Жаҳон | 15:45 / 26.06.2025
3039
12 дақиқада ўқилади

Ҳарбий харажатларни ошираётган Европа ва НАТО мудофаасига содиқ Трамп — Ҳаагадаги саммит тафсилотлари

Дунёдаги энг йирик ҳарбий иттифоқ харажатларини қарийб икки баравар оширишга қарор қилди. Трамп босими остида қабул қилинган бу қарор Европа учун қўшимча молиявий муаммолар келтириши мумкин. АҚШ НАТО мудофааси йўлида содиқлигини тасдиқлади. Россия асосий хавф сифатида эсланди, Украинадаги уруш эса иккинчи планга тушиб қолди. Саммит тафсилотлари.

НАТО саммитидан кейинги матбуот анжуманида чиқиш қилган АҚШ президенти Доналд Трамп, унинг мудофаа вазири Пит Ҳегсет ва давлат котиби Марко Рубио билан / Фото: The New York Times

25 июнь куни жаҳон сиёсатининг диққат марказида турган ҳодиса — НАТО етакчиларининг йиллик саммити бўлди. Унда НАТО давлатлари АҚШ президенти Доналд Трампнинг бир неча ойлик босимидан сўнг, 2035 йилга бориб мудофаа харажатларини ЯИМнинг 5 фоизигача оширишга келишиб олди.

Иттифоқчиларнинг қўшма баёноти

НАТОга аъзо 32 давлат етакчилари имзолаган Қўшма баёнотда улар «чуқур» хавфсизлик таҳдидларига қарши бирлашганликларини таъкидлаган.

«Биз Вашингтон шартномасининг 5-моддасида мустаҳкамланганидек, коллектив мудофаа принципига — аъзолардан бирига қилинган ҳужум ҳаммага қилинган ҳужум деган тамойилга — собит содиқлигимизни яна бир бор қатъий тасдиқлаймиз. Биз бир миллиард фуқаромизни, Альянсни ҳимоя қилиш ва озодлик ҳамда демократиямизни асраш борасидаги қатъий қароримизда собитқадам қоламиз», дейилади.

Фото: НАТО

Баёнотда «Россиянинг узоқ муддатли таҳдиди» ва терроризм алоҳида кўрсатиб ўтилди. Бу йилги баёнотда, ўтган йилдагидан фарқли равишда, Россиянинг Украинага бостириб кириши қоралаб ўтилмаган.

«Чуқур хавфсизлик таҳдидлари ва муаммолари, хусусан, Евро-Атлантика хавфсизлигига Россиянинг узоқ муддатли таҳдиди ҳамда терроризмнинг давомли таҳдиди қаршисида бирлашган ҳолда, Иттифоқчилар 2035 йилга бориб ялпи ички маҳсулотнинг (ЯИМ) 5 фоизини йиллик равишда асосий мудофаа эҳтиёжлари, шунингдек, мудофаа ва хавфсизлик билан боғлиқ харажатларга сарфлаш мажбуриятини оладилар».

Бу маблағнинг 3,5 фоизи анъанавий ҳарбий эҳтиёжлар — аскарлар, қуроллар, снарядлар ва ракеталар учун ажратилади. Бу ҳозирги 2 фоизлик мақсаддан анча юқори. Қолган 1,5 фоиз эса «ҳарбийликка яқин» лойиҳалар — йўллар ва кўприкларни яхшилаш, фавқулодда соғлиқни сақлаш хизматлари, кибермудофаа ва фуқаролик барқарорлиги каби соҳаларга сарфланади.

Баёнотга кўра, ушбу режадаги харажатлар йўналиши 2029 йилда стратегик вазиятни ҳисобга олиб, қайта кўриб чиқилади. Шунингдек, НАТО иттифоқчилари мудофаа харажатлари ҳисобидан Украинани қўллаб-қувватлаш суверен мажбуриятини тасдиқлаган. «Чунки Украинанинг хавфсизлиги бизнинг хавфсизлигимизга ҳам ҳисса қўшади». НАТОнинг 2026 йилги саммити Туркияда бўлиши маълум қилинди.

5-модда ҳақида

НАТО шартномасининг «юраги» бўлган 5-моддаси мазмуни шундай: «агар НАТОга аъзо бирор давлатга кимдир ҳужум қилса, бу барча НАТО аъзоларига ҳужум қилинган ҳисобланади ва қолган аъзолар заруратга кўра — сиёсий, иқтисодий ёки ҳарбий йўл билан — жавоб беришлари шарт».

Аввалроқ, Доналд Трамп айни шу тамойил акс этган НАТО шартномасининг 5-моддаси ҳақида «уни турлича талқин қилиш мумкин», дея гапириб, аъзоларда шубҳа уйғотганди. Бироқ у саммитдан сўнг «Мен бу модда тарафидаман. Айнан шунинг учун мен бу ерда турибман. Агар бу принцип тарафдори бўлмасам, бу ерда ҳам бўлмасдим», — деди.

