Жаҳон | 08:05 / 28.06.2025
1391
3 дақиқада ўқилади

Эрон ТИВ раҳбари: Вашингтон билан ядровий музокараларни бошлаш ҳақида ҳеч қандай қарор қабул қилинмаган

Америкаликлар музокаралар давомида дипломатияга хиёнат қилди ва бу тажриба улар билан бўлажак музокаралар бўйича қарорга таъсир қилади, аммо дипломатия давом этмоқда — Аббос Арағчи.

Фото: REUTERS

Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арағчининг айтишича, АҚШ маъмурияти баёнотларига зид равишда Вашингтон билан ядровий музокараларни бошлаш ҳақида ҳеч қандай қарор қабул қилинмаган.

«Ядро қуролига эга барқудрат давлат ва ядро қуролига эга режим европаликлар ёрдамида Эрон халқини парчалаб ташлаш ва Америка гегемонлигига қарши 50 йиллик курашга чек қўйишни режалаштирди, аммо улар муваффақиятсизликка учради», деди у давлат телевидениеси дастурида.

Ҳужумлар олдидан АҚШ билан ядровий музокараларга ишора қилган Эрон ташқи ишлар вазири: «Охирги музокараларда улар бизни Эрон миллатининг ҳуқуқларидан воз кечишга ишонтиришга ҳаракат қилди. Биз рад этганимиздан сўнг улар уруш келтириб чиқарди ва жиноятчи сионист режимга (Исроил) ҳужумлар уюштиришга рухсат берди» деди.

Арағчи ўз фикрини қуйидаги сўзлар билан давом эттирди:

«Америкаликлар музокаралар давомида дипломатияга хиёнат қилди ва бу тажриба улар билан бўлажак музокаралар ҳақидаги қарорга таъсир қилади, аммо дипломатия давом этмоқда ва мен баъзи мамлакатлар ташқи ишлар вазирлари билан алоқадаман».

АҚШ президенти Доналд Трампнинг «эронликлар билан келаси ҳафта учрашамиз» деган баёноти ҳақидаги саволга жавобан Арағчи: «Бу баёнотларни жиддий қабул қилмаслик керак. АҚШ билан музокаралар борасида ҳали келишувга эришилгани йўқ. Бу мавзуда ҳатто суҳбат ҳам бўлмаган. Улар тинмай қарама-қарши баёнотлар бермоқда», деди.

Эрон парламенти томонидан қабул қилинган ва Атом энергияси халқаро агентлиги (АЭХА) билан ҳамкорликни тўхтатувчи, Конституция муҳофизлари кенгаши томонидан маъқулланган қонун ҳақидаги саволга Арағчи шундай жавоб берди: «Янги қонун биз учун мажбурийдир. (АЭХА директори Рафаэл Мариано) Гроссининг ҳисоботи Исроил тажовузи учун йўл очди. Ҳисобот аниқ ва адолат эмас эди. Бундан ташқари, бизнинг ядровий объектларимизга ҳужум содир бўлди, АЭХА эса уни ҳатто қоралай олмади».

Эрон ва Исроил ўзаро ҳужумларидан 12 кун ўтиб эришилган ўт очишни тўхтатиш жараёни ҳақида вазир шундай таъкидлади:

«Эрон ва сионистик режим (Исроил) музокаралар олиб бораётгани ёки ҳар икки томон АҚШ билан музокаралар олиб бораётгани ёхуд АҚШ воситачилик қилаётгани ҳақида миш-мишлар тарқалди. Буларнинг ҳеч бири тўғри эмас. Сионистик режим шу даражага етдики, чорасизликдан ҳужумларини тўхтатди, ҳужумлар тўхтаганида эса биз ҳам уларни давом эттирмадик».

Мавзуга оид