Жаҳон | 21:14 / 29.06.2025
8815
17 дақиқада ўқилади

«Отахон» Трамп учун саммит. НАТО давлатлари нимага келишиб олди ва бу Украина учун нимани англатади?

Марко Рубио НАТОга аъзо давлатларнинг ҳар йилги учрашувини «Трамп саммити» деб аташни таклиф этди. Рубионинг бу баҳоси билан баҳслашиш қийин. Ҳаагадаги тадбирга кўп ойлардан буён синчковлик билан тайёргарлик кўриб келинди, афтидан, бундан ягона мақсад – АҚШ президентини хурсанд қилиш эди. BBC бунга қанчалик эришилгани ҳақида ҳикоя қилди.

25 июн куни кечқурун Доналд Трамп ОАВ вакиллари билан тўлиб-тошган залга чиққанида, бунга шубҳа қолмади: у учрашув натижаларидан жуда мамнун эди. АҚШ президенти ҳазил қилди, илиқ қабул учун Нидерландияни алқади (айниқса, маҳаллий дарахтларга юқори баҳо берилди) ва журналистларга Эрон бўйлаб муваффақиятли зарбалар ҳақида сўзлаб берди.

Марк Рютте (бу унинг НАТО бош котиби сифатида илк саммити эди) ҳам Трампни кўкларга кўтариб мақтади. Алянс раҳбари лавозимига у турли одамлар, жумладан, Трамп билан ҳам тил топиша оладиган амалиётчи сифатида келганди. Рютте бундай репутацияга муносиб бўлишга ҳаракат қилди.

НАТО мамлакатлари раҳбарлари йиғилиши бошланишидан олдин АҚШ президенти бош котиб ўзига «қадрли Доналд» деб мурожаат этган ва шундай сўзлар ёзилган шахсий хабарни намойиш этди: «Сиз ўнлаб йиллар мобайнида Американинг БИРОРТА президенти уддалай олмаган ишни уддаладингиз».

Гап саммит аъзоларининг мудофаа учун харажатларни ошириш бўйича тарихий келишувга эришгани ҳақида кетмоқда. «Европа КАТТА МИҚДОРда тўлайди, шундай бўлиши ҳам керак эди ва бу сизнинг ғалабангиз», – дея ёзган бош котиб.

Рютте BBC учун берган изоҳида бу хабари оммага эълон қилинишидан ноқулай аҳволга тушмаганини билдирган. «Мутлақо хижолатпазлик йўқ. Чунки бу хабардаги гапларнинг барчаси – ҳақиқат», – дея жавоб қайтарган у.

Марк Рютте Доналд Трампни мақтовларга кўммоқда
Andrew Harnik/Getty Images

Кейинроқ, мухбирлар қаршисида эканида Рютте бу позициясини давом эттириб, Трампнинг метафорасига тақлид қилган ҳолда АҚШ президентини баъзида урушаётган болаларини ажратишига тўғри келадиган «отахон» деб атади.

НАТО бош котибидан бундай ибораларни эшитишга одатланмаган журналистлар якуний матбуот анжуманида Рюттедан ошкора хушомад сабабини сўрашди. Бу дид масаласи, лекин умуман олганда, Трамп – яхши дўст», – дея жавоб берган у.

Иттифоқчилар (ҳозирча ҳамма эмас) харажатларни оширишга тайёр

Трампнинг саммитдаги ажойиб кайфиятининг асосий сабаби аниқ эди: Вашингтон НАТО давлатларининг мудофаа харажатларини 5 фоизгача ошириш мажбуриятини олишга муваффақ бўлди.

Мудофаа харажатлари масаласи Вашингтон учун 10 йилдан ортиқ вақтдан бери ғашни келтирувчи масала бўлиб қолмоқда. 2014 йилда Қрим Россия томонидан аннекция қилинганидан кейин белгиланган, ялпи ички маҳсулотнинг 2 фоизи миқдоридаги олдинги миқдорга Украинага кенг кўламли босқиндан кейин ҳам алянснинг барча давлатлари эриша олмади. Трамп маъмурияти эса Европа мудофаа масалаларида АҚШга жуда узоқ вақт ишониб келганини ва энди ўз хавфсизлиги учун ўзи тўлаши кераклигини айтмоқда.