Фото: НАТО

НАТО бош котиби Марк Рютте матбуот анжуманида Трампнинг 5-моддага садоқати ҳақидаги саволлар тўхтамаётганидан норозилик билдирди. У журналистлар ва сиёсатчиларни «энди хавотирланмасликка» чақирди ва: «АҚШ 5-моддага тўлиқ содиқ. Улар яна неча марта айтишлари керак?» деди.

Амалда бу модда фақат бир марта, 2001 йил 11 сентябрда АҚШга уюштирилган террористик ҳужумдан сўнг ишга туширилган. Шундан сўнг НАТО илк бор коллектив мудофаа чораларини қўллаган эди.

Мудофаа харажатларини ошириш масаласи

Ҳаагадаги саммитни бир нечта етакчилар «тарихий» деб атаётганининг асосий сабаби, барибир мудофаа харажатларини ошириш масаласи бўлиб турибди. Айниқса ижтимоий харажатлари катта бўлган Европа давлатлари учун ЯИМнинг 5 фоизи жуда катта маблағ ҳисобланади.

НАТОга аъзо давлатларнинг амалдаги харажатлари

Трамп эса европаликлар ҳам мудофаа учун кўпроқ пул сарфлашини адолатли бўлади, деб ҳисобламоқда.

«Бу ажойиб саммит бўлди ва мен бундан жуда завқ олдим. Улар ўз мамлакатларини ҳимоя қилишни истайдилар ва бунинг учун АҚШ зарур. АҚШсиз бу мутлақо бошқача бўлади,» деди у.

New York Times'нинг ёзишича, Трамп НАТО иттифоқчиларини кўп бора «бепулчилар» деб атаб, уларни АҚШ ҳимоясига ҳаддан ташқари таянишда айблаган. Вице-президент Венс ва мудофаа вазири Пит Ҳегсет ҳам Европани АҚШ хавфсизлик ресурсларига юк деб тасвирлаган. Президент ҳатто НАТОдан чиқиш ҳақида очиқчасига ўйлаганини айтган.

Саммитдан олдин Испания бош вазири Педро Санчес мамлакат 2,1 фоиз ЯИМни мудофаа учун ажратишини, «на ортиқ, на кам» сарфлашини айтган. Словакия ва Бельгия ҳам 5 фоизлик мажбуриятни бажара олмасликларини айтиб ўтишган.

Аммо Марк Рютте Испанияни «юмшоқ дипломатик иборалар» ёрдамида четлаб ўтди. Баёнотда «барча иттифоқчилар» эмас, балки «иттифоқчилар» 5 фоизлик рақамга рози бўлгани айтилади. Reutersʼнинг ёзишича, Трамп бунинг учун Испанияни жазолаш билан таҳдид қилган.

Испания бош вазири Педро Санчес / Фото: AP

«Бу даҳшатли ҳолат, деб ўйлайман. Биласизми, улар (Испания) жуда яхши ҳолатда... Аммо салбий бирор нарса юз берса, у иқтисодиёт буткул йўқ бўлиши мумкин», деди. Трамп Испания бошқа Европа Иттифоқи давлатларига қараганда АҚШдан анча оғирроқ савдо шартномаси олишини қўшимча қилди.

Франция Президенти Эммануэл Макрон эса Трампнинг савдо божлари масаласини кўтарди.

«Биз 'кўпроқ харажат қиламизʼ деб айтиб, НАТО марказида савдо урушини бошлай олмаймиз,» деди Макрон ва бу вазиятни «мантиқсизлик» деб атади. У бу масалани Трамп билан бир неча бор муҳокама қилганини қўшимча қилди.

Мудофаа харажатларининг ошиши ижтимоий соҳага юк бўлади

Яна бир масала, Ғарбий Европадаги кўплаб ҳукуматлар ўз аҳолисини хавфсизликка бўлган таҳдид ҳақиқийлигига ишонтиришда сиёсий жиҳатдан қийинчиликка учрашида.

Хусусан, Al-Jazeera таҳлилчиларининг ёзишича, аъзо давлатлардан мудофаа харажатларини ошириш сўралганда, бу маблағ қаердандир олиниши керак бўлади. Агар ҳукуматлар бюджетни кенгайтирмаса ёки янги даромад манбаларини топмаса, ҳарбий харажатларнинг ошиши одамлар ҳар куни таянадиган бошқа соҳалар — масалан, соғлиқни сақлаш ва таълим устига босим қилиши мумкин.

Ҳозирда НАТОга аъзо 32 давлатнинг ҳеч бири мудофаага соғлиқни сақлаш ёки таълимга қараганда кўпроқ маблағ ажратмайди. Бироқ, агар янги ЯИМнинг 5 фоизини мудофаага ажратиш бўйича мақсад қабул қилинса, ҳозирда таълимга 5 фоиздан кам маблағ ажратаётган 21 та давлат келажакда ҳарбий соҳага мактабларга қараганда кўпроқ пул сарфлашни бошлаши мумкин.

Фото: Al-Jazeera ва Reuters манбалари асосида

Ушбу жадвалда НАТО давлатларининг бюджетлари, уларнинг мудофаа харажатларининг соғлиқни сақлаш ва таълим билан солиштиргандаги ўрнини кўриш мумкин.

