Жаҳон | 17:42 / 23.06.2025
5485
2 дақиқада ўқилади

Эрон ядровий иншоотлардан 408 кг бойитилган уранни олиб чиқишга улгурди – ОАВ

Америкалик юқори мартабали амалдорлар Эроннинг қурол-яроғга мўлжалланган уран захиралари қаерда эканини билмаслигини тан олди.

Фото: Reuters

Эрон ўзининг ядровий иншоотларидан барча бойитилган уранни АҚШ зарбаларидан олдин олиб чиқишга улгурди. Бу ҳақда The New York Times (NYT) нашри Исроил манбаларига таяниб хабар берди.

Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА) маълумотларига кўра, Эронда 60 фоизгача бойитилган 408,6 кг уран (U-235) бор эди. Мутахассисларнинг фикрига кўра, бу қурол яратиш даражасининг деярли 90 фоизини ташкил қилади. Кейинчалик бойитиш билан бу миқдордан тўққизтагача ядровий қурол ишлаб чиқарилиши мумкин.

АҚШ президенти Доналд Трамп Эроннинг ядровий дастури бункерлари ракета зарбалари билан «бутунлай йўқ қилинганини» айтганидан сўнг, дастурнинг қисмати сўроқ остида қолди: юқори мартабали амалдорлар Эроннинг қурол-яроғга мўлжалланган уран захиралари қаерда эканини билмаслигини тан олди, деб ёзди NYT.

Эроннинг IRIB давлат телерадиокомпанияси хабарига кўра, Эрон АҚШ зарбаларига учраган учта ядровий объектни олдиндан эвакуация қилган.

АҚШ армияси 22 июнга ўтар кечаси Эроннинг учта ядровий объектига: Фордо, Натанз ва Исфаҳондаги заводга зарбалар берган эди.

Мавзуга оид