодий ўсиш ҳар йили 9 фоиздан бўлган. Жон бошига даромадлар эса 85 фоизга ўсиб, 2 500 долларга етган. Таққослаш учун, бу даврда жон бошига даромад Тожикистонда 49 фоизга, Қозоғистонда 42 фоизга, Ўзбекистонда 37 фоизга ошган.

ХВЖ маълумотларига кўра, Қирғизистонда жорий йилнинг биринчи чорагида ўсиш янада тезлашиб, 13,1 фоизга етган. Йил якунида умумий ўсиш 6,8 фоизни ташкил этиши, ўрта муддатли истиқболда эса бу кўрсаткич 5,25 фоизгача секинлашиши прогноз қилиняпти.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг эътибор қаратишича, агар Қирғизистонда иқтисодий ўсиш шундай суръатларда давом этса, мамлакат 2027 йилга бориб аҳоли жон бошига даромадлар бўйича Ўзбекистондан ўтиб кетади.

“Агар сўнгги уч йилдаги (доллардаги) ўртача ўсиш давом этса, унда Қирғизистон 2026 йилда жон бошига даромад бўйича мамлакатимизга деярли етиб олади, 2027 йилдан эса ўртача қирғизистонлик ўртача ўзбекистонликдан бойроқ бўлади. 2030 йилга бориб Қирғизистонда жон бошига даромад Ўзбекистонга нисбатан 1,5 баробарга юқорироқ бўлиши мумкин”, дея ёзди у.

Қаттиққўл ҳокимият ва уруш эффекти

Ўзбекистонлик бошқа бир таниқли иқтисодчи Отабек Бакировга кўра, қўшни республикадаги кескин иқтисодий кўтарилишнинг асосий омили – қайта марказлаштириш сиёсатидир.

“Қирғизистонда даромадлар ўсиши тезлашгани кўп омилларга боғлиқ. Улардан муҳими – 2021 йилда ҳокимиятга келган Жапаров ва Ташиев маъмурияти юритаётган қайта марказлаштириш сиёсати.

Янги қаттиққўл ҳокимият бюджет, солиқ ва божхона тешикларини ёпди, қўлдан чиққан кон ва активларни миллийлаштирди, криминал авторитетларни йўқ қилди. Яъни 30 йиллик анархияга барҳам берилди, тарқоқлик ўрнини сиёсий, иқтисодий, молиявий концентрация эгаллай бошлади, давлат куч ишлатиш монополиясини ўзига қайтарди. Табиийки, мамлакат бюджети 4 йилда 3 карра ошди, давлат ижтимоий функциясини бажара бошлади.

Лекин бу жараён қанча давом этади, жуда саволли. Жапаров Қирғизистони Каримовнинг 90-йиллар ўртасидаги хатосини такрорласа, яъни қаттиқлашувни давом эттирса, ўсиш секинлашади. Иқтисодиёт анархияда кенгаймайди, лекин диктатурада ҳам, агар бу непотизм ва клептократик белгилар билан юз берса, ўсиш секинлашади, вақт ўтиб тўхтайди”, дея ёзди иқтисодчи.

Бакировнинг қўшимча қилишича, Қирғизистон Россияга нисбатан киритилган санкциялардан ҳам “унумли” фойдаланяпти.

“ЕОИИнинг аъзоси сифатида, айтиш мумкинки, Қирғизистон Россия учун параллел импортнинг муҳим хабига айланди. Грузиядан тортиб Европагача маршрутларда, автомобиллардан тортиб техника ва ускуналарнинг Қирғизистонга импорт қилиниб, Россияда қўним топиши охирги йилларда ҳеч кимни ҳайрон қолдирмай қўйди. Агарда АҚШда демократлар ғолиб бўлганида, иккиламчи санкциялар қўлланадиган биринчи давлат Қирғизистон бўлиши мумкин эди. Нима бўлгандаям, қардошлар 3 йил давомида ўта устамонлик билан вазиятдан фойдаланишди, урушнинг туманлари уларни бенефициарга айлантирди. Лекин бу омил узоққа чўзилмаслиги тобора ойдинлашяпти.

Шундай экан, Қирғизистон даромадлар борасида Ўзбекистонни қувиб ўтиши мумкин, лекин бунинг учун қардошлар қанақадир янги импулсни топа олишлари керак бўлади. Майли, бу қўшниларнинг иши. Биз ўзбекистонликлар эса нима учун даромадларнинг ўсиш суръатида Қозоғистондан яна ортда қолаётганимиз ҳақида ўйлашимиз керак”, дея хулоса қилди Отабек Бакиров.

Мавзуга оид