Жаҳон | 17:39 / 25.06.2025
2588
2 дақиқада ўқилади

Исроил Эрон ядро иншоотларига етказилган зарарни «ниҳоятда жиддий» деб баҳолади

Шу билан бирга, разведка хизматлари Эрон ядровий ишланмаларига етказилган зарар ҳақида ҳали якуний хулосага келмаган.

Фото: Maxar Technologies

 

Исроил разведка хизматлари Эрон ядровий иншоотларига етказилган зарарни баҳолади, деб ёзди Axios исроиллик манбаларга таяниб.

«Биз операция муваффақиятсиз ўтган деб ўйламаймиз ва бизда бункер бомбалари портламай қолгани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Ҳеч кимнинг ҳафсаласи пир бўлмади», деди манбалардан бири.

Шу билан бирга, нашр манбаларининг таъкидлашича, разведка хизматлари Эрон ядровий ишланмаларига етказилган зарар ҳақида ҳали якуний хулосага келмаган.

Шу муносабат билан, манбалардан бири таъкидлаганидек, АҚШ разведкасининг зарбалар Эрон ядровий дастурини атиги бир неча ой орқага сургани ҳақидаги дастлабки ҳисоб-китоблари ҳайратланарли. Манбалардан бири бундай хулосалар чиқаришга ҳали эрта, деб ҳисоблайди.

24 июн куни СNN ва The New York Times АҚШ разведкасининг дастлабки хулосаларини эълон қилди, унга кўра, АҚШ зарбалари Эрон ядровий материалининг озгина қисмини йўқ қилган, Теҳрон эса бойитилган уран захираларининг катта қисмини кўчиришга ва яширишга муваффақ бўлган. Бундан ташқари, АҚШ томонидан зарба берилган объектлар Трамп маъмурияти кутганидек зарар кўрмади, дейилади хабарда. АҚШ президенти бу оммавий ахборот воситаларини танқид қилди ва нашрларни «сохта хабар тарқатувчи» деб атади.

Мавзуга оид