Жаҳон | 21:28 / 30.06.2025
1292
3 дақиқада ўқилади

АҚШ прокуратураси Россияга алоқадор фирибгарларни тиббий суғурта тизимидан 1 млрд доллар ўғирлаганликда айблади

Жиноий гуруҳ аъзолари АҚШдаги миллиондан ортиқ одамнинг шахсий маълумотларини қўлга киритган ва қиммат тиббий ускуналарни қўлга киритиш учун уларнинг номидан сохта сўровлар юборган.

Фото: Zuma/ТАСС

Ню Йорк федерал прокурорлари Medicare тиббий суғурта тизими билан боғлиқ кенг кўламли фирибгарлик ишларига алоқадор Россия, АҚШ ва бошқа мамлакатларда жойлашган трансмиллий жиноий гуруҳнинг 11 иштирокчисига айблов эълон қилди. Улар АҚШдаги миллиондан ортиқ одамнинг шахсий маълумотларини ўғирлаган. 2022 йил августдан бери схема иштирокчилари ўнлаб Америка компанияларини сотиб олган ва улар номидан қиммат турадиган тиббий асбоб-ускуналарига тўловни амалга ошириш учун сохта сўровлар расмийлаштирган.

Фирибгарлик ҳолати 400 минг америкаликнинг суғуртаси бўйича ғалати операциялар пайқалганидан кейин аниқланган — гўёки уларга тиббий ускуналар етказиб берилган. Тергов маълумотларига кўра, уч йил давомида фирибгарлар 10,6 миллиард доллардан ортиқ тўловларни қўлга киритиш учун сохта аризаларни бериб келган. Medicare ходимлари кўплаб нотўғри тўловларни аниқлашга муваффақ бўлган, аммо гуруҳ қарийб 1 миллиард долларни ўғирлашга улгурган.

Фирибгарлар қўлга киритилган маблағларни хорижга олиб чиқиб кетган. Сингапур, Хитой, Туркия, Покистон ва Исроилдаги ҳисобрақамлар ва сохта компаниялар, шунингдек, криптовалюта транзакциялари орқали пул ювилган. Коннектикут федерал прокуратураси 28 та банк ҳисобрақамига жойлаштирилган 17 миллион долларни мусодара қилиш бўйича даъво киритган.

Айбланувчиларга соғлиқни сақлаш соҳасидаги электрон алоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда фирибгарлик содир этганлик айблови қўйилган. Улар орасида Россияда яшаётган Имом Наҳматуллаев ҳам бор — тергов уни «ташкилот раҳбари» деб атаган. Шунингдек, Эстония фуқаролари Святослав Яковлев, Эрик Юргенс, Яан Юргенс, Иля ва Юрий Карунас, Ренек Тику, Владислав Тураскин ва Вячеслав Зоголев ҳам гумонланувчилар рўйхатида. Чехия фуқароси Кевин Валдҳанс ва АҚШ фуқароси Жейсон Онуфриенко ҳам мазкур иш бўйича тергов қилиняпти.

Суд ҳужжатларига кўра, айбланувчиларнинг Россия фуқаролиги ҳам бўлган. Гуруҳ аъзоларининг деярли ярми жиноий фаолиятини Ню Йоркдан амалга оширган. Тергов уларни ҳибсга олишга тайёргарлик кўришни бошлаганида гуруҳ раҳбарияти фирибгарларга Американи Мексика орқали зудлик билан тарк этишини буюрган.

Мавзуга оид