Жаҳон | 20:46 / 25.06.2025
5592
2 дақиқада ўқилади

Эрон ўз ядровий иншоотлари жиддий шикастланганини тан олди

Улар бир неча бор ҳужумга учрагани сабабли жиддий зарар кўрган.

Фото: Maxar Technologies

Эрон ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Исмоил Бақоий Ал-Жазира телеканалига берган интервюсида мамлакат ядровий иншоотлари Исроил ва АҚШ зарбалари оқибатида «жиддий зарар кўрганини» айтди.

«Ҳа, бизнинг ядровий иншоотларимиз жиддий зарар кўрган. Бу ҳақиқат, чунки [улар] бир неча бор ҳужумга учради», деди Бақоий. У бошқа тафсилотларни келтирмади.

Ўз навбатида, Axios мухбири Барак Равид Исроилнинг атом энергияси бўйича комиссияси хулосалари акс этган ҳужжатни эълон қилди. Хусусан, Американинг Фордо ядровий иншоотига зарбаси «унинг муҳим инфратузилмасини вайрон қилгани ва уранни бойитиш иншоотини ишдан чиқарганини» даъво қилмоқда.

«Биз ишонамизки, Эрон ядровий иншоотларига АҚШ билан Исроил зарбалари биргаликда Эроннинг ядро қуролини яратиш қобилиятини йиллар давомида тўхтатиб қўйди», деди комиссия.

The New York Times газетасининг ёзишича, АҚШ разведкаси Эроннинг учта ядровий иншоотига берилган зарбалар мамлакатнинг ядро қуролига эга бўлиш йўлидаги тараққиётини атиги бир неча ойга орқага сурган деган хулосага келган. Разведка, шунингдек, АҚШ зарбалари Фордо тоғи ичидаги ядровий иншоотнинг электр тизимига зарар етказган, бироқ мажмуа вайрон бўлмаган, деб ҳисоблайди.

Кейинчалик, президент Доналд Трамп АҚШ ҳарбий разведкаси хулосаларини чоп этган оммавий ахборот воситаларини танқид қилди.

«Фейк хабарлар тарқатувчи CNN ва омадсиз The New York Times тарихдаги энг муваффақиятли ҳарбий зарбалардан бирини камситишга ҳаракат қилди. Эроннинг ядровий иншоотлари бутунлай вайрон бўлди!», деди Трамп.

Мавзуга оид