Марк Рютте Ҳаагадаги саммитга қадар алянснинг барча мамлакатларини АҚШ талаб қилаётган 5 фоизга рози бўлишга кўндириш учун бир неча ой сарфлади. Учрашув арафасида Испания ҳукумати бу ғояни муваффақиятсизлик ёқасига олиб келганди: бош вазир Педро Санчес ўз мамлакати бундай мажбуриятларни олишдан қатъиян бош тортишини айтди.

Саммит бошланишидан атиги бир кун олдин якуний декларация таърифи ўзгариши туфайли Мадриддан 5 фоиз харажат қилиш мажбуриятини олиб ташлаган муроса эълон қилинди. Можаронинг олди олинди, аммо Испаниядан кейин бошқа иттифоқчилар ён беришни сўраши мумкин: Белгия ҳукумати аллақачон алянснинг «мослашувчанлиги»га умид қилаётганини эълон қилди.

Трамп матбуот анжуманида ўз фикрларини аямади. У Испанияни «тўлашдан бош тортаётган» ягона давлат деб атади: «Менимча, улар жуда ёмон иш қилишди». Трамп агар Мадрид муросага келмаса, АҚШ бунга савдо келишуви бўйича музокаралар доирасида тарифларни ошириш орқали жавоб қайтариши билан таҳдид қилди.

Испания бош вазири Педро Санчес саммит муваффақиятини хавф остида қолдирганди
EPA/Shutterstock

Бу фонда узоқ вақтдан бери Россиянинг империалистик амбициялари қайта тикланиши хавфини ҳис қилаётган ва шунинг учун мудофаа харажатларини фаол равишда ошираётган НАТОнинг «шарқий қаноти» вакилларининг ҳис-туйғулари қарама-қарши эди.

«Путин гигантни уйғотди... Бир неча йил ўтгач, Россия мудофаани молиялаштириш бўйича [биз билан] рақобатлашиши қийин бўлади ва бу 80-йилларда совет иттифоқи билан бўлгани каби бўлади», – деди Полша ташқи ишлар вазири Радослав Сикорский НАТО саммити доирасидаги тадбирлардан бирида.

Албатта, НАТОнинг Европа мамлакатлари мудофаа харажатларини кўпайтиришининг ўзи, келгуси бюджет йилидаёқ улар ўз мудофаа қобилиятларини оширишда сакрашни амалга оширади, дегани эмас. Бошқача айтганда, пул нафақат ажратилиши, балки оқилона сарфланиши ҳам керак.

Шу сабабли, Ҳаага саммити майдонларида Украинада давом этаётган урушдан, хусусан, дронлар ва сунъий интеллектни ишлаб чиқариш ва ҳарбий ҳаракатларда қўллашдан тажриба орттиришга чақиришди.

Дания бош вазири Метте Фредериксен эса Европа мамлакатларининг ҳарбий-саноат мажмуалари тинчлик даврида ҳам тўлиқ куч билан ишга туширилиши кераклигини таъкидлади. Ҳозирча эса бу содир бўлмади – улар Украина ҳарбий-саноат комплекси корхоналари билан ҳамкорлик қилиши керак, айниқса Киев ҳозир Ғарб ҳамкорларини ўз «мудофааси»га фаол жалб қилмоқда.

Қандай бўлмасин, якунда саммит декларациясига барча иштирокчи давлатлар имзо чекди. Улар шундай қарорга келишди: келажакда НАТО мамлакатлари ялпи ички маҳсулотининг камида 3,5 фоизини тўғридан тўғри ҳарбий мақсадларга: қурол-яроғ, ўқ-дорилар ва армияларни сақлашга сарфлаши керак. Яна 1,5 фоизи қўшимча мақсадларга йўналтирилиши кўзда тутилган: муҳим инфратузилма ва тармоқларни ҳимоя қилиш, инновациялар ва, масалан, «фуқаролик тайёргарлиги ва барқарорлиги»ни мустаҳкамлаш – бу жуда ноаниқ таъриф бўлиб, натижада мамлакатлар инфратузилма учун ҳар қандай харажатларни қўшимча 1,5 фоизга «ёзиб қўйиши»га олиб келиши мумкин.

