Жаҳон | 09:20 / 27.06.2025
11927
3 дақиқада ўқилади

Россияда газ қувуридан яшириниб ўтган аскарларда саратон аниқлангани маълум қилинди

Россиялик тарғиботчи Анастасия Кашеварова «Поток» операциясида қатнашган аскарларда ўпка саратони аниқлангани ҳақида хабар берди. Улар Украина қуролли кучларини Суджадан сиқиб чиқариш учун газ қувури орқали тахминан 15 км масофани босиб ўтган.

Фото: Russian Defense Ministry Press Service/AP/picture alliance

Украина армиясининг орқа қисмига газ қувури орқали кириб бориш учун "Поток" ("Труба" номи билан ҳам танилган) операциясида қатнашган рус аскарларига ўпка саратони ва ўпка эмболияси ташхиси қўйилди. Бу ҳақда 26 июн, пайшанба куни тарғиботчи Анастасия Кашеварова маълум қилди. Шу билан бирга, унинг сўзларига кўра, Россия ҳукумати жабрланганларга атиги 100 минг рубл тўлаган ва уларга ҳеч қандай мукофот бермаган.

«Ўпка саратони учун 100 минг рубл товон пули ва мукофотларсиз. Курск касалхоналарида жангчиларга «ўртача оғирликдаги ўткир бронхит» ташхиси қўйилган, уларга итлар каби 100 минг рубл ташлашган ва баъзи жангчиларда бу «псевдобронхит» аллақачон ўпка саратонига, тромбоэмболияга айланган», деб ёзади Кашеварова ўзининг Telegram-каналида.

Айниқса, кўрсатилган касалликлар «ҳарбий жароҳатлар қаторига кирмагани ёки оғир деб таснифланмагани», бунинг натижасида жароҳатланган аскарлар тўловлар ололмаслиги тарғиботчини ғазаблантирди. «Ким Бош штабда «Потока» жангчиларига мукофот беришга ва уларга пул тўлашга қарши, балки улар шахсий намуна кўрсатишга ва газ қувурида камида бир-икки кун ўтказишга тайёрдирлар?» — деди Кашеварова.

Жорий йилнинг апрел ойида «Ахмат» махсус кучлари қўмондони генерал-лейтенант Апти Алаудинов Курск вилоятининг Суджа шаҳрида газ қувуридан ўтган жангчиларнинг аксарияти ҳозирда ўпка билан боғлиқ муаммолар туфайли шифохоналарда ётганини айтган эди. «Тўғридан тўғри бу қувурда ўтказган вақт уларнинг ички органларига жуда катта таъсир кўрсатди. Ўпка ва нафас олиш йўлларига ҳақиқатан ҳам таъсир қилди», деди Алаудинов ТАСС ахборот агентлигига.

"Поток" операцияси 2025 йил март ойида Украина Қуролли кучларини Суджадан сиқиб чиқариш ва шаҳарни Россия Қуролли кучлари назоратига қайтариш мақсадида амалга оширилган. Амалиёт доирасида юзлаб рус аскарлари 2025 йилнинг январида фойдаланиш тўхтатилган газ қувури орқали тахминан 15 километр масофани босиб ўтди.

Мавзуга оид

Эълонлар