Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эрон фуқаровий ядро дастурига 30 миллиард доллар сармоя – АҚШ Теҳрон билан музокараларни тикламоқчи
Доналд Трамп администрацияси Эронни музокараларга қайтариш мақсадида – унинг фуқаровий ядро дастурини қуришга 30 миллиард доллар маблағ ажратиш, музлатилган банк ҳисобларини очиш ва санкцияларни юмшатишни муҳокама қилмоқда. Эрон эса АҚШнинг уюштирган ҳужумини дипломатияга хиёнат деб баҳолади ва ҳали музокаралар бошланмаслигини айтди.

Фото: The White House
CNN нашри ушбу масала билан таниш бўлган тўрт манбасига таяниб ёзишича, сўнгги икки ҳафта давомида Эрон ва Исроил ўртасидаги ҳарбий тўқнашувга қарамай, АҚШ ва Яқин Шарқдаги муҳим шахслар Эрон расмийлари билан яширинча музокаралар олиб борган. Ушбу мулоқотлар ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувдан кейин ҳам давом этган.
Трамп администрацияси расмийлари бир нечта таклифлар илгари сурган. Таклифлар дастлабки босқичда бўлиб, ҳали ўзгарувчан, аммо битта қатъий шарт мавжуд: Эрон томонидан уран бойитилишининг бутунлай тақиқланиши. Эрон эса бу талабга аввалдан қаршилик билдириб келмоқда.
Бироқ CNN'га икки манба томонидан таърифланган дастлабки таклиф лойиҳасида Эрон учун бир нечта имтиёзлар назарда тутилгани айтилади.
Манбаларга кўра, 21 июн куни – АҚШ Эрон ядро объектларини бомбардимон қилишидан бир кун олдин, Оқ уйда АҚШнинг махсус вакили Стив Уиткофф ва Форс кўрфази давлатлари вакиллари ўртасида бир неча соат давом этган махфий учрашув бўлиб ўтган. Айнан шу ерда айрим таклифларнинг тафсилотлари аниқлаштирилган.

Бу пайтгача оммага маълум бўлмаган муҳокама қилинаётган шартлардан бири — Эронда фуқаровий энергияга мўлжалланган, аммо уран бойитилмайдиган ядровий дастур учун 20-30 миллиард долларгача сармоя киритиш таклифи. Бу таклиф ҳақида Трамп маъмурияти расмийлари ва мазкур таклифдан хабардор манбалар CNNга маълумот берган.
Расмийлардан бирининг таъкидлашича, бу пул АҚШ томонидан ажратилмайди; АҚШ ушбу харажатларни араб иттифоқчилари зиммасига юклаш ниятида. Эронга ядровий энергетика соҳасида сармоя киритиш масаласи аввалги ойлар давомида бўлиб ўтган музокараларда ҳам кўтарилган.
«Биз ушбу музокараларга раҳбарлик қилишга тайёрмиз. Лойиҳани амалга ошириш учун кимдир пул тўлаши керак бўлади, аммо бу биз бўлмаймиз», — деган Трамп маъмурияти расмийси CNNга.
Бошқа имтиёзлар қаторида, баъзи санкцияларни бекор қилиш ва Эроннинг хорижий банк ҳисобларида блокланган 6 миллиард доллар миқдоридаги маблағдан фойдаланишга рухсат берилиши ҳам кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, ўтган ҳафтада муҳокама қилинган яна бир таклифга кўра, АҚШ томонидан «бункер-бустер» бомбалари билан яксон қилинган Фордо ядровий маркази ўрнига, АҚШ билан иттифоқчи Форс кўрфази давлатлари томонидан янги, уран бойитилмайдиган ядро иншооти қурилиши учун пул тўланиши мумкин. Ҳозирча бу марказдан Эроннинг ўзи фойдаланишига рухсат бериладими-йўқми номаълум, ва бу таклиф қанчалик жиддий муҳокама қилинаётгани ҳам аниқланмаган.

«Жуда кўп ғоялар ўртага ташланяпти ва улар орасида жуда ноодатийлари ҳам бор. Ишларнинг қаерга бориши ҳозирча мутлақо номаълум», — деган АҚШ ва Эрон ўртасида ўтган музокараларда қатнашиб келаётган манба.
Уиткофф ўзи чоршанба куни CNBSʼга берган интервюсида АҚШ «комплекс тинчлик келишувига» интилаётганини айтди. Трамп маъмурияти расмийси эса барча таклифлар Эроннинг ядро қуролига эга бўлишининг олдини олишга қаратилганини таъкидлади.
АҚШ Эрон фуқаро мақсадларидаги ядровий дастурга эга бўлиши мумкинлигини тан олади, аммо бу дастур учун уранни ўзида бойитмаслиги лозимлигини билдиради. АҚШ таклифига кўра, Эрон тайёр бойитилган уранни импорт қилиши мумкин. Уиткофф ушбу моделни БААдаги ядро дастурига ўхшатди.

