Жамият | 15:04 / 29.06.2025
4537
2 дақиқада ўқилади

Тошкентдан Чорвоққа автобус қатнови йўлга қўйилади

1 июлдан бошлаб пойтахтнинг «Машинасозлар» метро бекати олдидан Чорвоққа автобуслар қатнови йўлга қўйилади. Чипта нархи 25 минг сўмни ташкил этади.

Фото: Тошшаҳартрансхизмат

2025 йил 1 июл кунидан «Тошавтобустранс» МЧЖ томонидан «Машинасозлар метроси» (Тошкент) — Чорвоқ (Ҳумсон қўрғони) автобус йўналишида хизмат кўрсатиш йўлга қўйилади. Бу ҳақда «Тошшаҳартрансхизмат» хабар берди.

Қайд этилишича, бу йўловчиларга кўрсатилаётган транспорт хизматлари сифатини ошириш ва аҳолининг транспортга бўлган талабини инобатга олган ҳолда амалга оширилмоқда.

Йўналишга MAN RR3 русумли туристик автобуслар бириктирилади. Ушбу автобуслар 47 та ўриндиқли, шинам ва кондиционерлар билан жиҳозланган. Йўналишда йўлкира нархи 25 минг сўмни ташкил этади. Биринчи қатнов «Машинасозлар метроси» бекатидан ҳар куни соат 06:00 да бошланади.

Таъкидланишича, қатновлар ҳар 1,5 соатда амалга оширилади. Қатнов вақти 1 соат 30 дақиқани ташкил этади. Сўнгги қатнов соат 20:30 да Чорвоқ томондан амалга оширилади ва соат 22:00 да «Машинасозлар метроси»да тугатилади.

Йўналишдаги автобуслар ўз ҳаракатини Машинасозлар метросидан бошлаб, Махтумқули кўчаси, Янги Ўзбекистон боғи, Ҳожикент мавзеси, Чиноркент маскани орқали Ҳумсон қўрғонигача ҳаракатланади.

«Йўналишда нақд пулда ва банк карталари орқали тўлов амалга ошириш имконияти мавжуд», — дейилади хабарда.

Мавзуга оид