Жаҳон | 23:31 / 27.06.2025
7442
2 дақиқада ўқилади

Украина Волгограддаги ҳарбий аэродромга ҳужум қилди. Иккита Су-34 самолёти йўқ қилингани айтилмоқда

Аэродромга зарбалар узоқ масофага учишга қодир дронлар ёрдамида амалга оширилган. Россия томонида ҳозирча ҳужум юзасидан ҳеч қандай маълумот бермади.

Фото: Андрей Лыткин

Украиналик ҳарбийлар 27 июнга ўтар кечаси Волгоград областидаги Мариновка аэродромига ҳужум қилиб, тўртта Су-34 самолёти ва техник-эксплуатация қисмини нишонга олди. Бу ҳақда Украина Қуролли кучлари (УҚК) Бош штаби маълум қилди.

«Душман авиация техникасининг зарарланиш даражаси ва ҳужум натижалари аниқлаштирилмоқда», — дейилади идора баёнотида.

Операцияда иштирок этган Украина хавфсизлик хизматининг маълум қилишича, ҳужум давомида иккита Су-34 самолёти йўқ қилинган, яна иккитасига шикаст етказилган. Самолётларни таъмирлаш ва уларга хизмат кўрсатиш ишлари олиб борилган техник-эксплуатация қисмида эса ҳужумдан кейин ёнғин бошлангани айтилмоқда.

Аэродромга зарбалар узоқ масофага учишга қодир дронлар ёрдамида амалга оширилган.

«Россия Су-34 лари — Украина позициялари ва аҳоли пунктларига ракета-бомба зарбаларини берадиган тактик авиациянинг асосий самолётларидир», — дейилади УҚК Бош штаби хабарида.

Россия томони аэродромга ҳужум, самолётлар яксон қилинган ёки уларга зарар етказилгани тўғрисида хабар бермади, шунингдек, Украина идораларининг баёнотига жавоб қайтармади.

РФ Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, 27-июнга ўтар кечаси Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари Волгоград областида 13 та дронни уриб туширган. Минтақа губернатори Андрей Бочаровга кўра, дронлар Суровикинский ва Калачёвский туманларига, шунингдек, Волжск шаҳрига ҳужум қилган. Ҳужум оқибатларини бартараф этиш учун Дон дарёси устидан ўтган кўприкда ҳаракат вақтинча чекланган.

Мавзуга оид

Эълонлар