Якуний ҳужжат, саммитнинг ўзи каби, ноодатий қисқа бўлди. Журналистлар буни Трамп омили билан ҳам изоҳлашди: ташкилотчилар барча кескин бурчакларни четлаб ўтишга, хусусан, Россияга нисбатан кескин формулировкалардан қочишга ҳаракат қилишди.

Масалан, «уруш» сўзи якуний декларацияда йўқ – ўтган йилги коммюникеда Россия 40 мартадан кўпроқ тилга олинганди. Унда Россия «Украинадаги тажовузкор уруш» учун якка ўзи жавобгар экани ва «алянс учун энг муҳим ва тўғридан тўғри таҳдид» бўлиб қолаётгани ҳақида сўз борган.

Ўтган йили Вашингтонда бўлиб ўтган НАТО саммитида иштирокчилар Украинанинг алянсга «қайтмас» йўли ҳақида гапиришди (фотода президент Зеленский аввалги бош котиб Йенс Столтенберг билан).
Kevin Dietsch/Getty Images

Аммо шуниси эътиборга лойиқки, ҳозирги коммюникега кўра, Украина армиясига ҳарбий ёрдам ҳам мудофаа учун мақсадли харажат ҳисобланади.

Декларацияда Киевни қўллаб-қувватлаш ҳақида эслатма бўлишига ишонч йўқ эди: Украина Ҳаагадаги саммит арафасида ноаниқлик муҳитида қолаётган эди.

Украинанинг «кишибилмас» муваффақияти

Саммит натижалари Киев кутганидан анча яхши бўлди, деди BBC’нинг Украина делегациясидаги манбаси.

Биринчи навбатда, учрашувдан дастлабки кутилмалар анча паст даражада бўлгани учун.

Украинадагилар жорий йиғилишнинг якуний коммюникеси НАТОнинг ўтган йилги Вашингтондаги саммити декларациясини эслатмаслигини жуда яхши тушунишган. Унда Украина ўнлаб марта тилга олинган ва унинг алянсга тўлақонли аъзо бўлиш йўли «қайтмас» экани айтилганди.

2025 йилда бундай баландпарвоз таърифларни ҳеч ким кутмаганди. АҚШ президенти Доналд Трамп сайлов кампанияси босқичидаёқ Украинага ҳам, НАТОга ҳам шубҳа билан қарашини яширмади.

Феврал ойида Овал кабинетдаги тортишувдан сўнг Зеленский ва Трамп муносабатларни тиклашга муваффақ бўлгандек кўринмоқда, аммо АҚШ президенти Владимир Путинга бўлган хайрихоҳлигини яширмаяпти ва вақти-вақти билан Россия пропагандаси руҳидаги иқтибослар билан чиқиш қилмоқда.

Ҳаагадаги бутун саммит Доналд Трамп ўзини максимал даражада қулай ҳис қиладиган тарзда ташкил этилган бир пайтда, Украинанинг ушбу тадбирда иштирок этиши деярли сўнгги дақиқаларгача сўроқ остида эди.

Якунда эса Украина делегацияси Нидерландиядан жуда яхши кайфиятда жўнаб кетди.

«Украина учун Ҳаага саммити шов-шувли ғалаба эмас, балки сокин муваффақият бўлди», – дейди BBC учун берган изоҳида Европа кенгашининг халқаро муносабатлар бўйича эксперти Лео Литра.

Володимир Зеленскийнинг саммитдаги иштироки охиригача сўроқ остида турганди
Bloomberg via Getty Images

«Ҳаага музокараларидаги муҳит яхши эди. Алянс аъзолари ўртасида биз учун муҳим бўлган масалалар бўйича мустаҳкам консенсус шаклланаётгани сезилди: Украина тинчликка содиқ, тинчлик йўлидаги тўсиқ эса Россия, Украинани бундан кейин ҳам қўллаб-қувватлаш, унинг ҳарбий-саноат мажмуасига инвестицияларни кўпайтириш, Москвага нисбатан санкциялар ва сиёсий босимни кучайтириш керак», – дея таърифлайди BBC’нинг Украина делегациясидаги манбаси Гаагадаги кайфиятни.

Аниқ натижалар ҳақида гап кетганда, биринчидан, дейди Лео Литра, Киевнинг шубҳасиз муваффақияти шундаки, Украина аслида НАТО бюджетига киришга муваффақ бўлди.