Марк Рютте: НАТО янада кучлироқ бўлади

Саммитга мезбонлик қилган НАТО бош котиби Марк Рютте (Голландиянинг собиқ бош вазири) НАТО янада «кучлироқ, адолатлироқ ва ҳалокатлироқ» альянсга айланишини айтди.

Рютте эришилган ушбу келишувни Трамп учун ютуқ сифатида тақдим этди, европаликларни ўз манфаатлари йўлида ҳаракат қилишга мажбурлагани учун уни мақтади.

«Американинг президентлари ўн йиллаб эриша олмаган нарсага сен эришдинг», — деб ёзган Рютте Трампга юборган шахсий хабарда, Трамп эса бу хабарни ижтимоий тармоқларда жойлаштирди.

Фото: НАТО

Саммитдан кейинги матбуот анжуманида НАТО бош котиби Марко Рютте Трампни Эрон-Исроил можаросидаги ҳаракатлари учун ҳам мақтади. Трамп сулҳдан кейинги воқеаларни эса «Бу икки давлат ўзини мактаб ҳовлисидаги икки бола каби тутди» деди. Рютте эса «ва баъзида ота қатъий сўз ишлатишга мажбур бўлади», дея уни оқлаб қўйди.

Трамп, Украина ва НАТО

Гарчи президент Володимир Зеленский Трамп билан учрашган бўлса ҳам бу саммитда Украина масаласи иккинчи даражага тушиб қолди.

Reutersʼнинг ёзишича, НАТО баёнотида Украинани келажакда ташкилотга қабул қилиш масаласи тилга олинмагани – Трампга ёқиш учун қилинган бўлиши мумкин. Бироқ Рютте НАТОнинг Украинани қабул қилиш бўйича узоқ йиллик ваъдасини такрорлаган.

Зеленский Европа етакчилари билан / Фото: НАТО

«Бизнинг мақсадимиз — бугун Украинани жангда сақлаб қолиш, эртага эса у барқарор тинчликка эришсин. Биз Украина билан унинг тинчликка эришиш йўлида биргамиз ва уни НАТО аъзолигига қайтмас йўлга етаклашда қўллаб-қувватлаймиз», — деган Рютте.

Доналд Трамп саммит доирасида Володимир Зеленский билан учрашди.

«Зеленскийнинг бироз қийинчиликлари бор, у яхши йигит. Мен Путин билан кўп гаплашганман... у менга Эрон бўйича ёрдам таклиф қилди. Мен айтдим: бир илтимос, Эронмас, Россия бўйича ёрдам бер», дея Трампнинг сўзларини келтирмоқда BBC.

Фото: Украина президенти матбуот хизмати

Трамп урушни 24 соат ичида тўхтатиш ваъдаси «сарказм» бўлганини маълум қилди. У ушбу уруш «бошқа барчаларидан қийинроқ бўлиб чиққанини» тан олди ва яна бир бор Путин билан гаплашишга уринишини айтди.

Bloomberg манбасининг сўзларига кўра, Трамп Киевга қўшимча Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа мажмуаларини топшириш имкониятини кўриб чиқишини маълум қилган. Зеленский ҳам Трамп билан суҳбатда АҚШ ҳаво мудофаа тизимларини харид қилиш ҳақида гаплашганини ёзди.

Эътибордан четда қолган бошқа масалалар

Президент Байден даврида АҚШ Миллий хавфсизлик кенгашининг Европа бўйича директори бўлган Торрей Таусиг «энг долзарб муаммолар кун тартибидан бутунлай чиқариб ташлангани»ни айтган. «Европада тўрт йилдан бери қуруқликда уруш давом этаётганига қарамай, Украинага нисбатан ҳеч қандай муҳим қарор қабул қилинмади», деди у. Шунингдек, Россияга нисбатан келажакдаги сиёсат ёки Хитойнинг ортиб бораётган таҳдиди муҳокама қилинмади.

Таҳлилчиларга кўра, агар давлатлар бу маблағни нотекис ажратсалар ҳам, якуний натижада Европанинг ҳарбий харажатларида жуда катта ўсиш кузатилади. Аъзолар маблағлар самарали сарфланишига ва тез натижа кўрсатишига умид қилмоқда.

Фото: НАТО

Трамп АҚШ ҳарбийларининг қаерда жойлашгани ва келажакда қаерда бўлиши кераклигини кўриб чиқишни буюрган. Бу эса НАТОнинг ҳар бир иттифоқчидан кутаётган кучи — ҳарбийлар сони ва уларнинг жиҳозларига таъсир қилиши мумкин.

Баъзи таҳлилчилар эса Трампни рози қилишда Рютте ва европаликларни мақтаб, уларнинг сиёсий нуқтайи назарини юқори баҳолаган.

«Америка томонидан ташлаб кетилиш хавфи кўз ўнгида турганда, иттифоқчилар Трампни тинчлантириш ва вақтдан ютиш стратегиясини ишлаб чиқди», деди American Enterprice Институтининг ташқи сиёсат ва мудофаа бўйича директори Кори Шаке.

Мавзуга оид

Эълонлар