Таклифлар кўриб чиқилаётганининг сабаби – Оқ уй маъмуриятида Эронга шартлар рўйхатини тақдим этиш имконияти пайдо бўлиши мумкин. Хусусан, президент Трамп чоршанба куни АҚШ ва Эрон кейинги ҳафта музокара столи атрофида ўтиришлари мумкинлигини айтганди. Бироқ Эрон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Исмоил Бақоий бу ҳақда хабари йўқлигини билдирган.
CNN манбаларининг сўзларига кўра, ҳали музокараларнинг аниқ сана белгиланмаган. Уиткофф томонидан олиб борилаётган дипломатик саъй-ҳаракатларга қарамай, Трамп бу ҳафта омма олдида ядровий келишувни унчалик зарур деб ҳисобламаётганини билдирди.
Уиткофф ўтказган махфий учрашувда ишлаб чиқилган шартлар ҳозирда АҚШ ва Эрон ўртасида, асосан Қатарнинг воситачилигида муҳокама қилинмоқда. Қатарликлар Исроил ва Эрон ўртасидаги сулҳни тузишда ҳам муҳим роль ўйнаган эди. Эндиликда улар АҚШ билан бирга жанговар ҳаракатлар қайта бошланмаслигини таъминлаш устида ишламоқда.
АҚШ зарбалардан сўнг битимга умид боғлаяпти
CNNнинг ёзишича, Трамп администрациясида сўнгги икки ҳафтадаги воқеалардан сўнг Эрон АҚШ шартларига кўпроқ мойил бўлиши мумкин, деган умид бор. Уларга кўра, Эрон шу билан ядро қуроли яратишга олиб келадиган ҳаракатларни тўхтатади.
Бироқ Эрон бўйича таҳлилчилар «Теҳрон энди ядро қуролига эга бўлиш керак», деб қарор қилган бўлиши эҳтимоли ҳақида гапирмоқда. Ҳафтанинг бошида Эрон парламенти БМТнинг ядро назоратчиси билан ҳамкорликни тўхтатиш бўйича қонун лойиҳасини маъқуллади.
Тахминан икки ҳафта олдин, Исроил Эронни нишонга олган ҳарбий амалиётини бошлашидан олдин АҚШ ва Эрон ўртасида бешта музокара босқичи ўтган эди. АҚШ Теҳронга таклиф тақдим қилган, Эрон эса Омандаги режалаштирилган олтинчи босқичда жавоб бериши кутилган эди. Бироқ бу босқич Исроил ҳужумлари сабаб бекор қилинган.
Шанба куни, АҚШ Эроннинг учта ядровий объектини нишонга олишидан олдин, Трамп маъмурияти воситачилар орқали Эронга хабар юборган. Хабарда икки асосий нуқта бўлган: бўлажак зарбалар чекланган бўлади ва АҚШнинг дипломатик таклифлари аниқ – «уранни бойитишга — йўқ», дейилади.

Келишув истиқболлари ҳақида саволга Трамп қуйидагича жавоб берган: «Биз битим имзолашимиз мумкин, билмайман. Мен улардан ядровий қурол яратмаслик ҳақида баёнот олсам ҳам бўлади, эҳтимол, биз айнан шуни талаб қиламиз. Биз фақат илгари сўраган нарсамизни сўраяпмиз – ядро қуроли бўлмаслиги», — деди Трамп чоршанба куни НАТО саммитида.
Уиткофф, шунингдек чоршанба куни берган баёнотида «келишув тузилиши мумкинлигига ишора берувчи белгилар» борлигини айтган.
Эрон: АҚШ хиёнат қилди
26 июнь куни чиқиш қилган Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи эса АҚШ билан музокаралар бўлмаслигини қатъий айтди. Унинг сўзларига кўра, Исроил ҳужумидан аввал Эрон билвосита ядровий музокараларда ўз халқининг ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган бир пайтда, АҚШ музокаралардан кўнгли совигач, бошқа йўлни танлаган.
«АҚШнинг Эронга уюштирган ҳарбий ҳужумларини дипломатия ва музокараларга хиёнат. Музокараларни қайта бошлаш бўйича ҳеч қандай келишув йўқ. Ҳатто музокаралар ҳақида ҳеч қандай гап ҳам бўлмаган. Музокаралар ҳозир кун тартибида эмас», дея Ароқчининг сўзларини келтирмоқда Mehr News.

Эрон бош дипломати улар дипломатияга содиқ қолишини таъкидлади, бироқ АҚШ билан музокараларни тиклаш ёки тикламаслик қарори яна кўриб чиқилиши лозимлигини айтди.
Эроннинг ядровий объектларига АҚШ берган зарбалар ҳақида сўралган саволга жавобан ташқи ишлар вазири шундай жавоб берди:
«Зарар аҳамиятсиз эмас. Ҳозирча биз бу зарарлар миқёсини баҳоламоқдамиз. Ҳозир музокаралар учун замин тайёр деб ҳисоблашга эрта», дея қўшимча қилди Ароқчи.
26 июн куни халқига мурожаат қилган Эрон олий раҳбари Али Хоминаий урушда АҚШ ва Исроил мағлуб этилганини айтган эди. Шунингдек, у Эрон ҳеч қачон таслим бўлмаслигини, агар кимдир яна мамлакатга ҳужум қилишга уринса, жиддий жавоб берилишини маълум қилган.
Тавсия этамиз
„Участкавой“ президент билан учрашувда капитанга айланди
Ўзбекистон | 15:27 / 11.07.2025
Трамп: НАТО Украина учун АҚШдан қурол сотиб олади
Жаҳон | 11:21 / 11.07.2025
Элдор Шомуродов Туркия клубига ўтди
Спорт | 11:12 / 11.07.2025
Таэквондочи Улуғбек Рашидов икки йилга дисквалификация қилинди
Спорт | 11:00 / 11.07.2025
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид

10:27
Трамп Украинага Patriot комплекслари етказиб берилишини эълон қилди

08:01
Трамп иммиграция ва божхона полициясига «тўлиқ ваколат» тақдим этди

21:29 / 13.07.2025
Евркомиссия раҳбари АҚШ божларига жавоб қайтаришга тайёрлигини маълум қилди

19:50 / 13.07.2025