Европа давлатлари Украинанинг мудофаа қобилиятини ошириш харажатларини машҳур «Ҳаага беш фоизи»да ҳисобга олишлари мумкинлиги сабабли, Киев назарий жиҳатдан Россия томонидан унга қарши бошланган урушни молиявий ёстиқ билан таъминлашга имкон берадиган маблағларга эга бўлади.

«Яхши томони шундаки, Европанинг Украинага кўрсатаётган бу ёрдами бундан буён у ёки бу мамлакатдаги сайловларга, ички сиёсий вазиятга боғлиқ бўлмайди. Энди у деярли техник даражада ажратилади», – дейди Литра.

Албатта, бу борада украиналик дипломатлар янги чақириқларга дуч келишади, улар европалик ҳамкорларга ўз маблағларини айнан нимага сарфлаши мумкинлиги ҳақида маълумот тақдим этиши керак бўлади. Аммо бу бошқа масала ва унга жавоб бериш ҳақида Украина ҳукумати қайғуриши керак бўлади.

BBC’нинг Украина делегациясидаги манбасига кўра, Украина-НАТО кенгаши йиғилишида Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибига бошқа вазирларга шундай деган: декларация – яхши, лекин ҳақиқий иш энди бошланади.

«Чунки бу нарсаларни реал ечимларга, реал шартномаларга, бюджет дастурларига, қўшимча ишлаб чиқариш қувватларини ишга туширишга, саноатларни унификация қилиш ва мувофиқлаштиришга ўтказиш керак бўлади», – дейди манба.

BBC’нинг Украина делегациясидаги манбаси Зеленский ва Трампнинг учрашувини самарали деб атамоқда. Фото: Reuters

Олий Раданинг хавфсизлик, мудофаа ва разведка масалалари бўйича қўмитаси ўринбосари Егор Черневнинг BBC’га айтишича, Ҳаага саммитининг иккинчи муваффақияти шундаки, ҳатто тадбирнинг ўта қисқа коммюникесида ҳам Украинани тилга олиш ва алянснинг уни бундан кейин ҳам қўллаб-қувватлашга содиқлиги учун жой топилди.

Бундан ташқари, давом этади у, НАТО тўғридан тўғри «узоқ муддатли таҳдид» деб атайдиган Россия учун ҳам жой топилган (шу тариқа саммит арафасида муҳокама қилинган «вегетарианча» «душман» формулировкасидан воз кечилди).

Учинчидан, дейди BBC суҳбатдошлари, Украина НАТО билан яқинлашиш масаласида статус-квони сақлаб қолишга муваффақ бўлди. Бу ерда НАТО эшиклари Киев учун қанчалик кенг очилгани ҳақидаги тарихий қарорлар ва кескин таърифларни кутишмади.

Расмий нуқтайи назардан, Украинанинг келажакдаги алянсга аъзолиги тўғрисида янги кириш ҳужжатларининг йўқлиги Вашингтон коммюникеси ўз кучида қолишини англатади, унда эса Киевнинг НАТОга йўли «ортга қайтмас» деб аталган.

Ҳа, НАТОда ҳозирда Киевнинг келажакдаги аъзолигини кафолатлаш масаласида консенсус йўқ, дейди BBC суҳбатдоши. Аммо худди шундай, Украинанинг алянсга қўшилишининг ортга қайтмаслиги ҳақидаги формулировкани бекор қилиш учун консенсус ва сабаб йўқ ва бу кўпроқ Киев учун яхши янгиликдир.

Ниҳоят, BBC маълумотларига кўра, Володимир Зеленскийнинг Доналд Трамп билан учрашуви режалаштирилганидан кўра узоқроқ давом этганини ҳам Киев ўз ҳисобига ёзиб қўйиши мумкин.

«Бу яхши, конструктив, узоқ давом этган учрашув бўлиб, унда кўплаб муҳим масалалар муҳокама қилинди», – дейди BBC’нинг Украина делегациясидаги манбаси.

Бутун саммитни Доналд Трамп бошчилигида ташкил этишга ҳаракат қилинган бир шароитда, Украинада учрашув натижаларини ижобий баҳолашмоқда. Фото: Reuters

Украина ва Америка президентларининг музокаралари тафсилотлари ҳозирча ошкор қилинмади.

