Ўзбекистон | 09:03 / 21.06.2025
1329
3 дақиқада ўқилади

Кимга имтиёзли ижтимоий хизматлар учун ваучер берилади?

Вазирлар Маҳкамасининг "Фаол ҳаётга қадам" дастури доирасида ижтимоий хизматлардан имтиёзли шартларда фойдаланиш учун ваучер бериш ҳамда ижтимоий хизматларни кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги қарори қабул қилинди.

Низомга кўра "Инсон" ижтимоий хизматлар марказлари ижтимоий хизматлардан фойдаланиш истагида бўлган шахсларнинг эҳтиёжини баҳолайди ва қуйидаги 5 турдаги янги ижтимоий хизматларни кўрсатиш учун ваучер шакллантиради:

  • уй шароитида ижтимоий-маиший ёрдам кўрсатиш;
  • уй шароитида қараб туриш;
  • тиббий-ижтимоий реабилитация;
  • кундузги қатнов шаклида қараб туриш;
  • шахсий ёрдамчи.

"Инсон" маркази томонидан берилган ваучер бўйича ижтимоий хизматлардан фойдаланиш харажатлари хизмат кўрсатиш ҳажми (соати)дан келиб чиқиб ҳисобланадиган субсидия кўринишида қопланади.

Ижтимоий хизматлар "Инсон" марказлари билан бир қаторда якка тартибдаги тадбиркорлар, юридик шахслар ёки ўзини ўзи банд қилган шахслар томонидан ҳам кўрсатилиши мумкин.

Ваучер бериш ва унинг қийматини тўлаш, шунингдек ижтимоий хизмат кўрсатувчи шахслар билан шартномалар имзолаш "Ягона миллий ижтимоий ҳимоя" ахборот тизимидаги "Оила ҳамкори" платформаси орқали амалга оширилади.

Кўрсатилган ижтимоий хизматлар ва бу хизматлардан ҳақиқатда фойдаланган шахснинг биометрик маълумотлари хизмат кўрсатувчи томонидан хизмат кўрсатилган кунда "Ижтимоий ҳимоя" ахборот тизимига киритилади.

Ваучер қуйидагиларга берилади:

  • Камбағал оилалар реестри, Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар реестрига киритилган ёки "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизими орқали болалар нафақаси ва моддий ёрдам олувчи шахслар;
  • I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, кўриш бўйича дастлабки ногиронлик берилган шахслар, шунингдек ногиронлар аравачасидан биринчи марта фойдаланиш тайинланган шахслар.

Ижтимоий хизматлардан фойдаланиш истагида бўлган шахс ёки унинг вакили "Инсон" марказига ўзи келган ҳолда ёки ўзи яшайдиган ҳудудда фаолият юритувчи "Инсон" марказининг ижтимоий ходимига ёхуд Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки "Ижтимоий ҳимоя" АТ орқали мурожаат қилади.

Мавзуга оид