Жаҳон | 06:21 / 22.06.2025
47065
5 дақиқада ўқилади

«Фордо энди йўқ» – АҚШ Эрондаги ядровий объектларга зарба берди

Исроил шу вақтгача зарба бера олмаган ер остидаги Фордо заводи бункерларга қарши мўлжалланган B-2 самолётлари билан бомбардимон қилинган. Бу билан амалда америкаликлар исроилликларнинг ҳужумларига қўшилди. «Тинчлик вақти келди», — деб ёзган ҳужумдан кейин Америка президенти.

Фото: Getty Images

АҚШ президенти Доналд Трамп мамлакат авиацияси Эрондаги учта ядровий объект — Фордо, Натанз ва Исфаҳонга ҳужум уюштирди. У ўзига тегишли Truth Social ижтимоий тармоғида ёзишича, Фордодаги асосий объектга «юкланган барча бомбалар ташланган».

«Биз Эрондаги учта ядровий объектга жуда муваффақиятли ҳужумимизни якунладик», – дейилади Америка президенти постида.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда ҳужумда қатнашган самолётларнинг барчаси Эрон чегараларидан ташқарида ва АҚШ базаларига қайтмоқда.

«Барча самолётлар уйга қайтмоқда. Ажойиб америкалик жангчиларимизни табриклаймиз. Дунёдаги ҳеч бир армия бундай қила олмасди. Энди тинчлик вақти келди!» – деган у.

Кейинги постида Трамп бу АҚШ, Исроил ва бутун дунё учун тарихий палла эканини билдирган. «Энди Эрон урушни тўхтатишга рози бўлиши лозим», – дея қўшимча қилган у.

BBC News ва CNN нашрлари эътибор қаратишича, Трамп шундай сўзлар ёзилган постни ҳам ўз саҳифасида бўлишган: «Фордо энди мавжуд эмас» (Fordow is gone).

Axios маълумотига кўра, АҚШ Эрон бўйлаб зарба беришга тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида Исроилни олдиндан огоҳлантирган. Юқори мартабали исроиллик мулозимлардан бири зарба беришда B-2 бомбардимончи самолётларидан фойдаланилганини маълум қилган. Бу маълумотни Reuters’га америкалик мулозим ҳам тасдиқлаган. CNN манбаларга таяниб хабар беришича, Трамп ва Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу АҚШ Эронга зарба берганидан кейин телефон орқали мулоқот қилган.

Fox News хабарига кўра, АҚШ ҳарбийлари Фордодаги ядровий объектга бункерга қарши 6 та бомба ташлаган, шунингдек, Исфаҳон ва Натанздаги объектлар бўйлаб Tomahawk русумли 30 ракета ракета учирган.

Кўп ўтмай Эрон томони Фордо, Натанз ва Исфаҳондаги объектларга ҳужум қилинганини тасдиқлади. Эрон давлат телевидениеси сиёсий директори ўринбосари Ҳасан Абединий жонли эфирда Эрон «бироз олдин» ушбу учта ядровий объектни эвакуация қилганини айтди. Бу Теҳроннинг АҚШнинг ўз ядровий объектларини бомбардимон қилишига биринчи расмий муносабати бўлди. Абединий Эрон «жиддий зарар кўрмагани, чунки материаллар аллақачон олиб чиқиб кетилгани»ни таъкидлаган.

Tasnim ахборот агентлиги Қум вилоятидаги расмийга таяниб Фордо ядровий мажмуасининг бир қисми ҳужумга учрагани ҳақида хабар берди. «Бир неча соат аввал Қумнинг ҳаво мудофааси ишга туширилиб, душман нишонлари аниқлангач, Фордо ядровий объектининг бир қисми душман авиазарбаларига учради», – дея баёнот берган Қум вилояти фавқулодда вазиятлар штаби вакили. Исфахон вилояти губернатори ўринбосари Акбар Солиҳий эса Натанз ва Исфаҳонда «бир нечта портлаш овозлари эшитилгани, ядровий объектлар яқинида ҳужумлар бўлгани»ни тасдиқлаган.

Трамп Эрон ядровий объектларига берилган зарба Теҳронни музокараларга қайтишга мажбур қилишига умид қилмоқда, шунинг учун у ҳозирча янги ҳужумларни режалаштирмаяпти, деб ёзади CNN манбаларга таяниб. Телеканал манбаларига кўра, сўнгги бир неча кун ичида АҚШ президенти Эроннинг кучли мустаҳкамланган ядровий объектларини йўқ қилиш учун Америка қўшинларини қўллаш зарурлигига тобора кўпроқ ишонч ҳосил қилган. Унинг фикрича, дипломатия боши берк кўчага кириб қолгани аниқ бўлган бир пайтда президент шундай қарорга келди.

Фордо уранни бойитиш заводи 2000-йилларда Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси базасида қурилган. У Қум шаҳридан тахминан 20 километр шимоли-шарқда, тоғ ичида тахминан 90 метр чуқурликда жойлашган. 2025 йилда Эрон Фордо мажмуасининг муқобилини – Натанздаги ўнлаб метр чуқурликдаги тоғ ичидаги заводни қургани ва тез орада ишга туширишини маълум қилганди. Объектда центрифугалар ишлаб чиқарилади ва катта эҳтимол билан, уранни юқори даражагача бойитиш ишлари амалга оширилади. 13 июн куни бошланган Исроил зарбаларидан бир кун олдин ҳам Эрон Исфаҳонда яна бир центрифуга майдончасини очишини маълум қилганди.

Оқ уйдагилар 19 июн куни Трамп Қўшма Штатлар Эрон бўйлаб зарбалар беришга қўшилиш масаласида икки ҳафта ичида бир қарорга келишини маълум қилганди.

Мавзуга оид