Ўзбекистон | 21:58 / 30.06.2025
32815
5 дақиқада ўқилади

Фарғонада портлаган пропан шохобчаси раҳбари судда қандай кўрсатма берган?

Декабр ойида Фарғона шаҳридаги ноқонуний пропан шохобчаси портлаб, 4 кишини ҳаётдан олиб кетган эди. Kun.uz танишган суд ҳукмида келтирилишича, ҳодисада шохобчанинг ўзидан ташқари, 19 та автомобил ва 4 та кўп қаватли уйга ҳам зарар етган, зарарнинг умумий қиймати 4,8 млрд сўмга баҳоланган. Ўзини шохобча раҳбари деб тақдим этган Мансур Маткаримов судда воқеа қандай рўй берганини сўзлаб берган.

Фото: Kun.uz

2024 йил 17 декабр куни Фарғона шаҳридаги пропан шохобчасида содир бўлган портлаш 4 кишининг ўлими ва 9 кишининг жароҳат олишидан ташқари, 4,8 млрд сўмлик моддий зарарга ҳам сабаб бўлган. Бу – Kun.uz танишган суд ҳужжатида келтириб ўтилган.

Суд ҳукмига кўра, ҳодиса вақтида ўша ерда бўлган 19 та автомобил, 4 кўп қаватли уй биноси ҳамда АЁҚШ бино-иншоотларига жами 4 млрд 786 млн сўм миқдорида моддий зарар етказилган. Зарар етган машиналарнинг 2 таси Nexia, 3 таси Tracker, 3 таси Lacetti, 5 таси Cobalt ва биттадан Equinox, BYD, BMW X3, Li 9, Kia K8, Man бўлган.

“Фарғона Лайли Нахор” хусусий корхонаси рабари Мансур Маткаримов судда айбига қисман иқрорлик билдирган.

2024 йил январ ойида Азизхон ака билан (“Farg‘ona Layli Naxor” хусусий корхонаси таъсисчиси Азизхўжа Мавлонов – таҳририят) ўзаро оғзаки келишган ҳолда ундан мазкур хусусий корхонани ижарага олиб, АЁҚШда бир ўзим иш юритишни бошладим. Келишув бўйича Азизхон акага 2024 йил якунида қанча бензин ёқилғиси сотганим ҳақида ҳисобот топшириб, кўрилган фойданинг тенг ярмини унга беришим керак эди. Шу сабабли Азизхон акага ҳар ойда ижара пули тўламаганман.

2024 йил август ойида АЁҚШда бензин билан бирга пропан сотишни режалаштирдим. Бунинг учун хусусий корхона ҳудудидан жой тайёрладим. АЁҚШда таъмирлаш ишларини амалга ошириб, янги ускуналар билан жиҳозладим, пропан газ учун зарур бўлган эҳтиёт қисмлар ва 3 та қозон (цистерна) олиб келдим.

АЁҚШда пропан газ қўйиш учун жой тайёрлаганимдан хусусий корхона эгаси Азизхон аканинг хабари бўлмаган. Унга бу ҳақда айтмаганман.

Шундан сўнг пропан газ ўрнатиш учун қозонлар ва бошқа зарур эҳтиёт қисмларни ўрнатиш ишларини бошладим. Бунинг учун мазкур соҳа бўйича мутахассис ҳисобланган Баҳодир Тожиматов ишчилари билан биргаликда АЁҚШга келиб кетиб, 3 ой ишлади. 2024 йил ноябр ойи охирларида улар барча ишларни якунлаб, пропан газ қуйиш шохобчасини менга топширди.

Шохобчани “Ўзгазстандарт” ва бошқа тегишли давлат ташкилотларидан текширувдан ўтказмадим. Бироқ ушбу текширувдан ўтиш учун ДХМ орқали ариза бердим. Автомобилларга газ тўлдириш ускуналарига ва сиғимларга ким, қачон ва қандай ҳужжатлар тайёрлаб берганини эслай олмайман.

2024 йил 24 ноябр куни АЁҚШга пропан газ олиб келиб, сотишни бошладим. 2024 йил 15 ёки 16 декабр куни Telegram орқали пропан ташувчи ҳайдовчиларнинг номерини кўриб, телефон қилдим ва Россиянинг пропан газини сотиб олишимни айтдим. Ҳайдовчи Оҳангаронда борлигини, фақат шартномага берилишини айтди. Ундан корхонанинг маълумотларини сўрадим ҳамда шартнома тузиш учун ҳисобчим орқали корхонанинг ҳисоб ва ИНН рақамларини ташлаб бердим. 10 тонна газга буюртма бердим”, деган Мансур Маткаримов ўз кўрсатмасида.

Буюртма қилинган газ шохобчага етиб келгач, контейнерларга қуйилган.

Компрессорни ўчирдим ва ўзим касса томонга кетаётганимда бирдан портлаш содир бўлди. Шу вақт дарҳол ўша ҳудудда бўлган фуқароларни баланд овозда имкониятим борича хавфсиз ҳудудга олиб чиқиб кетдим. Бу вақтда одамлар хавфсиз жойдан хавфли ҳудудга қараб кела бошлашди. Одамларга қараб югуриб, уларни хавфли ҳудуд томонга яқинлаштирмасликка ҳаракат қилдим. Шу сабабли орқамга қарай олмадим ва ёнғин қандай чиққанини кўрмадим. Бир фуқаро йўлнинг нариги томонида ёнаётганини кўриб, уни қутқариш мақсадида “заправка” ҳудудига бориб, “огнотушител”ни олиб келиб ўчирдим. Кейин бақириб тез ёрдам чақиришларини илтимос қила бошладим. Кейинги воқеаларни шок ҳолатида бўлганим учун эслай олмайман”, дея таъкидлаган АГТС раҳбари.

Мансур Маткаримов ушбу ҳолат келиб чиқишини умуман хоҳламаганини, етказилган зарарларни имкон қадар қоплаганини айтиб, суддан енгиллик сўраган.

ЖИБ Фарғона туман судининг 2025 йил 24 июндаги ҳукми билан Мансур Маткаримовга 3 йил тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Унга сохта ҳужжатлар тайёрлаб беришда айбланган Ўткир Мадаминов ва Даврон Холматов ҳам озодликдан маҳрум қилиш, қурилиш ишларини бажарган Баҳодир Тожиматов эса озодликни чеклаш жазосига тортилган.

Эслатиб ўтамиз, портлашдан кейин Kun.uz билан суҳбатлашган маҳаллий аҳоли вакиллари мазкур АЁҚШ ва АГҚШ қурилишига одамлар норозилик билдиришгани, лекин масъуллар қулоқ солмаганини таъкидлаганди.

Мавзуга оид