Жаҳон | 19:42 / 30.06.2025
2578
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистоннинг собиқ адлия вазири 9 йилга қамалди

Марат Бекетаев фирибгарлик, йирик ҳажмдаги ўғирлик, тадбиркорлик фаолиятида ноқонуний иштирок этиш ҳолатлари бўйича тергов қилинган.

Фото: Tengrinews

Қозоғистоннинг собиқ адлия вазири Марат Бекетаев мол-мулки мусодара қилинган ҳолда 9 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши кураш агентлиги расмий вакили Дониёр Бигайдаров маълум қилди, деб ёзди Kursiv.

– Собиқ адлия вазири Бекетаевнинг жиноий иши фирибгарлик, айниқса, йирик ҳажмдаги ўғирлик, тадбиркорлик фаолиятида ноқонуний иштирок этиш ҳолатлари бўйича тергов қилинди, – деди Бигайдаров.

У тергов тафсилотларини келтирмади, чунки жиноий иш махфийлаштирилган.

Коррупцияга қарши кураш агентлиги ходимлари Марат Бекетаевни 2023 йил октябр ойида қўлга олди. Собиқ амалдор (2016-2022 йилларда Адлия вазирлиги раҳбари лавозимида ишлаган) хорижга ноқонуний олиб чиқилган мулкларни топиш ва қайтариш иши доирасида ҳибсга олинган.

«У кераксиз хизматларни кўрсатиш бўйича йиллик шартномалар тузиб, шуъба компания манфаатларини ҳимоя қилган ва бу билан давлатга катта миқдорда зарар етказган», дейилган эди агентлик хабарида.

Бир неча кундан сўнг Бош прокурор ўринбосари Асет Чиндалиев журналистларга Бекетаев Қозоғистондан қочишга уринган вақтда қўлга олинганини айтди.

Қозоғистон оммавий ахборот воситалари Адлия вазирлигининг собиқ раҳбари Bolashak Consulting Group ишига алоқадор экани ҳақида ёзди. Жумладан, Бекетаев дастлаб бу ишда гувоҳ сифатида, кейинчалик айбланувчи сифатида иштирок этган. Ушбу компания активларни хорижга ноқонуний чиқарган.

Мавзуга оид