Шу билан бирга, BBC’нинг Украина президенти офисидаги манбаси маълум қилишича, ушбу суҳбат чоғида Володимир Зеленский Доналд Трампга россияликларнинг жанг майдонидаги қўшинлари «муваффақиятлари» ҳақидаги баёнотлари жуда бўрттирилганини кўрсатадиган хариталарни намойиш этган.

Бундан ташқари, кичик музокара столи атрофида Зеленский америкалик ҳамкасбига яқинда ҳалок бўлган аскарларнинг жасадларини алмашиш чоғида россияликлар украинларга рус аскарларининг қолдиқларини топширганини исботловчи далилларни кўрсатган.

«Эрингиз ҳозир аскарми?»

Володимир Зеленский Доналд Трампнинг дунёдаги вазият бўйича картинасини қандайдир тарзда ўзгартиришга муваффақ бўлдими ёки йўқми, ҳозирча номаълум.

Якуний матбуот анжуманида Трампга Эрон ядровий дастуридан «асар ҳам қолдирмаган жасур америкалик учувчиларнинг ноёб муваффақияти» ҳақида гапириш кўпроқ ёқиши маълум бўлди, аммо у Украина бўйича ҳам бир неча саволга жавоб беришига тўғри келди.

Биринчидан, президент Украина-Россия урушини 24 соат ичида тугатиш ҳақидаги сайловолди ваъдалари «истеҳзо» эканини тан олди.

Иккинчидан, Трампнинг Ҳаагадаги риторикаси Володимир Зеленскийдан кўра Владимир Путинга нисбатан кескинроқ эди. АҚШ президенти Путинни «йўлдан адашган» деб атаган бўлса, матбуот анжуманининг бошқа бир жойида шундай деди: «Владимир Путин бу урушни тугатиши шарт».

Мирослава Пеца Доналд Трамп билан мулоқот чоғида

Доналд Трамп матбуот анжуманининг энг ҳаяжонли лаҳзаси BBC Украина хизмати мухбири Мирослава Пецанинг АҚШ президентидан АҚШ Киевга Patriot ҳаво мудофаа тизимларини сотишга тайёрми, деб сўраган саволи бўлди.

Бу комплекслар – эҳтимол, дунёдаги энг яхшиларидан бири – Киев Вашингтондан европалик ҳамкорлари ёрдамида сотиб олишни хоҳлайдиган Америка қуроллари номенклатурасига киради. Зеленскийнинг айтишича, бир неча ҳафта олдин Киев Вашингтонга исталган харидлар рўйхатини берган, аммо океан ортидан ҳеч қандай жавоб келмаган.

Киевда Қўшма Штатларнинг Украинага ҳатто пул эвазига ҳам қурол беришдан бош тортиши ҳалокатли сценарий бўлмаса-да, Украина армиясининг ҳарбий ҳаракатларини олиб боришини жуда қийинлаштирадиган воқеалар ривожи деб аталади.

Ҳозир бу саволга жавобни Трампнинг ўзига беришни таклиф қилишди.

«Сиз ҳозир Украинада яшаяпсизми?» – деб сўради Трамп савол берган журналистдан. «Эрим ўша ерда, мен эса болаларим билан Варшавада, чунки у шуни хоҳлади», деб жавоб берди у.

«Эрингиз ҳозир аскарми?» – деб сўради сезиларли даражада хафа бўлган АҚШ президенти ва ижобий жавоб олгач, давом этди: «Украина ҳақиқатан ҳам Патриот ракетага қарши тизимларига эга бўлишни хоҳлайди. Кўрамиз, улардан баъзиларини фойдаланишга бера олармикинмиз. Уларни олиш жуда қийин. Улар ўзимизга ҳам керак. Биз уларни Исроилга етказиб беряпмиз ва улар жуда самарали, улар қанчалик самарали эканини тасаввур қилиш қийин... Сизга омад тилайман. Ва эрингизга салом айтинг».

Бу узоқ жавобдан Украинанинг ўзи орзу қилган Patriot тизимларига яқин орада эга бўлиш имконияти бор-йўқлиги унчалик тушунарли эмас. Аммо Трамп Киевга келажакда қурол-яроғ билан ёрдам бериш ҳақидаги саволга қатъий «йўқ» деб жавоб бермади.

Мавзуга оид