Жаҳон | 13:18 / 28.06.2025
1501
3 дақиқада ўқилади

Россияда янги «чет эл агентлари»: комик, рэп ижрочи ва «Мемориал» юристи

Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, улар «Россия ҳукумати қарорлари ва сиёсати ҳақида ёлғон маълумотлар» ва «чет эл агентлари» материалларини тарқатган, шунингдек, хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик қилган ва Украинадаги урушга қарши чиққан.

Фото: AP

27 июн, жума куни Россия Адлия вазирлиги «чет эл агентлари» рўйхати кенгайтирилганини маълум қилди. Рўйхатга «Мемориал» юристи Тамила Иманова, «Виждонли бош тортганлар ҳаракати» юристи Артем Клига, психолог Иван Звягин, блогер Евгений Егорченко, Францияда яшовчи шоир ва рэп ижрочи Наум Блик (ҳақиқий исми Дмитрий Иордатий), комик ва «Оддий одамлар»  КВН жамоасининг собиқ аъзоси Евгений Трикоз киритилган.

Россия Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, улар бошқа нарсалар қаторида «Россия ҳукуматининг қарорлари ва сиёсати ҳақида ёлғон маълумот тарқатган», хорижий ташкилотлар билан алоқа қилган, бошқа «чет эл агентлари» материалларини тарқатган, шунингдек, Россиянинг Украинадаги урушига қарши чиққан.

Евгений Трикознинг YouTubeʼда 186 минг обуначиси бор. Ўз видеоларида у Россия президенти Владимир Путинни танқид қилади ва рус ташвиқоти ҳақидаги позицияни масхара қилади. 2024 йил январ ойида комик Россия президентлигига урушга қарши номзод Борис Надеждинни кўрсатиш учун имзо чекканини айтди. Алексей Навалний вафот этган куни Трикоз TikTokʼда «Россия озод бўлади» деб номланган видеони жойлаштирди. 2024 йил феврал ойида собиқ КВНчи Z-фаоллар томонидан интернетда таъқиб қурбонига айлангани ҳақида хабар берди.

Аввалроқ Россия президенти Владимир Путин ҳам Россия Федерациясида, ҳам хорижда «чет эл агентлари» учун маъмурий жавобгарликни кучайтирувчи қонунни имзолади. 24 июн, сешанба куни Россиянинг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиришлар киритилди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 19.4-моддаси янги қисмида «чет эл агентлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилувчи орган мансабдор шахсининг қонуний талабларига риоя қилмаслик» учун жарималар назарда тутилган. 

Давлат думасининг хавфсизлик бўйича қўмитаси раҳбари Василий Пискаревнинг таъкидлашича, бу, хусусан, «Россия Федерацияси Адлия вазирлигининг аниқланган қонунбузарликларни бартараф этиш бўйича талабларини эътиборсиз қолдирадиганлар» ҳақида. Нафақат «чет эл агенти» белгиси йўқлиги, балки тасдиқланган шаклга мос келмаслиги учун ҳам жарима солинади. «Ҳеч ким чет элда бўлиш жазодан озод қилади, деб ўйламаслиги керак», деди Пискарев.

Мавзуга оид